11.07.2013

МАКТАБЛАРНИНГ ЯРИМ МИЛЛИОНДАН ОРТИҚ БИТИРУВЧИСИ

коллеж ва лицейларда ўқишни давом эттиради

Фарзанди умумтаълим мактабини тугатган ҳар бир ота-она ўрта махсус таълим тизимидаги қабул жараёни билан қизиқиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари ­Хайрулла Зикриллаев билан суҳбатимиз жорий йилда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлардаги қабул масалалари хусусида бўлди.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дас­турига мувофиқ, мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди, — дейди у. — Юртимизда амалга оширилаётган таълим моделининг ўзига хослиги шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг битирувчилар кейинги 3 йил давомида замонавий, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб,  умумтаълим фанлари билан бирга касб-ҳунарларни ҳам эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 16 майда қабул қилинган «2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори умумтаълим мактабларининг 9-синфлари битирувчиларини касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашни кўзда тутади.

Мазкур ўқув йилида умумтаълим мактабларини 533658 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 499341 нафари касб-ҳунар коллежларига, 34317 нафари эса академик лицейларга қамраб олиниши режалаштирилган.

2013/2014 ўқув йилидан бошлаб ўрта-махсус, касб-ҳунар маълими тизимида таълим масканлари сони 1579 тани ташкил этади. Уларнинг 143 таси академик лицей, 1411 таси касб-ҳунар коллежи ҳамда 25 таси базавий касб-ҳунар коллежларининг филиалларидир.

Халқ таълими тизимида ўтказилган психологик-педагогик ташхис натижаларига мувофиқ, ўқувчи-ёшлар ва ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар танлаган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш тўғрисидаги аризалари асосида умумтаълим мактабларида 20 июнгача битирувчиларнинг ҳужжатлари билан бирга шахсий ҳужжатлар йиғма жилди шакллантирилди. Ўқувчиларни қабул қилиш даврида ҳар бир академик лицей ва касб-ҳунар коллежида белгиланган тартибда маслаҳат марказлари ташкил этилди. Умумтаълим мактаблари директорлари ёки директор ўринбосарлари 30 июнгача 9-синф ўқувчиларининг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдини улар ва уларнинг ота-оналари иштирокида тегишли коллеж ва лицейларнинг маслаҳат марказига топширди. Ўқувчилар академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тасдиқланган қабул кўрсаткичлари доирасида тушган аризалар асосида тенг шарт­ларда (енгиллик ва имтиёзларсиз) қабул қилинади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияларининг қарорига мувофиқ, саралаш тест синовлари муайян ўрта махсус, касб-ҳунар таълим масканларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Ёшларни академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш ҳар йили 1 август­гача якунланади.

– Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул тўғрисидаги қарорида республика бўйича 26 та касб-ҳунар коллежининг қайта ихтисослашуви ҳақида тўхталиб ўтилган эди. Унда қайси коллежлар назарда тутилган? Бу жараён қандай амалга оширилади?

– Бу борада қабул қилинган ҳудудий дастурлар ва битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичлари ҳамда яратилаётган иш ўринларини ҳисобга олган ҳолда республика бўйича 26 та касб-ҳунар коллежини қайта ихтисослаштириш кўзда тутилган. Масалан, Асака иқтисодиёт коллежи Асака хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига, Арнасой транспорт-саноат касб-ҳунар коллежи Арнасой тумани транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежига, Китоб тумани агробизнес касб-ҳунар коллежи Китоб тумани агробизнес ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига қайта ихтисослаштирилганлигини таъкидлаш жоиз.

Маълумот учун айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олишни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлигининг ҳудудий бўлимлари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари иштирокида ҳар йили ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини сифатли тайёрлаш ва улар меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади. Ҳудудий дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва шаҳарлар (туманлар) бўйича 3 йил муддатга ишлаб чиқилади.

– Вазирлар Маҳкамаси қарорида заруратга қараб ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг қабул кўрсаткичларига ўз­гартириш киритиш мумкинлиги ҳақида сўз юритилган эди. Қандай ҳолатларда қабул кўрсаткичларига ўз­гартиришлар киритилиши мумкин?

– Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан марказ ҳар йили 15 июлгача ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари тақдим этган маълумотларни таҳлил қилади ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига битирувчиларни қамраб олиш имконияти ва смена коэффициентини ҳисобга олиб қўшимча ўрин ажратиш ёки айрим ҳолларда бундай таълим муассасаларининг ҳар бири бўйича битирувчилар ўртасида саралаш тест синовлари ўтказиш бўйича таклифлар киритади.

Давлат комиссияси Марказ томонидан киритилган таклифни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Давлат комиссиясининг қарори билан қўшимча ўқувчи ўринлари ажратилган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида битирувчиларни қабул қилиш тушган аризалар асосида тенг шартларда амалга оширилади.

– Айрим йўналишлар бўйича касб-ҳунар коллежлари фақат Тошкент шаҳрида ёки маълум бир вилоятлардагина мавжуд. Агар битирувчи танлаган йўналиш бўйича мутахассис тайёрлайдиган коллеж у доимий яшайдиган туман ёки вилоятда бўлмаса, бу вазиятда у қандай йўл тутади, ҳужжатларини қандай қилиб ўзи қизиққан мутахассислик бўйича коллежга топширади?

– Айрим йўналишлар бўйича, масалан, солиқ, рассомчилик, геодезия ва картография, эс­трада-цирк каби йўналишлар бўйича касб-ҳунар коллежлари айрим ҳудудларда йўқлигини эътиборга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланган қабул квоталарига асосан ушбу йўналишлардаги таълим муассасаларига умумтаълим мактаблари директорлари ёки директор ўринбосарлари 30 июнгача 9-синф ўқувчиларининг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдини улар ва уларнинг ота-оналари иштирокида тегишли коллеж ва лицейларнинг маслаҳат марказига топшириши мумкин.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, имконияти чекланган 9-синф битирувчиларини қамраб олиш бўйича ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Республикадаги 4 та — Тошкент, Самар­қанд ва Фарғона шаҳарларидаги имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларига Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг ўқувчилар тиббий маслаҳат комиссиялари хулосалари ва тавсиялари ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг йўлланмалари асосида қабул қилинади.

Зуҳра ҲАСАНОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.