11.07.2013

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ

органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланиши керак

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси синови қандай ўтаётгани кўпчиликни қизиқтириши табиий. Чунки, мазкур тажриба давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, шу жараёнда фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳу­қуқларини таъминлаш тартиб-тамойилларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутади.

Фуқаролари талабчан бўлмаган, юксалиш ва янгиланишга интилмаган жамият тараққиётга эриша олмайди. Ижтимоий-иқтисодий фаол киши ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ўз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини теран тушунади, уларнинг самарасига ҳисса қўшади. Давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоя асосида давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштириш, бу жараёнда фуқаролар иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ишлар шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасида жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш процедуралари белгиланган. У давлат ҳокимияти органлари қабул қилган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлар тўғрисидаги ахборотдан янада кенг фойдаланилиши таъминланишини кўзда тутади. Қонун лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг мазкур қарорлар сифати учун масъулиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Тажриба вақтида қо­нун лойиҳасини ҳар томонлама таҳлил қи­лиш, унинг меъёрларини такомилига етказиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги: илмий-назарий асослар ва ­хал­қ­аро тажриба» мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференцияда қонун лойиҳаси тажрибаси жараёнида ҳозиргача бу борада 50 дан ортиқ таклиф келиб тушгани айтилди.

Қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ўтказган конференцияда ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш бўйича ишчи комиссия, ишчи гуруҳлари аъзолари, миллий ва халқаро экспертлар, ҳуқуқшунос олимлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қонун лойиҳаси бўйича қатор фикр-мулоҳазалар билдирди.

Уларга кўра, оммавий ахборот воситаси ходимини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи ҳузурида аккредитациядан ўтказиш (8-модда) тартибини аниқ белгилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи сайтини янгилаб бориш муддатини (11-модда) қисқартириш, веб сайтга жойлаштириладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тоифаларини аниқлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига ахборот олиш учун юбориладиган сўровга оид меъёрни (16-модда) такомиллаштириш қонун ло­йиҳасини маромига етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Конференция иштирокчиларининг таъкидлашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган қонуний меъёрлар ҳар томонлама пишиқ ишлаб чиқилиши, қонун қабул қилинганда унинг ижросига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган жиҳатлар ҳисобга олиниши керак. Хусусан, ахборотдан фойдаланувчиларга тақдим этиладиган ҳужжатлар характерини белгилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти бўйича ягона ахборот базаси яратилишини кўзда тутиш, сўралган ахборотни тақдим этиш масъулиятини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Булардан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқлигини баҳолаш юзасидан ўзига хос тизим жорий қилиш, жамиятда ахборот очиқлиги тўғрисидаги билим ва тушунчани юксалтириш муҳим, дейди мутахассис.

Илмий-амалий конференцияда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича хорижий мамлакатларда тўпланган тажрибани ўрганиш, уларнинг ютуқ ва камчиликларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги, қонун лойиҳаси меъёрлари бўйича ҳуқуқшунос олим ва мутахассислар фаол муносабат билдириши долзарб масала экани таъкидланди.

– Ҳуқуқий тажриба пайтида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотларни бериш тартиби тубдан ўзгариб, бу борада оммавий ахборот воситаларига кенг имконият яратилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ҳуқуқий экспериментни ўтказиш бўйича ишчи комиссия аъзоси Дилбар Холиқова. – Демак, уларнинг фаолияти ҳам шунга мувофиқ равишда ўзгариши, қонун лойиҳасини синовдан ўт­казишда, очиқлик тамо­йилининг аҳамияти ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВ фаол иштирок этиши ҳаётий заруратдир.

Маълумотларга кўра, ҳуқуқий эксперимент мазмун-моҳияти, бориши билан боғлиқ масалаларда марказий ва маҳаллий ОАВда 200 га яқин материал берилган. Аммо уларнинг аксариятида умумий хабар ёки маълумот бериш билан чекланилган. Қонун лойиҳаси синовида бевосита қатнашаётган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ ­оммавий ахборот воситаси ҳуқуқий тажриба тўғрисида таҳлилий чиқишларни кўпайтириши тақозо этилмоқда. Бу ҳуқуқий эксперимент сифати ва самарадорлигини оширишда ўзига хос ўрин тутади.

Конференция якунида қонун лойиҳаси синовини муваффақиятли ўтказиш билан боғлиқ шу ва бош­қа масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.