16.07.2013

ҚАДИМДАН БУГУНГА ҚАДАР...

ёхуд Ўзбекистон Қаҳрамони, қадимшунос олим Ғайратдин Хўжаниёзов портретига чизгилар

Вақтнинг нисбийлиги барчага маълум. Демак, биз яшаётган давр нафаси тарихнинг ғилдирагини айлантириб турибди. Мингйилликлар мобайнида айланаётган ғилдираклар олдида бизнинг 22 йиллик мустақиллигимиз чақалоқнинг чилласи янглиғ эмасми? Лекин чақалоқ соғлом, чаққон ва бақувват чиқиб, туғилиши билан югуриб-елиб кетганга ўхшайди.

Инсоннинг дунёга келишидан мақсади нима эди? У бу дунёга қандай янгилик олиб келди? Ё дунё­га келганимга шукур, қорин тўйса қурбон ҳайит, куним ўтаяпти-ку, дея ҳаёт кечирадими? Фақат ўзини ўйлайдиган, ҳузур-ҳаловат гумашталари тўғрисида «келди-ю, кетди» деган ибора бор. Тарих уларни эслаб қола олмайди. Тарих ўзини бунёд этган инсонни қадрлайди. Айтишади-ку, тарихни шахс яратади. Бугун қаламнинг тебранишига туртки бўлаётган қаҳрамоним Ғайрат (тўлиқ исми — Ғайратдин) том маънода тарих яратаётган инсон. У археолог, қадимшунос.

Ғайрат Қорақалпоғистон Республикаси шимолидаги Қора­ўзак туманида туғилган йили, яъни 1948 йили Москвада таниқли тарихчи Сергей Толстовнинг жаҳоншумул аҳамият касб этган «Қадимги Хоразм» китоби чоп этилганди. Лекин Қораўзакнинг тупроқли кўчасини ялангоёқ чангитиб юрган ёш боланинг ўтмишни қидиришига, тарихга қизиқишига айни ушбу китоб сабаб бўлгани йўқ. Уни тарихни ўрганишга қизиқтирган нарса отаси Хўжаниёзнинг акаси, эскича саводхон Уббиниёз отанинг айтган «Шажара»лари эди. Қорақалпоқ шажарага бой халқ: ҳар бир улус, ҳар бир уруғ, ҳатто ҳар бир оила ўз шажарасига эга. Халқнинг шажарасини эса буюк мутафаккир шоир Бердақ достон ҳолида битган.

Шажара Ғайратни мактабдан Нукус педагогика олийгоҳининг тарих факультетига олиб келди.

Инсоннинг келиб чиқиши тўғрисидаги дарвинизм таълимотига асосланган даврда тарихнинг ҳеч қайси калавасини топиб бўлмасди: ҳар қандай ечими мумкин бўлмаган саволга «инсон маймундан пайдо бўлган, энг катта боболарингизни ҳайвонот боғида кўришингиз мумкин» дегандек жавоб олинарди. Худди шу маънода, ўша пайтлари талабалар ўзларининг ота-боболарининг ўтмишидан кўра оловбардор хотин Жанна д`Арк, шведларни йўлдан уриб ботқоқга ботирган Иван Сусанин, деҳқонларни бошлаб келиб подшойи азимни титратган Емельян Пугачев, Африканинг озодлиги учун курашда нобуд бўлган Патрис Лумумбаларни яхшироқ билишарди. Ўзимизнинг Амир Темур, Едиге сингари саркардалар босқинчи, ёвуз кишилар сифатида китобга киритилганди. Ҳозир мустақиллигимиз шарофати билан ҳаммамиз билдик: буюк Амир Темур адолат салтанати йўлини тутган, Едиге эса босқинчилар подшосидан хун талаб қилган.

Талабалик йилларида дарсликдаги тарихимизга оид маълумотларга Ғайратнинг кўнглида гумон пайдо бўлди, тарихий ҳақиқат илдизини кутубхонадан излади. Китобларда ҳақиқат йўлига чорловчи дараклар бор эди, лекин унақа китоблар қатағон қилинган, анқонинг уруғидек топилмасди. Китоб кўп, ҳақиқат кам замон эди. Дарвинизмга таянган таълимотнинг умумий касаллиги — илм-фанда қиёсий ўрганиш имконининг деярли йўқлиги туфайли қанчадан-қанча ажойиб илмий ғоялар, назариялар туғилмасдан ўлиб кетарди.

Тиббиётда касалликни даволашнинг энг охирги ва ишончли йўли — уни очиб кўриш — хирургия бўлса, тарихнинг хирургияси — археология ёки қадимшуносликдир. Ғайратнинг талабалик йилларидаги тарихий қадамжоларга амалиёт экспедициялари уни тарихнинг хирургияси бўлмиш археологияга чорлади. Чунки, бу ерда ўтмишнинг китобий чалкашликларини археологик қазишмаларда топилган қадимий ашёлар билан қиёслаш мумкин эди. Ҳар қандай тарихий давр ёки маскан тўғрисидаги афсоналар ҳақиқатлигини фақат археологиядан топиш мумкин. Уни қадимшуносликка олиб келган нарса шу.

Ғайратнинг олийгоҳни тугатиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими тарих илмий-текшириш институтига лаборант вазифасига ишга жойлашганига 41 йил бўлган. Унинг меҳнат дафтарчасида бошқа иш жойи ҳақида ёзув йўқ: лаборант... бўлим бошлиғи. Инсоннинг ўз касбига фидойилигини яна қандай исботлаш мумкин?

У ҳар бир экспедицияда тарихимизга оид ашё топди, билимини бойитди. Унинг 2007 йили «Ўзбекистон» нашриётида чоп этилган «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» китоби мустақиллигимиз шарофати ила шаклланган қадимшунослик мактабининг янгича маҳсули сифатида дунё­га келди. Эътибор беринг, Сергей Толстовнинг «Қадимги Хоразм», академик Яҳё Ғуломовнинг «Хоразмнинг суғорилиши тарихи» монографиялари қаторида Ғайратдин Хўжаниёзовнинг юқорида қайд этилган китоби турибди ва у жаҳоннинг етакчи тилларида чоп этилди.

Ёдимда, 2008 йили Мустақиллик байрамимиз арафасида эрталабдан қўл телефоним тўхтовсиз жиринглайвериб, қизиб кетганди.

— Ҳой, сен нима қилаяпсан, оғайнинг Қаҳрамон бўлди-ку! Эшитмадингми?..

Бу хушхабарни Ғайратнинг ўзи қадимги Ақшахон қалъасидаги қазишма ишлари билан банд бўлиб, чамаси ҳаммадан кейин эшитди. (У ерларда қўл телефонлари баъзан ишлаб, баъзан ўзини ташқарига оларди). Ғайрат юз эллик чақирим йўлдан Нукусга етиб келгунча, хушхабарни ўзим нишонлаганман...

Қаламинг Қоратоғнинг қоясидек ёзувчи бўлганинг билан ўзингнинг энг яқин дўстинг тўғрисида ёзиш  қийин экан. Чунки, дўстинг ҳақида олди-қочди гаплар ёки муболаға қўша олмайсан. Шу боис дўстимнинг ўзига эмас, ишига ва сўзига эътибор қаратаман:

«...Қадим замонларда қарияларни тоғ ёки баланд тепа устига олиб чиқиб қўйиб келишар экан. Чилпиқ исмли йигит отасини орқалаб, тоғ ён бағридан кўтарилаётиб, дам олгани бир тош устига ўтирибди. Шунда отаси кулиб юборибди. Йигит: «Ота, нечун куласиз, мен сизни тепада қолдириб кетаман-ку», дебди. Отаси: «Мен ҳам отамни шу йўлдан олиб чиқаётиб, шу тош устида ўтириб дам олгандим. Шу воқеани эслаб кулдим», дебди. Йигит отасини тоғда қолдириб, пастга тушибди, бироқ яширинча ғамхўрлик қилиб юрибди. Ўша замоннинг одатига кўра, бу иши учун йигитни ўлим жазосига ҳукм қилишлари мумкин экан. Бир мунча вақт ўтгач, шу  мамлакат подшоси бетоб бўлиб қолибди. Бутун мамлакат табибларининг биронтаси ҳам уни даволай олмабди. Шунда йигитнинг отаси бир гиёҳнинг номини айтиб, шунинг дамламасини ичса, подшо даво топади, деб маслаҳат берибди. Дамламани ичган подшо чиндан ҳам шифо топибди. Шунда подшо йигитга, «бутун мамлакатдан чақирилган табиблар мени даволай олмади, сен бу дамламани қаердан билардинг», деб савол беради. Йигит: «Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, сирни очаман», дебди. Подшо гуноҳидан ўтгач, йигит ҳаммадан яширинча отасини парвариш қилиб келаётганини айтибди. Бу воқеани эшитган подшо бундан буён қарияларни тоққа олиб чиқариб ташламаслик ва уларни умрларининг охиригача парвариш қилиш тўғрисида фармон чиқарибди». (Ғ.Хўжаниёзов. «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари». Т.: «Ўзбекистон», 2007. 21-бет.)

Дўстимнинг китобида бу доно ривоятнинг келтирилиши бежиз эмас, албатта. Қайсидир маънода Ғайратнинг феъл-атворини билдириб турибди бу ривоят.

Ғайратнинг Хива, Шоҳсанам, Ойбугир, Устюрт, Хўжайли, Кердер археологик ашёларидан жаҳон олимлари мустақил юртимизнинг чуқур тарихини кўрди ва бизнинг бой ўтмишимиз ҳақиқатан тамаддун бешигини тебратганини тан олди. Бундай қарасангиз, қўй оғзидан чўп олмайдиган мулойим йигитнинг Ўзбекистон Қаҳрамонидек давлатимизнинг олий унвонига муяссар бўлганига ҳайрон қоласиз. Лекин мен бутун умри ер ковлаб, ўтмишдан ҳақиқат излаган одамни кўрган кўзнинг адолат тантанасини ўрнатгани деб биламан.

Яқинда Ғайратдан:

— Жўра, чин сўзинг билан айт, сен шу Қаҳрамонликни қандай қабул қилдинг? — деб сўрадим.

— Мен ҳали-ҳанузгача ҳеч нарса сезмадим, аста-секин ишлаяпмиз, — деди.

Менинг замона Қаҳрамоним шундай оддий одам... Мустақиллигимиз баландлиги олдида у оддийлигича қолаверади ва давлатчилигимиз шон-шуҳратини мустаҳкамлашга ўзининг камтарин меҳнати билан улуш қўшаверади. У қадимни ойдинлатиб, яқинлаштиради ва бугунги авлодга, эртанги келажакка туташтиради...

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистон Халқ ёзувчиси.

Нукус — Тошкент.



DB query error.
Please try later.