09.07.2013

ҚАТЪИЙЛИК ВА ТАЛАБЧАНЛИК БИЛАН

давр талаби даражасида ишлаш зарур

«Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарор барча жойда кўтаринки руҳда, ҳамжиҳатлик билан кутиб олинди. Буни Қашқадарё вилояти далаларида, меҳнат жамоаларида эришилаётган муваффақиятлар мисолида ҳам кўрса бўлади. ЎзХДП вилоят, туман, шаҳар кенгашлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда партия ташкилотлари, депутатлар иштирокини кенгайтириш, уларнинг ташаббус ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган амалий семинарларда буни алоҳида таъкидлашди.

Илк амалий семинар ЎзХДП Деҳқонобод туман кенгашида бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг кўлами тоғли Деҳқон­обод тумани мисолида яққол кўзга ташланади. Илгари чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган туман иқтисоди ночор аҳволда эди. Истиқлол туфайли Сурхондарё вилоятини юртимизнинг бош­қа минтақалари билан бирлаштирувчи темир йўл Деҳқонободнинг тоғу даралари орасидан ўтиб, улкан ўзгаришларга сабаб бўлди. Тоғ-кон саноатининг қудратли корхонаси — Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ишга туширилди. Унинг маҳсулотлари ўз эҳтиёжимиздан ортиб, катта миқдорда экспортга чиқарилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов амалий семинарда иштирок этиб, туман партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи фаоллигини ошириш, Жамоатчилик қабулхоналари ишини жонлантириш, бошланғич ташкилотлар ташаббускорлигини кучайтириш билан боғлиқ масалаларда таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, ЎзХДП Деҳқон­обод туман кенгаши раиси Ашур Норбоев, туман тиббиёт бирлашмасидаги бошланғич ташкилот етакчиси Ражаб Ниёзов ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда фаоллар, депутатларимиз иштирокини кучайтириш ҳақида фикр юритди. ­Дарҳақиқат, партиямизнинг 2430 нафар аъзосини бирлаштирган туман кенгаши ташаббус кўрсатиб ишлашга ҳаракат қилмоқда. Бошланғич партия ташкилотларида ўтаётган ҳисобот-сайлов йиғилишлари аъзоларни бу борада янада жипслаштиришга хизмат қилаяпти. Халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашига партиямиздан сайланган 13 нафар депутат электорат манфаатлари билан боғлиқ муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиб, доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиши, бир сўз билан айтганда, қатъийлик ва талабчанликни ошириши зарур.

Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш билан боғлиқ мулоқотлар Ғузор туман партия кенгашида ҳам давом этди.

Сўнгра Қашқадарё вилоят партия кенгашида фаоллар, депутатлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида фаол иштирок этиш учун сиёсий партияларга етарли шароит яратилган, ҳуқуқ ҳамда ваколат берилган, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. – Бугун одамлар ташвиши, уларни ўйлантираётган масалаларни англаб, шунга яраша ташаббус кўрсатмайдиган партия ютқазади. Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­сига ишонаётган хайрихоҳларимиз жуда кўп. Энг аввало, уларнинг ишончини оқлаш лозим. Депутатлик бирлашмалари, барча даражадаги партия ташкилотлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга асосий эътибор қа­ратиши зарур. Бунинг учун ­Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўз вақтида, самарали ҳал этиш талаб этилади. Бошланғич ташкилотларга одамларнинг ишончини оқлайдиган, партиямизнинг мақсад-режаларини чуқур тушунадиган ташаббускор етакчиларни сайлаш лозим. Шунда олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни тўла адо этамиз.

Йиғилишда вилоят партия кенгаши раиси, ҳалқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Олим Равшанов қайд этганидек, вилоятдаги 845 та бошланғич партия ташкилоти 33 минг 803 нафар аъзони бирлаштирган. Ўз­ХДПдан халқ депутатлари вилоят Кенгашига 20 нафар, маҳаллий Кенгашларга 185 нафар депутат сайланган. Партия аъзолари ва депутатлар фаоллиги, айниқса, Қарши шаҳрида яққол кўзга ташланмоқда. Бироқ барча туман кенгашларида аҳвол бирдек эмас. Айрим партия ташкилотларида ишларни тизимли ташкил этиш, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини, бошланғич партия ташкилотлари билан ишлашни такомиллаштириш талаб этилмоқда.

ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Рашид Муртозаев таъкидлашича, шаҳардаги бошлан­ғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари уюшқоқлик билан ўтказилган. 3000 нафарга яқин аъзони бирлаштириб турган 150 та бошланғич ташкилотнинг 42 тасида бошланғич ташкилот етакчиси янгидан сайланган. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида шаҳар равнақи, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ 150 дан ортиқ танқидий мулоҳаза ва таклиф билдирилган. Ҳозирда улар асосида депутатлар турли масалаларни доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб киришни режалаштирган.

Партия ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида ҳам сўз борди. Фикр­лар хилма-хил, таклифлар анчагина эди. Яккабоғ туман партия кенгаши раиси Неъмат Жумаев БПТ етакчилари, фаолларни рағбатлантириш билан боғлиқ таклифни ўртага ташлади.

Шунингдек, йиғилишда ички партиявий интизомни мустаҳкамлаш, кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди. Бу борада Деҳқон­обод, Касби, Китоб ва Қарши туман партия кенгашлари фаолияти ижобий экани, Чироқчи, Миришкор туман партия кенгашларида ишлар тизимли йўлга қўйилмагани таъкидланди.

– Йиғилиш ва амалий семинарлардан жиддий хулосалар олдим, – дейди ЎзХДП Қарши туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати Замира Азизова. – Фаолиятимизни тан­қидий таҳлил қилиш имкони бўлди. Ишимизни янги босқичга кўтариш борасида кўплаб амалий тавсиялар айтилди. Туманимизда фаолият юритаётган 63 та бошланғич ташкилотда 3123 нафар аъзо бор. Уларда ҳисобот-сайлов йиғилишларини юқори савияда ўтказишга ҳаракат қилдик. Билдирилган фикр-мулоҳазаларни бошланғич ташкилотлар етакчилари, партия фаоллари ва депутатлар иштирокида муҳокама қилишни мўлжаллаяпмиз.

Дарҳақиқат, партия ташкилотлари фаоллари ва депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирлар жойларда ЎзХДП ғоя ва мақсадларини янада кенгроқ тарғиб этиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя этишни жадаллаштиришга хизмат қилади. 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.