06.07.2013

ФАОЛЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ

ташаббусларга йўл очади, ютуқларга асос бўлади

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда партия дастурий мақсадларини самарали амалга ошириш, электорат манфаатларини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, бу жараёнда депутатлик гуруҳлари иштирокини янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Ошкора, танқидий руҳда кечган йиғилишда электорат манфаатини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг сиёсийуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича сиёсий партиялар олдида муҳим вазифалар турибди, — деди партия етакчиси. — Барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари шуни чуқур англаган ҳолда фаолият юритиши зарур. Айниқса, бошланғич партия ташкилотлари ҳамда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш, электорат манфаатларини таъминлашда уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади.

Афсуски, таҳлиллар бу борада Термиз шаҳри, Шўрчи, Қизириқ, Сариосиё ва Денов туман партия кенгашларидаги ишлар талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда. Хусусан, аксарият Жамоатчилик қабулхоналари сиёсийуқуқий қўлланма, адабиёт ва керакли ҳужжатлар билан тўлиқ таъминланмаган. Фуқароларни қабул қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топишда сусткашликка йўл қўйилмоқда, айрим туман кенгашларида мурожаатларни қайд этиш ҳужжатлари мунтазам юритилмайди.

Бу каби камчиликлар партия нуфузига салбий таъсир кўрсатади, сайловчи ва электорат ишончини қозонишга тўсиқ бўлади. Шунинг учун камчиликларимизни бартараф этиш, ишимизни янги босқичга олиб чиқиш олдимизда турган ўта муҳим вазифадир.

Йиғилишда айрим туман Кенгашларидаги депутатларда, партия ташкилотлари масъулларида ташаббускорлик етишмаётгани, бунга жойлардаги муаммоларга бефарқ қараш, ўзибўларчилик кайфиятига берилиш асосий сабаб бўлаётгани таъкидланди. Мавжуд муаммоларни бартараф этишда ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик гуруҳи аниқ режа асосида ишлаши муҳим аҳамиятга эга экани айтилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, электорат манфаатларини ифодалайдиган, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган масалаларни туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритиш, муҳим қарорлар қабул қилинишига эришиш, айни пайтда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича депутатлик назоратини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда бошқа дастурлар ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масалалари ҳақида ҳам сўз борди.

Вилоят марказидан қарийиб 150 километр олисда жойлашган Олтинсойда 150 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, — деди ЎзХДП Олтинсой туман кенгаши раиси Рўзибой Лапасов. Туманда «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ва асосий йўналишларидан келиб чиқиб тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Партиямиз электорати вакиллари шуғулланиши мумкин бўлган касаначилик, боғдорчилик, сервис хизмати кўрсатишни ривожлантириш ташаббусларини кўпайтириш ва амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ЎзХДП туман кенгаши томонидан депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида 9 та гуруҳ ташкил этилган. Улар қишлоқ жойларида, маҳаллаларда семинар ва учрашувлар ташкил этиб, мазкур соҳалар билан шуғулланиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида тушунча бермоқда, янги иш ўринлари ташкил этиш имкониятларини ўрганмоқда. Натижада янги иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.

Депутат, аввало, ишончни оқлаш учун курашиши лозим, — деди ЎзХДП Жарқўр­ғон туман кенгаши раиси Алишер Маматмуродов. Шунда одамлар унга эргашади. 2013 йилнинг ўтган даврида Жамоатчилик қабулхонамизга 50 дан ортиқ мурожаат бўлди. Гарчи уларнинг 80 фоизи депутатлар ташаббуси билан давлат идоралари, ҳамкор ташкилотлар кў­магида ижобий ҳал этилган бўлса-да, мурожаатларни умумлаштирган ҳолда таҳлил қилиш, шу асосда зарур чоралар белгилаш бўйича камчиликларга йўл қўйдик. Бугун тадбир давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар бу камчиликларни бартараф этишда асқотади, деб ўйлайман.

Йиғилишда «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар эътироф этилгани ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

ЎзХДПнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар орасида иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган, — деди партия фаоли Момохол Эгамбердиева.Шу боис партия фаоллари ва депутатлар томонидан бу масалада тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Тикувчилик, сервис хизмати соҳаларини яхшилаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, қишлоқларда янги шохобчалар ташкил этиш ташаббусларини кўпайтириш жараёнларида «Фаол аёллар» қаноти аъзолари масъулият билан қатнашиши долзарб аҳамиятга эга.

Йиғилишда билдирилган таклиф-мулоҳаза ва тавсиялар ҳисобга олиниб, вилоят партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.