Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
18.07.2013

ЎЗБЕКИСТОН ТАЛАБА-СПОРТЧИЛАРИ

Қозон шаҳрида ўтказилган XXVII Бутунжаҳон универсиадасида иккита олтин, еттита кумуш ва ўнта бронза медалига сазовор бўлдилар

Кеча Қозон (Россия)да XXVII Бутунжаҳон универсиадаси баҳслари ниҳоясига етди. Икки ҳафта давом этган мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 162 давлатидан келган ўн уч минг нафардан зиёд қатнашчи спортнинг йигирма етти тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб борди.

Универсиаданинг охирги кунларида ҳамюртларимиз самбо, юнон-рум кураши, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика турлари бўйича баҳсларда қатнашди. Улардан фақат каноэчиларимиз кучлилар қаторидан жой олишга муваффақ бўлдилар. Жумладан, мусобақанинг 500 метр масофага каноэда эшкак эшиш баҳсларида Мираджон Азметов, Элдор Қаюмов, Мирзиёджон Ҳожиев ҳамда Дилшод Йўлдошев «квартети» маррага учинчи бўлиб етиб келди ва Ўзбекистон спорт делегацияси жамғармасига ўнинчи бронза медалини тақдим қилди.

— Бутунжаҳон универсиадасида илк маротаба мамлакатимиз вакиллари ўнта спорт тури бўйича ўз омадларини синаб кўрди, — дейди Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти Фарҳод Турдиев. — Унда рингга чиққан тўққиз боксчимиздан саккиз нафарининг шоҳсупага кўтарилганлиги алоҳида эътирофга сазовордир. Бу юртимизда боксни янада ривожлантириш, истеъдодли ёшларни кашф этиш йўлида ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини кўрсатиб турибди. Шунингдек, оғир атлетика баҳсларида қатнашган тўрт спортчимиздан уч нафарининг кучлилар қаторида эътироф этилганлиги ҳам барчамизни хурсанд қилди.

Мухлислар дзюдо ва самбо беллашувларида вакилларимиздан кўпроқ медаллар кутишганди. Афсуски, натижалар қувонарли бўлмади. Кейинги йилларда самбо бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатларида медаллар учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб келаётган ҳамюртларимиз универсиадада атиги битта бронза медали билан кифояланди, холос.

— Дзюдо мусобақаларида саккиз нафар полвонимиз татамига чиқди, — дейди дзюдо бўйича мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Андрей Штурбабин. — Улардан фақат Яҳё Имомов (81 кг) кумуш, Сойиб Қурбонов (100 кг) бронза медаллари билан тақдирланди. Бунгача 60 кг вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон олимпиадалари бронза медали совриндори Ришод Собиров илк маротаба 66 кг вазн тоифасида ўз омадини синаб кўрди. Мутахассис ва мухлислар ундан яна медаль кутишганди. Аммо учинчи ўрин учун кечган беллашувда номдор дзюдочимиздан бироз омад юз ўгирди. Етакчи спортчиларимиз Мирали Шарипов, Шерали Жўраев, Дилшод Чориевлар  кучли саккизликдан жой олишди.

Олдинда Бразилияда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари лицензиялари учун очко берувчи йирик мусобақалар кутиб турибди. XXVII Бутунжаҳон универсиадаси мутахассисларимиз ва дзюдочиларимиз учун ана шу муҳим баҳслар олдидан ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади. Биз ҳали жамоамиз аъзолари билан биргаликда йўл қўйилган хато-камчиликларни жиддий ўрганиб, таҳлил қиламиз. Ишонаманки, келгуси мусобақаларда, албатта, мухлисларимиз ишончини оқлаб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз.

Мамлакатимиз талаба-спортчилари умумжамоа ҳисобида 162 давлат вакиллари орасида ўн учинчи поғонани банд этди. МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари ўртасида эса вакилларимиз бешинчи ўринни эгаллади. Агар ҳамюртларимизнинг универсиада дастуридан жой олган 27 спорт туридан фақат ўнтаси бўйича медаллар учун курашганлигини ҳисобга олсак, эришилган кўрсаткичлар ижобий эканлигига иқрор бўламиз.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.