16.07.2013

АҚШ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Мамлакатимизга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Жейн Зиммерман раҳбарлигидаги делегация аъзолари 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидова билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги алоқалар кўплаб йўналишларда, жумладан, фуқаролик жамияти инс­титутларини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда Президент ­Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бе­раё­тир. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш учун барча ташкилийуқуқий асослар яратилган. Ўзбекистонда Омбудсман инс­титути ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш устидан парламент назоратини олиб боришда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили муҳим аҳамият касб этмоқда.

Музокарада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили кўплаб хорижий давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорликни йўлга қўйгани, бу Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнидан жаҳон жамоатчилигини кенг хабардор қилишга, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро инс­титутлар билан алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик АҚШнинг халқаро алоқаларида муҳим ўрин тутади, — деди Жейн Зиммерман. — Ўзбекистон билан мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигимиз изчил тараққий этаётгани бизни ғоят қувонтиради. Ўзбекистонда ушбу соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга ошири­лаётир.

Учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар, Омбудсман фаолияти, унинг прокуратура, ички ишлар идоралари ва суд органлари билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлиги юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Томонлар мазкур йўналишдаги алоқаларни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, истиқболда бу борадаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар.

АҚШ делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ҳам музокара ўтказди.

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.