Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.07.2013

БУНЁДКОРЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ХИЗМАТИДА

Маълумки, «Қишлоқ қурилиш банк» бундан тўрт йил олдин ­Юртбошимиз ташаббуси билан «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури доирасида ташкил этилган эди. Ўтган қисқа давр давомида у давлатимиз раҳбарининг бир қатор Фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларда белгиланган вазифаларни ижро этишга устувор аҳамият қаратиб, муайян ютуқларга эришди. Банкнинг кўрсаткичлари бунга ёрқин мисолдир.

Капиталлашув даражаси

Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, банк ўз фаолиятини бошлаганда, унинг олдига бир қатор вазифалар, шу жумладан, тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда аҳоли учун уй-жойлар қурилишини молиялаштиришни ташкил этишга оид устувор вазифалар қўйилган эди.

«Қишлоқ қурилиш банк» ушбу эзгу юмушни самарали бажариш учун мустаҳкам ресурс базаси, биринчи галда, капитал ҳажмини ошириш масаласига асосий эътиборни қаратди.

Эътиборлиси, мазкур йўналишда олиб борилган оқилона саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича банкнинг умумий капитали ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,3 млрд. сўм ёки 46,9 фоизга ортиб, 317,0 млрд. сўмни ташкил этди. Мазкур миқдор эса банк капиталига нисбатан қўйилган халқаро ва миллий меъёрларга нисбатан юқори эканлиги қувонарлидир.

Ресурс базаси мустаҳкамланди

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ­ноябрдаги «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, банк томонидан ресурс базаси ва активларни ошириш борасида белгиланган режалар ҳисобот даврида ҳам изчил амалга оширилди. Самарадорлик эшикларини кенг очишда эса банк­нинг ресурс базасини мустаҳкамлаш бўйича қатъий депозит сиёсати юритилгани катта аҳамият касб этди.

Жумладан, 6 ой якунига келиб, банкнинг умумий депозитлари ҳажми 1 702,4 млрд. сўмни ташкил этгани ҳолда унинг таркибида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг депозитлари қолдиғи 445,9 млрд. сўмдан орт­ди. Шунингдек, банкнинг юридик шахслар учун мўлжалланган муомала муддати 36 ой бўлган 30 млрд. сўмлик депозит сертификатлари муомалага чиқарилган бўлиб, улар бугунги кунда мижозлар орасида жойлаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2012 йил 11 январдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида кўп траншли молиялаштириш Дастури бўйича амалга ошириладиган устувор чоралар тўғрисида»ги қарори талабларини бажариш ҳам банкнинг диққат марказида бўлди. Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини молиялаштириш» лойи­ҳаси кредит линияси доирасида 179,6 млн. АҚШ доллари ёки 342,4 млрд. сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилди.

Банк активлари барқарор ўсди

Бунда унинг мамлакатимиз молиявий хизматлари бозорида универсал банк сифатидаги фаолияти кенгайгани, ўз мижозларига самарали ва намунали хизмат кўрсатиш, банк хизматлари сифатини замон талаблари даражасига кўтариш юзасидан изчил фаолият олиб боргани муҳим омил бўлди.

Бугунги кунда банкнинг 42 та филиали ва 236 дан ортиқ хизмат кўрсатиш шохобчалари орқали юридик ва жисмоний шахсларга кенг кўламли молиявий хизматлар кўрсатиб келинаётир.

2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига келиб, банкнинг соф активлари ҳажми 2 100,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 70,9 фоизга ўсганининг боиси ҳам шунда.

Кредитлаш амалиёти янада кенгайди

Банкнинг капиталлашув даражаси ва депозитлар ҳажмининг ўсиши актив операциялар ҳажмини ошириш, хусусан, кредитлаш имкониятларини самарали кенгайтиришга мустаҳкам замин яратаяпти.

Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида ҳам молия муассасаси асосий даромад манбаи ҳисобланган банк активлари ҳажми, таркиби ва даромадлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, бунда йирик корпоратив мижозлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ўз натижасини берди. Банкнинг кредит қўйилмалари йил бошига нисбатан 122,8 фоиз ёки 324,1 млрд. сўмга ошиб, жорий йил 1 июль ҳолатига кўра,
1 742,2 млрд. сўмни ташкил этди.

Жами кредит қўйилмаларининг 123,7 млрд. сўми ёки 7,1 фоизи саноат, 103,5 млрд. сўми ёки 5,9 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 73,5 млрд. сўми ёки 4,2 фоизи қурилиш ва транспорт, 56,7 млрд. сўми ёки 3,9 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоқларига йўналтирилган бўлса, 1 285,0 млрд. сўми имтиёзли ипотека кредитлари ва 99,0 млрд. сўми иқтисодиётнинг бошқа турли соҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ажратилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида банк томонидан иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкнинг инвестицион жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш борасида муайян ишлар олиб борилди. Жорий йил бошидан бери жами ажратилган кредитлар миқдори 570,9 млрд. сўмни ташкил этди.

Мижозларга тақдим этилган кредитларнинг муддати ҳам жозибадор бўлди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, жами кредит қўйилмаларининг 94,0 фоизи ёки 1 638,5 млрд. сўми узоқ муддатли ҳамда 103,7 млрд. сўми ёки 6,0 фоизи қисқа муддатли кредитлар эканлиги бунинг тасдиғидир.

Давлат дастурлари ижроси доимий эътиборда

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, жумладан, соҳадаги субъектлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, сифатли банк хизматларини таклиф этиш борасида банк томонидан муайян тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. Хусусан, «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан ёш авлоднинг бизнес ғояларини рағбатлантириш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари, оиласи бюджетига ҳисса қўшишларига яқиндан кўмак берилаяпти. «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, республика Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази тижорат банклари билан биргаликда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўртасида «Менинг бизнес ғоям» танловини ташкил қилиш тўғрисида келишув имзолангани бунинг яққол далилидир.

Ушбу танловнинг 22 нафар ғолиби ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи жами 205,1 млн. сўмга тенг бўлган сертификатларини қўлга киритдилар. Бу ҳам бўлса, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан яна бир карра далолат беради, албатта.

2013 йил давомида кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб‑қувватлаш мақсадида банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51,3 млрд. сўмга ортиб, 2013 йил 1 июль ҳолатига 183,9 млрд. сўмни ташкил этди.

Банк томонидан барча манбалар ҳисо­бидан ажратилган кредитлар ҳисобига эса 5 584 та иш ўрни яратилиб, аҳолининг ижтимоий банд­лиги янада мустаҳкамланди. Айни чоғда, банк филиаллари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги даврида аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини ташкил этишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ажратилган микрокредитлар миқдори 53,4 млрд. сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар зиёддир.

Юртбошимизнинг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Сабаби, республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини мамлакатда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, қишлоқ жойларда замонавий, юқори унумли техника ва технология билан жиҳозланган қайта ишловчи ихчам корхоналарни барпо этиш, шу асосда янги иш жойлари ташкил қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида банк томонидан қарийб 34,4 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди.

Президентимизнинг 2009 йил 28 январдаги «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан эса, банк томонидан рақобатбардош, юқори сифатли ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришни рағбатлантириш, ички истеъмол бозорини улар билан бойитиш, тайёр но­озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи янги, маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун 2013 йилнинг ўтган даврида ажратилган кредитлар ҳажми 47,9 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига нисбатан 17,5 млрд сўмга ортди.

Ёш оилаларга ғамхўрликни кучайтириш, уларни қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 15,3 млрд. сўм миқдорида ипотека кредитлари берилди.

Ўсиб келаётган навқирон авлодни маънавий етук ва ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишиши, билим олиш имкониятларини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида олий ўқув юрт­ларига контракт тўлови асосида қабул қилинган ёшларга 1,4 млрд. сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятларини ташкил этиш, уларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 4,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар тақдим этилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шу жумладан, мебель, мураккаб маиший техника ва бошқа буюмларни харид қилиш мақсадида 11,1 млрд. сўм миқдорида истеъмол кредитлари йўналтирилгани аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашга хизмат қилган бўлса, оилавий тадбиркорлик, шу жумладан, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлашга банкнинг 25,4 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилгани хонадонлар фаровонлигини юксалтиришда салмоқли роль ўйнади.

Қишлоқ жойларида бунёдкорлик ишлари

Маълумки, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида 2009 йилдан буён намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш бошланган эди. Бугунги кунда ушбу жараён ҳажм ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. «Қишлоқ қурилиш банк» бу борада фаол иштирок этиб келаётгани эътиборлидир. Хусусан, 2009 — 2012 йиллар давомида 23 500 дан ортиқ уй-жой қурилиши учун аҳолининг 779,3 млрд. сўмдан зиёд маблағлари ҳамда банкнинг марказлаштирилган маблағлари ҳисобидан қарийб 1 182,8 млрд. сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди.

Юртбошимизнинг 2012 йил 11 январдаги «Қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида кўп траншли молиялаштириш Дастури бўйича амалга ошириладиган устувор чоралар тўғрисида»ги қарори билан «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини молия­лаштириш режаси, шунингдек, 2012-2015 йилларда «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқлангани катта аҳамият касб этди.

Боиси, мазкур дастур бўйича Осиё тараққиёт банки кредит линияси ҳисобидан 179,6 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ қишлоқ жойларда намунавий уй-жой қурилиши учун йўналтирилди.

Айни пайтда, Президентимизнинг 2013 йил 4 январдаги «2013 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига кўра, бу йил намунавий ло­йиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар, ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш Дастури маъқулланган. Унга мувофиқ, 2013 йилда республикамиз ҳудудларидаги 352 та массивда 10 мингта уй-жой қурилиши учун 997,1 гектар ер майдони ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 майдаги «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши дастурини самарали амалга оширишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 116-сонли қарорига мувофиқ, намунавий лойиҳалар асосида 2013 йилда қурилиши молиялаштириладиган уй-жойларнинг сони Дастурда иштирок этувчи тижорат банклари ўртасида тақсимланган бўлиб, унга кў­­­ра, ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан
8 182 таси, ТИФ Миллий банк томонидан
1 198 та ва АТИБ «Ипотека банк» томонидан 620 та уй-жойлар қурилишини молиялаштириш кўзда тутилган.

Жорий йилда «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан молиялаштириладиган 8 182 та уй-жойнинг умумий қиймати 1 132,7 млрд. сўмга тенг бўлиб, шундан 651,2 млрд. сўми «Қишлоқ қурилиш банк»нинг имтиёзли ипотека кредитларини ва 481,5 млрд. сўми аҳолининг маблағларини ташкил этади.

Ҳамкорлик алоқалари ва ташқи иқтисодий фаолият

Банк хорижий ва республикамизнинг етакчи молиявий институтлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани мижозларга халқаро ҳисоб-китоблар борасида кенг кўламли хизматларни таклиф қилиш, уларга чет эллик шериклар билан янада қулай шартларда муносабатлар ўрнатишда айни муддао бўлаётир.

Айтайлик, 2012 йил 3 апрелда «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси» ўртасида имзоланган қўшимча келишувга асосан, жами 11,0 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилиб, бугунги кунда тўлиқ ўзлаштирилди. Халқаро Тараққиёт ассоциацияси билан имзоланган келишув доирасида эса жами 4,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирга қадар унинг 4,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қисми ўзлаштирилди.

2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жами 1 418 063,0 минг АҚШ доллари қийматида 80 та экспорт шартно­ма­лари рўйхатга олинди. Экспорт қилувчи мижозлари ҳисоби­га жами 18 442,98 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушумига эришилган бўлиб, шундан жами 77,2 минг АҚШ доллари миқдоридаги қисми белгиланган тартибда 50 фоиз мажбурий сотув сифатида сотилди.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида «Қишлоқ қурилиш банк» тизимида жами 153 233,4 минг АҚШ доллари қийма­тида жами 371 та импорт шартномалари рўйхатга олинган бўлиб, шундан ҳисобот даврида жами 28 527,4 минг АҚШ доллари миқдорида тўловлар амалга оширилди. Бунда чет эл молиявий институтлари томонидан ажратилган кредит линиялари ҳисобидан жами 5 900,8 минг АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳалари молиялаштирилган.

Жорий йил ўтган даври давомида ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» тизимидаги пул ўтказиш тизимлари орқали 26 865,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги жўнатмалар жисмоний шахслар номига келиб тушган бўлса, 2 091,8 минг АҚШ долларига тенг миқдоридаги ўтказмалар мижозларнинг топшириқлари бўйича турли мамлакатларга ўтказиб берилди.

Ҳисобот даврида, мижоз­ларнинг топши­риқ­­ларига кўра, ташқи савдо шартно­ма­­­лари бўйича жами 7 866,9 минг АҚШ доллари ва 26,0 минг Евро қийматида 25 та аккредитив очилди. Ушбу аккредитивларнинг жами 5 447,5 минг АҚШ долла­ри­га тенг қисми бўйича ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» ижро этувчи банк сифа­тида қатнашган бўлиб, аккредитивларнинг умумий ҳажмига нисбатан салмоғи 69,67 фоизни ташкил қилди. Бу ўз навбатида, хорижий ҳамкорларнинг банкка нисбатан ишончи ортишига ва хизматлар учун банкнинг комиссион даромадлари ҳажмининг ўсишига олиб келди.

Очилган аккредитив­лар бўйича ҳисобот даврида жами 5 065,6 минг АҚШ доллари ва 26,0 минг Евро миқдорида тўловлар амалга оширилди, шунингдек, Commerzbank AG, Германия томонидан 2 123,6 минг АҚШ доллари миқдорида аккредитивларни молиялаштириш амалга оширилди.

Чакана банк хизматлари бозорида

«Қишлоқ қурилиш банк» республикамиз аҳолисига кўрсатилаётган чакана хизматлар ҳажмини режа асосида амалга ошира бориб, йилдан-йилга жалб қилинган омонатлар салмоғини орттирмоқда. Банк томонидан депозитларнинг сифат таркибини яхшилаш, жалб қилинган маблағлар таркибида муддатли, жумладан, узоқ муддатли депозитлар улушини кўпайтириш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини ошириш мақсадида 2012 йилда аҳолига янада қулай ҳамда икки томонлама манфаатли 30 дан ортиқ янги омонат турлари таклиф этилди. Пировардида, 2013 йил 1 июль ҳолатига кўра, аҳолининг банкдаги омонатлари қолдиғи 80,1 млрд. сўмни ташкил этди.

Шу ўринда, бугунги кунда ўзининг тобора оммалашиб бораётганлиги ҳамда қулай имкониятларини намоён қилаётган нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг жисмоний шахс­лар иштирокида электрон тарзда амалга ошириладиган пластик карточкаларга асосланган тўлов тизими муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Нақд пул маблағларининг банкдан таш­қари айланмасини қисқартириш ҳамда аҳоли иштирокидаги нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасида ҳам банк томонидан изчил фаолият юритилди. Хусусан, муомаладаги банк пластик карточкаларининг умумий сони 2013 йил 1 июль ҳолатига 268 594 тага етказилди.

Банк томонидан пластик карточкалар ор­қали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида эса «Smart-Vista» карточкаларидан фойдаланувчиларга «SMS-Banking» хизмат тури жорий қилинди. Бунда пластик карточкаларга маблағ келиб тушганда ва улар ор­қали тўлов ўтказилганда, шу заҳотиёқ мижоз уяли телефонига SMS-хабар юборилади.

Ахборот-коммуникация технологияларига асосланган «SMS-банкинг», «Интернет-банкинг», «Банк-мижоз» каби банк хизмат турлари доираси ҳам тобора кенгайиб бормоқда. 2013 йил биринчи ярим йиллиги якунига кўра, SMS-банкинг жорий қилинган мижозлар сони 9322, «Интернет-­банкинг» ва «Банк-мижоз» тизимлари жорий қилинган мижозлар сони 1288  нафарга етди.

2013 йил 1 июль ҳолатига банк пластик карточкалари ҳисоб рақамларига 34,7 млрд. сўмлик маблағлар ўтказилди. Банк хизмати, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектларида ўрнатилган терминаллар сони 6220 тани ташкил этиб, жорий йилда ушбу терминаллар орқали 317,1 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилди. Шунинг­дек, ўтган даврда банк томонидан қўшимча 50 000 дона пластик карточкалар муомалага чиқарилиб, банк филиалларига 1000 дона терминал етказиб берилди.

Мухтасар айтганда...

Молия муассасасининг иқтисодий салоҳияти юксалиб, сифатли хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайиб бораётгани мижозларнинг унга бўлган ишончини тобора ошираётир. Шу маънода, банк фаолиятининг ҳар йилги натижалари ташқи аудиторлик компаниялари томонидан ўрганилиб, уларнинг халқаро стандартларга мослиги эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Банкнинг молия хизматлари бозорида тутган мавқеи ва фаолиятида қўлга киритилаётган ижобий натижалар инобатга олиниб, «Moody`s Investors Service» халқаро рейтинг компанияси томонидан ушбу молия муассасасига аввалги берилган халқаро рейтинг баҳоси ўтган йилнинг декабрь ойида «Позитив» прогнози билан, шунингдек, «Ahbor-reyting» рейтинг агентлиги томонидан банк фаолиятига миллий рейтинг шкаласи бўйича берилган UzA+ кредит рейтинги баҳоси 2013 йилнинг июнь ойида барча рейтинг­лар бўйича «Барқарор» прог­нози билан қайта тасдиқлангани ҳам шундай дейишимизга асос бўла олади.

Дарҳақиқат, банкнинг янада равнақ топиши, мижозларга хизмат кўрсатиш миқ­ёсининг ортиши, ўз навбатида, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли турмуш фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Банк матбуот хизмати.


DB query error.
Please try later.