16.07.2013

ЭЛЕКТОРАТ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

хотиржам бўлишга, ижтимоий-иқтисодий масалаларда сукут сақлашга йўл қўймаслиги керак

Сайловчи сиёсий партияга ишонч билдирди, уни қўллаб-қувватлади, депутатликка номзодларига овоз берди... Бу билан сиёсий партия жамиятда ўз ўрнига эга бўлди, депутатлик корпусини шакллантирди. Бундан мақсад фақат кўп овоз йиғиш, депутатлар сонини ошириш эмас, балки сайловчига берилган ваъдани бажариш, сайловолди дастурини амалга ошириш учун курашни вакиллик ҳокимиятида давом эттиришдир.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Бухоро вилоятида маҳаллий партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари иштирокидаги амалий семинарда фаоллар эътиборини дастлаб ана шу муҳим масалага қаратди.

Семинарда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиб бориш, юзага келаётган масалаларни чуқур ўрганиш, айни пайтда, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар билан чиқиш зарурлиги таъкидланди. Электорат манфаатини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг бугунги иштироки таҳлил этилиб, уларнинг фао­лия­тини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Партиямиз қанчалик самарали фаолият юритаётгани аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳаёт даражасини юксалтиришга, ҳудудларда ижтимоий ислоҳотлар самарасини оширишга қай даражада таъсир кўрсатаётгани билан ўлчанади, — деди партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. —  Масалан, Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси партиянинг барча тузилмалари диққат марказида бўлиши керак. Маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари бу борада фақат депутатлик ва жамоачилик назоратини ўрнатиш билангина чекланмаслиги керак. Улар партия электорати учун қўшимча янги иш жойларини ташкил этиш бўйича амалий чоралар кўриши, янги ташаббуслар билан чиқиши, янада қатъият кўрсатиши талаб этилади. 

Семинарда ижтимоий ёрдамга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан депутатлик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар ечими бўйича зиммамизда турган вазифалар юзасидан фикр­лашиб олинди. Ҳар бир депутатга ўз сайлов округи бўйича аниқ вазифалар берилди. 

— Ўтган йили партиямиз ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ муайян ишлар олиб борилди, — деди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Саида Жўраева. —  Туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари сессиялар муҳокамасига электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган қатор масалаларни киритди. Натижада иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари атрофлича таҳлил этилиб, мавжуд камчиликларни ҳар томонлама бартараф қилишга қаратилган қа­рорлар қабул қилинди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 3 та масала сессия муҳокамасига, 2 та масала доимий комиссиялар йиғилишлари кун тартибига киритилди.

Шунингдек, семинар қатнашчилари партия тизимида фаолият кўрсатаётган кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратишди. Таъкидландики, партия ташкилотларини салоҳиятли, ташаббускор кадрлар билан тўлдириш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир. Сабаби, депутатлар ташаббускорлигини ошириш, уларни турли масалаларни кўтариб чиқишга ундаш, зарур услубий материаллар билан таъминлаш партия кенгашлари зиммасида. Кадрлар қанча салоҳиятли бўлса, партия кенгашларининг ҳам, депутатлик гуруҳларининг фаолияти ҳам шунга яраша самарали бўлади.

— Салоҳиятли кадрлар мақсад ва интилишларимизга эришишнинг муҳим омили, — дейди ­Бухоро вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Баҳриддин Муҳиддинов. — Партия ташкилотларида фаолият юритаётган кадрлар ташаббускор бўлса, ижтимоий-сиёсий жа­раён­ларда фаол иштирок этса, партиямизнинг Сайловолди дас­турида белгиланган вазифаларни амалга ошириш шунча тезлашади. Шунинг учун бошланғич ташкилотлар етакчилари, улар атрофида бирлашган аъзоларимиз билан кўпроқ ишлаш, улар иштирокида ўтказиладиган сиёсий ўқувлар таъсирчанлигини ошириш лозим. Жамоатчилик ишларида ўзини кўрсатаётган хайрихоҳлар орасидан иқтидорли ёшларни танлаб, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш зарур. Сафимизни сиёсий-ҳуқуқий билими юксак, салоҳиятли кадрлар билан кўпайтирсак, фаолиятимиз самараси ошади.

Шунингдек, семинарда айрим туман Кенгашларида депутатларимизнинг иши қониқарли даражада эмаслиги, жойларда партия тизимида учраётган камчиликлар юзасидан танқидий мулоҳазалар ўртага ташланди. Муаммоларни бартараф этиш, депутатлар фаоллигини ошириш, партия ташкилотларининг ишини кучайтириш билан боғлиқ тавсиялар берилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.