09.07.2013

Эркин КОМИЛОВ: ЎЗИНИ АНГЛАГАН ХАЛҚ БУЮК ИШЛАРГА ҚОДИР

Ўз қадр-қимматини билган, маънавий таянчига эга халқ ҳамиша тараққиётдан баҳраманд яшайди. Бундай миллат фарзандлари ўз эркини эл-юрт олдидаги масъулият, ўз йўлини Ватани тақдири билан уйғун кўради. Зотан, ўзини англаган халқ буюк ишларга қодир.

Мозийнинг бу мезони истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз эришаётган улкан ютуқларда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида халқимиз маънавиятини янада юксалтириш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбе­кис­тон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг суҳбати шу мавзуда – мамлакатимиз мус­тақиллигини янада мустаҳкамлашда ижодкор масъулияти ҳақида бўлди.

– Наинки инсон, балки барча жонзот ҳамиша эркин ҳаётга интилиб яшайди, – дейди Э.Комилов. – Балиққа аквариумда денгизнинг шароитини яратиб берсангиз ҳам, барибир, яйраб суза олмайди. Ақл, дид, танлаш имконияти берилган одамзот учун эса ўз Ватанида эмин-эркин ҳаёт кечиришдан ортиқ бахт йўқ.

Қирқ олти йилдан буён мамлакатимизнинг турли гўшаларига гастролларга бораман. Собиқ тузум даврида бир қишлоққа ўн-ўн беш йилдан кейин борсангиз ҳам деярли ҳеч қандай ўзгариш сезмасдингиз. Нари борса, «колхоз» ё клуб биносини қайта оҳакладик», деб кўрсатишарди. Одамларнинг одми кийимлари, юзларига барвақт тушган ажинлар, қирқ ёшли «чоллар»- ни кўриб, юрагингиз увишарди.

«Отамдан қолган далалар» бадиий фильмида шоир ролини ўйнаганман. Ўша эпизодда шоир «тўйларин қишларга кўчирган халқим», деб шеър ўқийди. «Идеология опа» эса танбеҳ беради. Чунки ўша пайтларда халқимиз ҳаёти фақат пахтадан иборат эди. Экранларни, одатда, яккаш манзара — қизларнинг атлас кўйлакда чаккасига чаноқ қистириб, ашула айтиб, пахта тераётган тасвирлари эгаллаган эди. Ҳолбуки, деҳқоннинг ­уйига кирсангиз, олдингизга бир тақсимча мева қўйишга ҳоли келмасди.

Ҳозир эса бир йил олдин борган қишлоғингизни танишингиз қийин: намунавий ло­йиҳалар асосида барпо этилган уйлар, замонавий мактаблару коллежлар, шифохоналар, дўконлару кафелар, корхонаю тўйхоналар... Дарвоқе, қишлоқларда тўйхоналар кўпаймоқда. Истаган фаслда боринг: тўй устига тўй. Олдинги пастак бошпаналар ўрнига баланд шифтли, замонавий уйлар қурилмоқда. Дарвозахоналар машина сиғиши учун кенгайтирилмоқда. Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут йўқолмоқда. Буларнинг барчаси — халқимиз фаровонлиги, ҳамюртларимиз дунё, давр билан ҳамқадам яшаётганининг далили-ку!..

— Истиқлол туфайли ўзбек театр санъатида қандай ўзгаришлар рўй берди?

— Ким эдиг-у, ким бўлдик?! Буни шунчаки ўзгариш эмас, янгидан туғилиш, уйғониш, деб атасак тўғри бўлади. Мустақиллик арафасида театрлар биноси эскирган, маошу қалам ҳақи кескин камайганди. Бугун кулгили туюлар, лекин ўша пайтлар оддий декорация ясаш ҳам катта муаммо эди. Агар озгина эътиборсизлик бўлса, ўзбек театри бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин эди. Минг шукурки, Президентимиз Ислом Каримов бу фожиага йўл қўймади.

Бир эсланг: барча тармоқда туб янгиланиш кетаётган мураккаб иқтисодий-ижтимоий вазиятда давлатимиз театр санъатини изчил қўллаб-қувватлади — ўзбек театрининг мақоми белгиланди, театр санъатини ривожлантириш, актёрларни рағбатлантириш ҳақида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида ўтган йилларда Ўзбекистонда, бошқа кўплаб давлатларда бўлганидек, труппалар тарқаб кетмади. Аксинча, янги театрлар ташкил этилди. Мана, Ўзбек Миллий академик драма, Ўзбекистон академик рус драма, Алишер ­Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрлари, Андижон, Самарқанд, Хоразм, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси драма театрлари бинолари тубдан таъмирланди. Бухоро вилояти мусиқали драма театри учун янги бино барпо этилди.

Яқинда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида яратилган шарт-шароитни кўриб, оғзим очилиб қолди. Актёр ва режиссёрлар учун барча имконият бор. Хал­қимиз турмуш шароити яхшиланиб, онгу тафаккури ўзгаргач, театр заллари яна тўлмоқда. Бугун ижодкор зиммасида фақат бир вазифа — юксак савияли асар яратиш қолди, холос.

Собиқ тузум давридаги ишларни эсласа, одамнинг юраги увишади.

Эсимда бор: санъатимиз дар­ғаси Шукур Бурхонов таклифи билан бир фильм бош қаҳрамони учун имтиҳон топширдим. Лекин ўзбек ролини латиш актёрига беришди. Оқибат шу бўлдики, қўл ювадиган бир саҳнани беш-ўн марта дубль қилишга мажбур бўлишди. Чунки латиш актёри қўлини ювгач, силтаб қуритаверди. Режиссёр ўзбек қўл ювгач, уни артишини тушунтира олмай қийналиб кетди. Лекин ҳеч ким «тўхтанглар, ўзбек ролини ўзбек фарзандига берайлик», деб айтолмади. Шундай десангиз — миллатчиликда айбланар эдингиз.

Кўп устозларимиз «қанийди, Амир Темур бўлиб бир саҳнага чиқсам...», деган армон билан ўтиб кетди. Бу бахтга, минг шукур, биз эришдик: Амир Темур ҳақида саҳна ва экран асарлари яратилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» пьесасидаги Боязид, Фитратнинг «Абулфайзхон»идаги Абулфайзхон, Ойбекнинг «Алишер Навоий» асаридаги Султонмурод ролларини ижро этдим.

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июндаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига биноан, халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамини «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» деган шиор билан кенг нишонламоқда...

— Халқимиз мустақиллик туфайли ўзини, қандай улуғ зотларнинг авлоди эканини, қадр-қимматини англаб етди. Узоққа бормайлик: куни кеча олти ёшли шахматчимиз Исломбек Синдоров Эронда ўтказилган Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритди. Йигирмага ҳам кирмаган футболчиларимиз жаҳон чемпионатида кучли саккизликдан жой олганини қаранг... Агар мустақиллик, бугунгидек осуда ва тинч ҳаёт бўлмаганида, табиийки, кўникиб бораётганимиз — шундай ютуқларни фақат тушда кўрардик.

Ўзбек қорни қаерда тўйса ўша ерни эмас, киндик қони тўкилган, ота-боболари мозори атрофини ватан тутади. ­Уйининг ёнидаги булоқнинг кўзи қумга тўлса, чашмани бош­қа ердан изламайди, аксинча, ўша булоқнинг кўзини очиш йўлларини қидиради. Ҳа, Ватанни танлаб ҳам, алмаштириб ҳам бўлмайди. Шу азиз тупроққа киндик қонимиз тўкилган экан, эл-юртимизга муносиб бўлиб яшаш мангу бурчимиз ва вазифамиздир. Тарихи, аждодлари, бугуни ва келажагини белгилаган ўз йўли билан ғурурланган халқ буюк ўзгаришларга қодир бўлади.

— Бугун санъаткорларимиз олдида турган энг муҳим вазифалар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

— Биз юксак маданият ва маънавият ворисларимиз. Мус­тақиллик қандай оғир курашлар эвазига қўлга киритилганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Бугун ҳар бир ўзбек санъаткорининг асосий вазифаси — истиқлол туфайли қадр топган миллий шаънимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, миллий анъаналаримиз ва эзгу фазилатларимизни камол топтириш, деб биламан.

ЎзА мухбири

Умид ЁҚУБОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.