16.07.2013

«МИКРОКРЕДИТБАНК»: КЕНГ ҚАМРОВЛИ ЗАМОНАВИЙ ХИЗМАТЛАР ЭНГ ОЛИС ҲУДУДЛАРДА

Хўжайли туманида банкнинг янги филиали иш бошлади

Аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, мижозларга кенг қамровли банк хизматлари кўрсатиш мамлакатимиз молия бозорида етти йилдан буён муваффақиятли фаолият кўрсатиб келаётган «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик тижорат банки фаолиятининг бош мақсади ҳисобланади. Бугунги кунда молия муассасаси ўзининг 84 та филиали, 188 та мини банки ва кўплаб агентликлари орқали юртимизнинг барча ҳудудларида мижозларга хизмат сифатини ошириб, фаолият кўламини кенгайтириб бормоқда. Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги байрамига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда «Микрокредитбанк»нинг яна бир филиали Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида очилгани, фикримизнинг тасдиғидир.

Оролбўйида банкнинг янги филиали очилиши тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хўжайли туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерликни ривожлантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий бизнес ва касаначиликни фаоллаштириш, айниқса, олис ҳудудларда аҳоли кенг қатламларига микромолиявий хизматлар кўрсатиш борасида «Микрокредитбанк» самарали фаолият олиб бормоқда. Бунда асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш учун қўшимча имкониятларни таъминлайдиган филиал ва минибанклар тизими ор­қали молиявий инфратузилма кенгайтирилишига қаратилмоқда. Чунончи, Қорақалпоғистон Республикасида банкнинг 5 та филиали ва 18 та минибанки фаолият кўрсатаётган эди. Хўжайли туманидаги минибанкнинг филиалга айлантирилиши билан улар сони яна биттага ошди.

Жорий йилда «Микрокредитбанк» томонидан иқтисодиётнинг реал секторига ажратиладиган кредитлар миқдорини 243,5 миллиард сўмга етказиш ва шунинг ҳисобидан 106 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган эди. 1 июль ҳолатига кўра, соҳа ривожига йўналтирилган микромолиявий хизматлар кўлами 125,4 миллиард сўмни ташкил этди. Хусусан, 26,1 сўмлик имтиёзли кредитлар бошланғич сармояни шакл­лантириш учун йўналтирилди. Энг муҳими, мазкур кредитлар ҳисобига 55 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, таълим муассасалари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида ёш тадбиркорларга 11,9 миллиард сўм, тадбиркор аёлларга эса 27,5 миллиард сўм миқдорида микромолиявий хизматлар кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки, банк томонидан Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун жорий йилнинг ўтган ярмида 16,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Маблағларнинг қарийб 9 миллиард сўми имтиёзли микромолиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келади. Натижада ҳудудда 3,5 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлиги учун 1,3 миллиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун 460 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди.

Хўжайли туманида янги филиалнинг очилиши аҳоли учун янада кенг имкониятлар яратади. Зеро, тадбирда таъкидланганидек, мазкур муассаса юртимиздаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сонининг янада кўпайишига хизмат қилади.

Тадбир доирасида ёш тадбиркорларнинг банк кредитлари эвазига ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, пухта бизнес режаларига эга бўлган ёш тадбиркорларга «Микрокредитбанк» томонидан имтиёзли сармоя олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Мухтасар айтганда, «Микрокредитбанк» кредитлари бунёдкорлик, тараққиёт ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётир. Хўжайлидаги янги филиалнинг иш бошлаши — бу эзгу мақсадлар йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Алишер РЎЗИЕВ, «Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.