13.07.2013

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ СИНОВЛАРИНИНГ ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАРИ

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида Ўзбекистон Республикасининг  «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси нормалари синовдан ўтказилмоқда. Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ўртасида ташкил этилган онлайн-видеоконференцияда ушбу ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда депутатлар, ҳуқуқий тажрибани ўтказиш бўйича ишчи комиссияси аъзолари, миллий экспертлар, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъул ходимлари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Ш.Ғуломов, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Ғойиров ва Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари В.Раҳимов тадбир иштирокчиларига ҳуқуқий тажрибанинг роли ва аҳамияти, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг муҳим йўналишлари ҳамда эришилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси Президентимиз Ислом ­Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедураларини  белгилайди.

Жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларини қонуннинг қандай синовдан ўтказилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бош­қаруви органларидан ахборот олиши бўйича янги имкониятлар ҳақида кенг хабардор қилиш мақсадида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида фуқаролар иштирокида 120 дан зиёд учрашув ўтказилган. Ушбу вилоятлар ҳокимликлари ва бошқа давлат органлари бошқарув аппарати ходимларига  ҳуқуқий тажриба ўтказиш қоидалари юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ишчи комиссияси аъзоларининг сўзларига кўра, тажриба яқиндан буён ўтказилаётган бўлса-да, ушбу ҳудудларда фуқароларнинг сиёсий ва ахборот олиш фаоллиги ошгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ёзма ҳамда оғзаки мурожаатлар сони кўпайгани кузатилмоқда. Статистика шуни кўрсатадики, 2013 йилнинг иккинчи чорагида бундай мурожаатлар сони биринчи чоракдагига нисбатан икки баробар ошган ва бу кўрсаткич Самарқанд  вилоятида 1514, Бухоро вилоятида эса 1230 тани ташкил қилди.

Яқинда эса legalexperiment.uz манзили бўйича лойиҳанинг «Ҳуқуқий тажриба» деб номланган веб-сайти ишга туширилди. Бунинг натижасида жамоатчиликни ҳуқуқий тажриба ўтказиш тўғрисида мунтазам хабардор қилиб бориш, қонун лойиҳаси нормаларини моддама-модда муҳокама қилиш, тажриба ўтказиш билан шуғулланаётган ҳокимият органлари вакилларига рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг саволларини юбориш имконияти пайдо бўлди.

Шуни таъкидлаш керакки, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ишлаётган журналистларнинг самарали меҳнати натижасида ушбу ҳудудлар аҳолиси ўтказилаётган синовлар тўғрисида тезкор ва долзарб ахборотга эга бўлмоқда. Айни пайтда Бухоро вилоятида 41, Самарқанд вилоятида 59 оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ҳуқуқий тажрибага оид қарийб икки юзта ахборот ва таҳлилий материал чоп этилди, эфирга узатилди, уларнинг сони кун сайин кўпайиб бораётир.

Шунингдек, тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини жонлантиришга ҳам эътибор қаратилди.

Конференцияда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.