13.07.2013

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ

ислоҳотларнинг муҳим асоси

Ўзбекистон истиқлолга эришгандан сўнг Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимизнинг тараққиёт стратегияси, унинг устувор йўналиш­лари ва асосий тамойиллари белги­ланди. Ижтимоий йўналти­рилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демок­ратик давлат барпо этиш эзгу мақсад сифатида белгиланди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Темурийлар тарихи давлат музейида ўтказилган давра суҳбатида «Истиқлол йилларида кучли ижтимоий ҳимоя ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш масалалари» ҳа­қида сўз юритилди. Давра суҳбатини Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Нозим Ҳабибуллаев очаркан, йигирма икки йил давомида бу борада эришилган тарихий ютуқлар мазмун-моҳиятини таҳлил этиб, уларнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди.

— Мамлакатимизда ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилгани, ижтимоий масалаларга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилгани халқимизни оғир оқибатлардан асраб қолди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — 22 йиллик мустақил тараққиёт йилларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий, умуман, барча соҳада тарихий ўзгаришлар рўй берди. Аниқ рақамлар билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистон иқтисодиёти 3,4 баробар, ўртача иш ҳақи 14 баробар ўсди. Аҳолининг ялпи даромади тахминан 9 марта ошди.

Истиқлол йилларида ижти­моий соҳа учун давлат харажатлари 5 баробардан зиёд кўпайди. Бугунги кунда давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 ­фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадларига йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йилдан йилга ошиб бораяпти. Бу дунё миқёсида камдан-кам учрайдиган кўрсаткич бўлиб, юртимизда бош мақсад, аввало, инсон манфаатига қаратилганини ҳар томонлама кўрсатмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бўйича мамлакатимизда ўтказилган халқаро анжуманлар ва экспертларнинг юқори баҳолари бунинг исботи, десак муболаға бўлмайди.

ЎзХДП мамлакатда ижтимоий ислоҳотлар изчил олиб борилиши тарафдоридир. Шундай экан биз кучли ижтимоий сиёсатни ҳар доим фаол қўллаб-қувватлаймиз ҳамда партия ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатини ҳимоя қилиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш тарафдоримиз.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўтган йили Буюк Британиянинг жаҳон тан олган Лигатул инс­титути фаровонлик ва ривожланиш индекси бўйича Ўзбекистон дунё давлатлари орасида 64-ўринда эканини қайд этди. Дун­ёда давлат ҳам, миллат ҳам кўп. Улар қаторида бизнинг мамлакатимиз қисқа фурсатда бундай даражага эришиши олиб борилаётган ислоҳотлар одамлар ҳаёти даражасини оширишга бевосита қаратилгани натижасидир.

Бизнинг мақсадимиз эса дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари сафига киришдир. Бугун юритилаётган одил сиёсатни хал­қимиз баҳамжиҳат қўллаб-қувватлаётгани бундай кунлар янада тезроқ келишига замин яратади.

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Парламентимиз мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мус­таҳкамлашга қаратилган қонунларни қабул қилмоқда. 2012 йилда Қонунчилик палатаси томонидан 30 та қонун қабул қилинди. Уларнинг 9 таси Президентимиз илгари сурган Концепцияга мувофиқ тайёрланди.

Энг муҳими, мазкур қонунлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун қулай шароит яратиш, замонавий қайта ишлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган.

Жорий йилда юртимизда 970 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган. Хусусан, тоғли ҳудудларда жойлашган 28 та туманда камида 126 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида меҳнат бозорида қийинчиликка учраётган жисмоний имконияти чекланган ва бош­қа шахс­лар учун 100 мингга яқин янги иш ўрнини захира қилиш белгиланган. Шунингдек, бу йил касб-ҳунар коллежларининг 500 минг­дан зиёд битирувчиси ишга жойлашиши керак. Бу мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масалаларига қанчалик юқори даражада эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Партия ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар мазкур ишлар бажарилишида жонкуярлик кўрсатиши, ҳаётий таклиф, ташаббуслар билан чиқиши зарур.

Учқун ШОЙИМҚУЛОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Партиямизнинг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳи ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратиб келаяпти. Хусусан, ўтган йили ижтимоий аҳамиятга эга 6 та масала шаҳар Кенгаши сессиясига олиб чиқилди. Натижада электорат манфаатига қаратилган қарорлар қабул қилинишига эришилди, қарорлар ижроси депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан назоратга олинди.

Ҳаракат дастуримизга асосан аҳоли банд­лигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласида масъул ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо булар ҳали етарли эмас, деб ҳисоблайман. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шаҳримизнинг янада обод бўлиши учун мутасадди ташкилотлар, жамоат ташкилотлари, маҳаллалар билан алоқаларни янада ривожлантириш зарур.

Давра суҳбатида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги туман партия кенгашлари раҳбарлари, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари, фаоллар ва экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мустақиллигимизнинг йигирма икки йиллик тарихий йўлига бағишланган тадбирларни ўтказишда ижтимоий ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар аҳамиятини очиб беришга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.