13.07.2013

ҚОНУНЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАМАСДАН

ахборот ва сўз эркинлигига эришиб бўлмайди

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг кенгайтирилган қўшма йиғилишлари бўлиб ўтди.

Уларда «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ҳамда «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларнинг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Вилоятларда мазкур қонунлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият олиб бормоқда. Ҳар кимга ўз ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаати билан боғлиқ ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаш, зарур ахборот ре­сурс­лари яратишга эътибор берилаяпти.

Бухоро вилоятида олиб борилган назорат-таҳлил жараёнида маълум бўлишича, вилоятдаги 88 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг 68 тасида ахборот хизмати ташкил этилган. Аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситалари тезкор ахборот олишини йўлга қўйиш мақсадида Интернет тармоғида давлат идораларининг веб-сайтларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаяпти. Масалан, вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида (www.bukhara.uz) тезкор кундалик ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилиб, ахборот ва маълумотлар деярли ҳар куни янгилаб борилмоқда.

Депутатлар қонунлар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни ҳам таҳлил этишди. Қайд этилдики, қонунлар ижросини таъминлашга ёндашув талаб даражасида эмас. Мисол учун, туман, шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган ахборот хизмати фаолиятини юритиш асосан ҳокимликнинг бўлимлари ходимларига юклатилган. Веб-сайтларга ахборот ва маълумотларни жойлаштириб бориш учун мутахассислар жалб этилмаган. Шаҳар ва туман ҳокимликлари журналистлар учун матбуот анжумани, брифинглар, учрашув ва бошқа муҳим тадбирларни ўтказиш масаласига эътиборсиз қараган ҳоллар учрамоқда.

Қўшма йиғилишда, шунингдек, жамиятимизда амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари тўғрисида хабардор этишда маҳаллий ОАВнинг ўрнига ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳозирда Бухоро вилоятида 41 та (36 та босма, 5 та электрон) ОАВ фаолият кўрсатмоқда. Таъкидландики, маҳаллий босма оммавий ахборот воситаларининг ҳаммаси ҳам бугунги талаб даражасида фаолият юритмаяпти. Жумладан, Бухоро шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги «Бухоро оқшоми» газетаси оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган. Муассислар томонидан таъсис шартномасида белгиланган талабларни бузиш ҳоллари ҳамон учраяпти. Шундай ҳолат Когон шаҳар, Жондор, Бухоро, Шофиркон, Қоракўл ва Ромитан туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар фаолиятида ҳам кўзга ташланади.

Депутатлар «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг вилоятдаги ижросини туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил этди. Вилоятда фуқаролар қабули, ариза ва шикоятлар, таклифларни рўйхатга олиш ва уларнинг назоратини олиб бориш бўйича махсус компьютер дастурлари орқали корпоратив бошқариш тизими жорий қилинган.

– Маълумотларга кўра, 2010 йилдан 2013 йилнинг биринчи чорагига қадар вилоят ҳокимлигига 6078 та ёзма, 1700 та оғзаки мурожаат бўлган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ҳафиза Каримова. – 2010-2012 йилларда банк, кредит масалалари, иш ҳақи ва имтиёзлар, нафақа ва моддий ёрдам, фермер хўжаликлари фаолияти, коммунал хизмат, транспорт масалаларидаги мурожаатлар олдинги йилларга нисбатан камайган. Аммо қонун ижросини таъминлашда муайян камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, айрим давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида мурожаатлар вақтида кўриб чиқилмаган. Бу мутасадди идоралар ходимларининг фуқаролар мурожаатларига нисбатан масъулиятини ошириш лозимлигини кўрсатади.

Қўшма йиғилишда муҳокама қилинган қонунлар ижроси «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси синовини кўнгилдагидек ўтказишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида айтиб ўтилди. Ҳу­қуқий экспериментнинг бориши бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ахборот олиш мақсадида йўлланган сўровларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, ахборот олиш соҳасида қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.