09.07.2013

МУҚИМ ИШ ЎРИНЛАРИ

оилалар ва мамлакат фаровонлиги омили

Одамларнинг ҳаётга қараши, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати ўзгариши, дахлдорлик ҳисси юксалишида сиёсий-ҳуқуқий маданият, ижтимоий-иқтисодий фаолликни кучайтириш муҳим ўрин тутади. Жамиятда кечаётган модернизация жараёнлари аҳамиятини тўғри англаган фуқаро унга муносиб ҳисса қўшишга интилади.

Шунинг учун ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотларида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув машғулотларни мунтазам ва юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Пойтахтимиздаги 8-автобус саройида ЎзХДПнинг етакчи бошланғич ташкилотларидан бири фаолият юритади. Яқинда ушбу бошланғич ташкилот аъзолари ташаббуси билан «Янги иш ўринлари ташкил этишда ЎзХДП вазифалари» мавзуида семинар ўтказилди. Унда депутатлар, партия фаоллари, жамоа аъзолари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатга лаёқатли кишилар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, шу орқали улар ҳаёти фаровонлигини ошириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги ва барқарор иш ўринлари яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда бизнинг фракция­миз Олий Мажлис Қонунчилик палатасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича парламент эшитуви ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу жойларда битирувчилар бандлигини таъминлашга таъсир кўрсатишнинг йўлларидан биридир.

Бугун мазкур ташкилотда ҳам кўплаб касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг амалиёт ўтаётганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, кейинчалик шу корхонага ишга жойлашишлари учун бошланғич партия ташкилоти ёшларни қўллаб-қувватлаши зарур, деб ўйлайман.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ўқув машғулотларида умумэътироф этилган сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан кўпроқ фойдаланиш зарур. Шунда сиёсий ўқувларнинг аҳамияти, таъсирчанлиги юқори бўлади. Бугунги машғулотда ҳам бевосита касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этиши, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши тадбирнинг жонли ўтишига асос бўлаяпти.

Яқинда меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, энди касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини биринчи марта ишга қабул қилишда синов муддати қўлланилмайди. Қолаверса, битирувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бир йилгача иш берувчи томонидан бекор қилиниши мумкин эмас. Битирувчилар манфаатини самарали ҳимоя қилишнинг йўлларидан бири партия ташкилотлари ва биз депутатларнинг шу қонун ижросини назорат қилишимиздир. 

Миржамол ЙЎЛЧИЕВ, бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Жамоамизда 300 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксарияти Халқ демократик партияси хайрихоҳлари, 40 нафардан ортиғи эса партиямиз аъзоларидир.

Жамоамизда ойда икки-уч марта сиёсий ўқув машғулотлари ўтказилади. Мазкур тадбирларда партиямиз ғоя ва мақсадлари, янги вазифалар ҳақида кенг тушунча бериб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан ташқари, корхонамизда амалиёт ўтаётган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам бераяпмиз. Ҳар йили бир неча битирувчи корхонамизга ишга қабул қилинмоқда.

Сиёсий семинарда, шунингдек, иш топишда қийинчиликка дуч келаётган, жисмоний имконияти чекланган кишилар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини янги иш ўринлари билан таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.