18.07.2013

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ЮКСАЛИШИ

партия электоратининг фаоллигини оширади, манфаатларини самарали ҳимоя қилади

Мамлакатимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш кишиларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий-иқтисодий фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотларида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув маш­ғулотлари мунтазам ташкил қилинмоқда. Машғулотлар янада қизиқарли ва жонли ўтиши учун малакали мутахассислар, экспертлар таклиф этилаяпти. Бу сиёсий ўқув семинарлар таъсирчанлиги ошишига хизмат қилаяпти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ихтисослаштирилган соматик шифохонасида ташкил этилган семинар «Фуқаролар ҳуқуқий билимларини оширишда ЎзХДП фаолияти самарадорлигини такомиллаштириш» мавзусига бағишланди. Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, электорат вакиллари, экспертлар, олимлар, тиббиёт муассасаси шифокорлари, ҳамширалари ва ходимлари, бу ердаги бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этди.

— Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда,— деди шифохона бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Йўлдошева. — Бу янгиланишлар халқ­аро андозалар даражасидаги тиббий хизмат тизимини барпо этиш, аҳоли соғлигини ишончли муҳофазалаш йўлида катта имкониятлар яратди. Бугунги кунда юртимизда тиббий хизматнинг ўзига хос миллий модели яратилди.

Шундай шароитларда меҳнат қилаётган шифокорлар, тиббиёт ходимларининг ҳу­қуқий билими, маданиятини юксалтириб бориш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир. Чунки ҳар бир шифокор, тиббиёт муассасаси ходими ҳар куни қанча бемор ва уларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлади. Нафақат касалликни даволаш, балки тиббиёт ҳуқуқи масалаларида ҳам суҳбатлашади. Бу борада партия­миз билан ҳамкорлик биз учун жуда муҳимдир.

— Мустақиллик, миллий ғурур барчамизга тақдир насиб этган буюк неъматдир, — деди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева. — Уни қадрига етиш ва кўз қорачиғидай асраш ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишда бизнинг партиямиз ўз позициясига эга. Аҳолиси билимли, интеллектуал салоҳияти юқори, шунинг билан бирга ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан фаол бўлган мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Партиямиз аҳолининг ҳу­қуқий маданиятини оширишда амалий жиҳатдан иштирок этиб келмоқда. Партия­миз кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари, ёшлар ҳуқуқий маслаҳатхоналари фаолияти айнан шу мақсадга қаратилган.

— Бугун мамлакатимизнинг қайси гўшасида бўлманг бетакрор янгиланишлар, беқиёс ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши Экспертлар гуруҳи аъзоси, фалсафа фанлари номзоди Тўра Норбоев. — Мустақиллик нақадар буюк неъмат, ота боболаримиз асрлар оша орзиқиб кутган улуғ ва табаррук қадрият эканига иймон келтирамиз, шукроналар айтамиз. Юртимизда амалга татбиқ этилаётган қонун устуворлиги тамойили фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, ташаббускорлик ва тадбиркорлик хусусиятларини жонлантиришда муҳим ўрин эгаллади. Буларнинг барчаси бугунги Ўзбекистон бундан йигирма икки йил илгариги Ўзбекистон эмаслиги, унинг халқи, иқтисодиёти, сиёсий ҳуқуқий муносабатлари, ижтимоий ҳаёти, маданияти, мафкураси, маънавияти 90-йиллардан кескин фарқ қилишини англатади. Ҳозирда партия­мизнинг энг долзарб вазифаларидан бири — бу фуқароларимизнинг сиёсий-ҳу­қуқий билимини ошириб боришдан иборатдир. Кўп ҳолларда фуқароларимиз ўз ҳуқуқларини билмаганликлари сабабли давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан, ажратилаётган моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий нафақаларни олишда қийинчиликларга учраётганликларини кўриш мумкин.

Шунингдек, семинарда сўзга чиққанлар фуқаролар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бунда партия ташкилотлари иштирокининг турли йўналишлари ҳақида сўз юритишди. Ўқув интерфаол усулда, жонли баҳс-мунозарага бой ва қизиқарли тарзда ўтди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.