13.07.2013

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ

электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда, партиянинг таъсир кучини оширишда муҳим ўрин тутади

Олтиариқ тумани «Олмазор» кўчасида истиқомат қилувчи Ойбек ­Имяминов Қўқон темир йўллари коллежини тамомлаган. Маҳаллада ЎзХДП томонидан ўтказилган тадбирларнинг бирида иштирок этиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда партия ташкилотларининг вазифалари, депутат ваколати ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлган эди...

Орадан кўп ўтмай у халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фурқат Ҳамидовга ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат унинг мутахассислиги билан танишиб, шунга мос бўш иш ўринларини ўрганди, мутасадди ташкилот  раҳбарларига мурожаат қилди ва масалани ижобий ҳал қилишга эришди. Ойбек ­Имяминов Олтиариқ туманидаги Вагонларни буғлаб ювиш станциясига ишга жойлашди. Энг муҳими, мурожаат эътиборсиз қолмади.

Албатта, депутат зиммасидаги асосий вазифа электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлашдир. Шунинг учун аҳолидан тушган мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор қаратиш зарур. Бироқ бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди.

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Маҳмуджон МАҲКАМОВ мазкур мавзу атрофида мулоҳаза юритиб, мурожаатлар билан ишлашда депутатлар фоллигини ошириш юзасидан таклифларини билдирди.

Мурожаатлар билан ишлашда Ўзхдпда ўзига хос
тажриба бор

Партиянинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, обрў-эътибор қозониши кўп жиҳатдан унинг электорат билан ишлаш механизмига боғлиқ. Шунинг учун ҳар бир партия унга ишонган, қўллаб-қувватлаган кишилар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга кўмаклашишни ўз вазифаси, деб билади. ЎзХДП ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари ҳам айни шу мақсадда ташкил этилган. Бугунга келиб у электорат ишончини қозонишда самарали механизмга айланиб улгурди.

Қабулхонага тушган мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор билан қараяпмиз. Бунда асосан депутатлик сўрови ҳамда ижтимоий шерикчилик асосидаги муносабатлардан унумли фойдаланиш қўл келаяпти. Мурожаатларда кўтарилган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилаётгани Жамоатчилик қабулхоналарига ишончни янада мус­таҳкамламоқда.

Депутатларимиз фаоллиги ва масъулияти ошишида ҳам бу муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти. Чунки мурожаатни ҳал қилиш учун депутат муайян масалани чуқур ўрганади, шу асосда таклиф тайёрлайди. Таклиф партия фаоллари билан бирга муҳокама қилиниб маъқуллангач, тегишли идора ва ташкилотларга хат тайёрланади. Ҳар ҳафта тегишли жадвал асосида депутатлар ва партия фаоллари қабулхонага келган кишилар мурожаатини қабул қилади. Кўтарилган масала ечими бевосита қабулхона учун масъул шахс эътиборида туради.

Таҳлиллар кўрсатишича, аҳолидан тушган  мурожаатларнинг асосий қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, маҳаллий ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалалар бўлмоқда.

Шунингдек, электорат вакиллари муайян масалада ҳуқуқий маслаҳат ва кўмакка эҳтиёж сезади. Шу боис мурожаатларни ҳал этишда малакали ҳуқуқшунослар ҳам жалб этилмоқда.

Жорий йилнинг шу кунига қадар вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатларимизга турли масалаларда 212 та мурожаат бўлган. Уларнинг 81 таси Жамоатчилик қабулхоналарига тушган. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатлари мутасадди корхона ва ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқишди. Уларнинг аксарияти ижтимоий масалаларни ўз ичига олган.

Муҳими, мурожаатларни ечиш орқали кенг жамоатчилик билан алоқа ўрнатилиб, аҳоли орасига кириб борилаяпти.

Ижтимоий шерикчилик: мурожаатлар ечимида қўл келади

Аҳолидан тушган мурожаатлар асосан ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган. Биз ҳар бир мурожаат, унда кўтарилган муаммо ёки таклиф бўйича алоҳида тартибда ишлаймиз. Баъзида шундай мурожаатлар бўладики, масалани ўрганиш ва уни ечиш учун ишчи гуруҳи тузилади. Бунда гуруҳ таркибига малакали ҳуқуқшунос ва турли соҳа мутахассисларини ҳам жалб қиламиз. Муаммони бартараф этиш давомида фаоллар жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганади. Бу тажриба фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, солиқ, ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси, Марказий банк ва бошқа ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик яхши самара бераётганини таъкидлаш лозим.

Камчиликлар ҳам бор...

Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларимиз ҳам бор. Масалан, айрим депутатларимиз аҳоли мурожаатларига эътиборсиз қарайди, уларни ҳал этишга келганда турли сабабларни рўкач қилишади. Туман ва шаҳар партия кенгашларимизнинг ҳаммасида ҳам қабул тартиб асосида йўлга қўйилмаган. Мурожаатларни ҳал этишда депутатлар ва партия ташкилотларининг биргаликда ишлаш кўникмаси талаб даражасида эмас. Ижтимоий шерикчилик имкониятларидан ҳам етарли фойдаланилмаётир.

Хўш, сабаби нимада? Табиийки, бу муаммо туман ва шаҳар партия кенгашлари ­раислари ва депутатлар лоқайдлиги, ўз ишига масъулиятсизлиги оқибатида вужудга келган, дейиш мумкин. Бу партияга қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, депутатлар Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг партия ҳаётидаги ўрни, электорат манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини етарли даражада тушуниб етиб, ўз ишини ижобий томонга ўзгартириши керак. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада жонлантириш, жойларда кўчма қабулхоналар ташкил этиш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш талаб этилади.

Шунингдек, депутатлик сўрови имкониятидан фойдаланиш, бунда мутасадди ташкилот раҳбарларининг масъулиятини ошириш чораларини кўришимиз лозим. Депутатлик сўровига беписанд қараганларга ўз таъсир кучимизни кўрсатмасак, сўзимиз ерда қолади, одамлар ишончини оқлай олмаймиз.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШОМИЛОВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.