06.07.2013

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК

фаровонлик мезонига айланмоқда

Машкура САФАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Мустақил тараққиёт йўлига қадам қўйганимиздан сўнг эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш эзгу мақсадга айланди. Миллий анъана ва қадриятларимиз тикланиб, тобора ривожланмоқда, янги қадриятлар билан бо­йиб бормоқда. Энг муҳими, шу орқали халқимизнинг ҳаёт тарзи, ҳаётга муносабати, дунё­қараши ўзгарди.

Бугун миллий ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик, маиший хизматнинг янги-янги йўналишлари юзага келаяпти. Уларда фаолият юритаётган кишилар сафи кенгайиб бормоқда. Айниқса, бу соҳада оилавий тадбиркорлик ривожланиб бораётгани нафақат ички бозоримизни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш имкониятини кенгайтирмоқда, айни пайтда одамларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йил май ойи охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари чоғида бу фикр­ларнинг нақадар тўғри эканига яна бир бор амин бўлдик. Аҳолини қабул қилинган қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти билан таништириш жараёнида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада туғилган ғояларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза алмашдик.

Маълумки, 2012 йилнинг 26 апрелидан «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун кучга кирган эди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида ҳақиқатдан ҳам муҳим воқеа бўлди. Чунки бу қонун халқимиз турмуш тарзида муҳим ва ажралмас ўрин тутиб келган миллий хўжалик анъаналарининг ривожланиши учун ҳуқуқий асос яратди. Хўжалик юритишнинг «Оилавий корхона» тарзидаги бутунлай янги ташкилий-ҳуқуқий шакли жорий қилинди.

Қонунга асосан, оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушлари ёки биргаликдаги мулки, шунингдек, оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир.

Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун қатор афзаллик ва қулайликлар, солиқ имтиёзлари берилган. Хусусан, хонадонда оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган кишилар турар-жой ҳудудини нотураржойга ўтказиши талаб этилмайди. Коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифларда амалга оширилади. Бу каби енгилликлар аҳолининг оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга интилишини кучайтирди, албатта.

Қонун ҳаётга самарали татбиқ қилиниши оилаларнинг реал даромадлари ортиши, мамлакатда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши, кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида рақобат муҳити кучайишига хизмат қилмоқда.

Энг муҳим жиҳатларидан бири шуки, оилавий тадбиркорлик соҳасида қонунчилик асосларининг мустаҳкамланиши жисмоний имконияти чекланган кишилар учун ҳам ўз ишини, мустақил бизнесини йўлга қўйиш имкониятларини кенгайтирди. Шунинг билан бирга, кўпгина жисмоний имконияти чекланган шахслар бугун ўз оила аъзолари томонидан ташкил этилган оилавий корхоналарда меҳнат қи­лиш­моқда.

Сайловчилар билан учрашувлар пайтида бир неча оилавий тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиб, Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун муҳим пайтда қабул қилинганига, ҳаётий самара бера бошлаганига амин бўлдик.

Шаҳрисабз тумани Хўжа қишлоғида яшовчи Матлуба Йўлдошева оила аъзолари билан миллий тўн тикаяпти. Биз учрашган бошқа оилавий тадбиркорлар ҳам оилавий тадбиркорлик учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, рўзғори учун барқарор даромад манбаи яратишганини таъкидлашди.

Биз депутатлар мазкур қонун мазмун-моҳиятини, шу асосда берилган имкониятларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишимиз, мазкур қонун улар ўз мустақил ишини бошлашларига ҳу­қуқий таянч эканини тушунтиришимиз керак. Чунки тадбиркорликнинг бошқа йўналишларига қараганда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш осон. Озгина ҳаракат, қўллаб-қувватлаш натижасида партиямиз электорати бўлган кишилар ҳам бемалол ўз ишини ташкил этиши мумкин.



DB query error.
Please try later.