Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.07.2013

РУСЛАН НУРИДДИНОВ ЯНГИ РЕКОРД ЎРНАТДИ

Қозон шаҳрида давом этаётган XXVII Бутунжаҳон универсиадасида Ўзбекистон талаба-спортчилари ҳозиргача иккита олтин, еттита кумуш ва тўққизта бронза медалига сазовор бўлди.

Нуфузи жиҳатдан Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турувчи Бутунжаҳон универсиадаси баҳслари ниҳоятда шиддатли ва муросасиз давом этмоқда. Унда ҳамюртларимиз қўлга киритаётган ғалабалар салмоғи тобора ортиб бораётгани айниқса қувонарлидир.

Мусобақа дастуридан жой олган оғир атлетика баҳсларида Ўзбекистон терма жамоа­си тўрт нафар спортчи билан иштирок этди. Улардан уч нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшди.

Беллашувларнинг дастлабки кунларида ўз вазн тоифасида Улуғбек Алимов (77 кг) кумуш, Манзурахон Мамасолиева (69 кг) бронза медали билан тақдирланганди.

Оғир атлетика бўйича охирги кунги баҳслар вакилларимиз учун янада муваффақиятли кечди. Унда тажрибали спортчимиз, Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионати совриндори Руслан Нуриддинов (105 кг) штангани даст кўтаришда 190 килограмм, силтаб кўтаришда 222 килограмм, иккикураш бўйича 412 килограмм натижа қайд этди. Бу билан у нафақат олтин медални қўлга киритди, балки оғир атлетика бўйича Бутунжаҳон универсиа­дасининг рекордини янгилади. Охирги универсиадада иккикураш бўйича рекорд натижа (400 кг) россиялик спортчига тегишли эди. Руслан Нуриддинов эса бу кўрсаткични 12 килограммга янгилашга муваффақ бўлди.

— Бутунжаҳон универсиадасида барча терма жамоалар доимо энг кучли таркиби билан иштирок этади, — дейди Андижон давлат университети талабаси Руслан Нуриддинов. — Қозон шаҳридаги беллашувларда ҳам рақибларим дунёнинг етакчи спортчилари эди. Мураббийим Ойбек Турғунов билан мусобақага пухта тайёргарлик кўрганим туфайли, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олдим. Қолаверса, Бутунжаҳон универсиа­даси арафасида Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритганим ҳам мени янги ғалаба сари руҳлантирди. Ушбу ғалабаларга, аввало, мамлакатимизда биз спортчилар учун яратилган қулай шарт-шароит катта замин яратаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Олдинда эса жаҳон чемпионати кутиб турибди. Унда ҳам Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаб, фақат олтин медаль учун майдонга чиқишга ҳаракат қиламан.

Бутунжаҳон универсиадасига самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўн бир нафар спортчи билан йўл олганди. Беллашувларнинг биринчи кунида самбочиларимиздан Суҳроб ­Остонаев (90 кг) учрашувларни муваффақиятли бошлади. У ярим финалгача Украина ва Исроил вакилларини доғда қолдирди. Аммо финал йўлланмаси учун кечган беллашувда Суҳроб тожикистонлик Комроншоҳ Устопириёнга очколар ҳисобида кичик фарқ билан ютқазиб қўйди. Бронза медали учун ўтган баҳсда ҳамюртимиз франциялик Валентин Жоурданни енгди ва шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасига кўтарилди.

Бугунга қадар Бутунжаҳон универсиадаси дастуридан жой олган йигирма еттита спорт туридан ўн иккитаси бўйича ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб бўлинган. Кеча ҳамюртларимиздан Жамила Раҳматова бадиий гимнастика, Алексей Мочалов байдарка, Муроджон Азметов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Илдар Қаюмов, Дилшод Юлдашев, Мирзиёд Ҳожиев каноэда эшкак эшиш, Шоҳиста Сафарова (64 кг), Беҳзодбек Қудратиллаев (57 кг), Истам Қудратов (74 кг), Исломжон Азимов (100 кг)лар самбо, Елмурат Тасмурадов (55 кг), Бобирбек Зайлобиддинов (66 кг)лар эса юнон-рум кураши бўйича медаллар учун майдонга чиқдилар.

Ўзбекистон спорт деле­гация­си ҳисобида ҳозирча 2 та олтин, 7 та кумуш ҳамда 9 та бронза медали бор. Спортчиларимиз норасмий умумжамоа ҳисобида 162 давлат орасида 21-поғонани, медаллар сонига кўра эса 10-ўринни эгаллаб турибди. 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.