Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.07.2013

ПАРТИЯЛАРАРО РАҚОБАТ

давлат ва жамият тараққиёти юксалишининг муҳим омили

Ҳар қандай давлатда вакиллик демократия­си шаклланишини сиёсий партияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнида сиёсий партияларнинг ролини оширишга катта аҳамият бериб келинмоқда. Улар фаолиятининг қонуний асослари мустаҳкамлаб борилаяпти, ваколатлари кенгаяяпти. Натижада сиёсий партияларнинг ислоҳотлар ижтимоий самарасини янада оширишда масъулияти кучаймоқда. Ҳозирда хорижий мамлакатлар олимлари, халқаро экспертлар Ўзбекистонда парламент фаолиятини такомиллаштириш ўзига хос янги босқичга кўтарилганини эътироф этмоқда.

2002 йил 4 апрелдаги «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий қонун асосида профессионал тарзда фаолият юритувчи Қонунчилик палатаси ва ҳудудлар манфаатларини ифодаловчи Сенатдан таркиб топган икки палатали парламент ташкил этилди. Шу орқали демократик ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишда сифатли қонунлар қабул қилиш имконияти кенгайди, қонун ижодкорлиги ва уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича барқарор механизм шаклланди.

Парламент ҳокимиятининг амалий ролини кучайтиришда кўппартиявийлик тизимининг ривожланишига, сиёсий партиялар фаоллигининг кескин ошишига, улар ўртасида рақобат асосидаги кураш кучайишига шароит яратиб бериш муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир сиёсий партия ўз электорати манфаатига мос равишда ижтимоий-сиё­сий, иқтисодий, маънавий соҳада дастурлар ишлаб чиқиб, парламентдаги фракциялари орқали қонунчиликда акс эттиришга, халқ ишончини қозониб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаб боришга интилади. Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига назар солсак, ўз дастурий ғоялари билан халққа манзур бўлган сиёсий партия­нинг илгари сурган ғоя ва мақсадлари давлат сиёсатини амалга оширишда устуворлик қилишини кузатиш мумкин. Айнан шунинг учун ҳам ижтимоий ҳаётда партиялараро баҳс, парламентда фракциялараро рақобат вужудга келади. Бу – давлат ва жамият ривожини ҳаракатга келтирувчи муҳим омил ҳисобланади. Сиё­сий партиялар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг ижтимоий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданияти ўсиб боришига эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Конститу­цияси ҳамда қонунларимизда мамлакатимизда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланиши белгилаб қўйилган, сиёсий партияларнинг кенг кўламда ижтимоий-сиёсий фаолият юритиши кафолатланган. Энг муҳими, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари ўртасидаги ўзаро мутаносиблик ҳамда манфаатлар мувозанатини таъминлашда сиёсий партиялар иштирокининг қонуний асослари мустаҳкамланди.

Хусусан, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиё­сий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун орқали сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги нуфузи янги босқичга кўтарилди.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда фракциялараро рақобат институти ҳуқуқий тартибга солинган. Яъни, парламентдаги кўпчилик, мухолифат тушунчалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 251-моддасида Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши белгиланган. Шунингдек, ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда, блок тузадиган бир нечта фракциялар ва Ўзбекис­тон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин. Бундан ташқари, янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини «мухолифат» деб эълон қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Айни пайтда мухолифатнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланди. Хусусан, у Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиши, муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиши, Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирокини таъминлаши мумкин.

Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик исло­ҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси асосида Конституциямизнинг 98-моддасига киритилган ўзгартиш, яъни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиё­сий партия томонидан таклиф этилишининг белгиланиши мамлакатда сиё­сий партияларнинг олий давлат ҳокимият вакиллик органидаги мақомини, ижро ҳокимиятини шакллантиришга таъсирини оширади. Бу сиёсий партияларнинг дастурлари ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида, ҳам ижро тизимида ўз аксини топишига мустаҳкам замин тайёрлади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун партиялараро, хусусан, фракциялараро рақобатнинг ҳуқуқий механизмларини янада ривожлантирди. Унга кўра, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишнинг барча босқичларида сиёсий партия­лар фракциялари иштирокининг процессуал механизми мустаҳкамланди. Эндиликда қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмита фракцияларнинг қонун лойиҳасига доир фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойи­ҳасига доир фикрлари ва таклифлари инобатга олинади, шунингдек, Қонунчилик палатаси мажлисларида лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида маърузачи барча ўқишларда фракцияларнинг фикр­лари ва таклифларини депутатларга етказади. Мазкур меъёрларнинг белгиланиши қонун ижодкорлиги жараёнида фракциялар ўртасида рақобат муҳитининг амалда кучайишига хизмат қилади.

Партиялар ўртасидаги сайловолди кураши парламентнинг кундалик фаолиятида ҳам давом этиши, ғоя ва дастурлар беллашувининг доимий тус олиши партиялар ўз олдига қўйган мақсад-муддаоларига эришишини таминлашга хизмат қилади. Шунинг билан бирга сиёсий партиялар мамлакатда амалга оширилаётган, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар жараёнининг талаблари билан узвий боғлиқ бўлган, узоқ истиқболга мўлжалланган ўз дастурига эга бўлиши, айни пайтда, уни замон билан ҳамнафас такомиллаштириб бориши талаб этилади.

Шунингдек, дастурий мақсад ва вазифалари доирасида қонунлар ижроси самарадорлигини кузатиш, ўз электорати муаммоларини, ҳуқуқий тартибга солиниши лозим бўлган ижтимоий муносабатларнинг доирасини ўрганиб бориш асосида сиёсий партиянинг тизимлашган ғоялар базасини тўлдириб бориши ҳаётий аҳамиятга эгадир. Бунда, албатта, электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усуллари, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш, партиялараро баҳс-мунозараларни оммавий ахборот воситалари орқали ҳам фаол олиб бориш муҳим ўрин тутади.

Мухтасар айтганда, парламент ислоҳотлари ҳар қайси партия ўз олдига қўйган мақсад-муддаоларига ғоя ва дас­турлар кураши орқали эришишига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Президентимиз таъкидлаганидек, сиёсий партиялар фракциялари ўртасидаги рақобат қанча кескин ва кучли бўлса, жамиятимизнинг муайян сиёсий кучлари ва ижтимоий қатламлари манфаатларини ўзида ифода этадиган ғоялар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилишининг кафолати ҳам шунча мустаҳкам бўлади. Бу эса қонунларнинг сифатини оширишга, инсон, жамият ва давлат манфаатларини самарали ифодалашда парламент роли ҳамда таъсирининг кучайишига хизмат қилади.

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.