04.07.2013

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ

кучли ижтимоий ҳимоя тамойилидан келиб чиқиб муҳокама қилинди

Инсон соғлиги, меҳнат қобилияти муҳофазасини ҳимоя қилиш муҳим масала. Ходим меҳнат шартномаси бўйича ўз вазифаларини бажариш чоғида майиб бўлиши ёки соғлиги бошқача тарзда шикастланиши, бунинг натижасида меҳнат қобилиятини вақтинча, турғун йўқотиши ёхуд ҳалок бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда ходимнинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарар ўрнини қоплаш иш берувчининг зиммасига тушади.

Қонунчиликка мувофиқ, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилиниши керак. Аммо маълумотга кўра, республикамиздаги 339 минг иш берувчи жавобгарлигининг мажбурий суғурталаниш даражаси кам фоизни ташкил этмоқда.

Таҳлилларга кўра, мажбурий суғурта соҳасида ваколатли давлат бошқарув органлари суғурталовчилардан суғурта қилдирувчиларнинг суғурталанганлиги ҳақидаги маълумотларни олиш ва улар асосида маълумотлар базасини шакл­лантириш, қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, суғурта қилиш мажбуриятини бажармаган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш имкониятига эга эмаслиги бунинг асосий сабабларидандир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида иш берувчиларнинг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишини таъминлаш, суғурта соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унга асосан қонуннинг 26-моддасига тегишли маълумотлар суғурталовчилар томонидан суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда мутасадди давлат бошқарув органига белгиланган тартибда тақдим этилиши ҳақидаги меъёр киритилаяпти.

Фракция аъзолари таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши ваколатли давлат бошқарув органларининг ахборот олиши, шу асосда ихтисослашган маълумотлар базаларини яратиши учун қонуний шароит яратади. Бу суғурта хизматлари ҳақидаги маълумотлар очиқлигига, аҳолининг суғурта маданияти ошишига ҳамда қонун ҳужжатлари ижроси таъминланишига кўмаклашади.

Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ЎзХДП дастурида устувор вазифалардан ҳисобланган аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва меҳнат хавфсизлиги, муҳофазасини таъминлашда суғурта тизимининг ролини, шунингдек, суғурта хизматлари сифатини оширишга, бу борада ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишида, шунингдек, «Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Алишер Тиллабоевнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси фермер хўжаликларининг иқтисодий мус­тақиллиги, молиявий барқарорлигига эришиш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотини комплекс қайта ишлаш бўйича имкониятларини оширишга, уларнинг манфаатдорлигини кўтаришга хизмат қилади. Бу ЎзХДП дас­турий ғояларига ҳамоҳанг равишда қишлоқларда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари кўпайиши, ривожланиши, энг муҳими, аҳоли бандлиги, даромадлари ошиши учун қўшимча имконият яратади.

Шулардан келиб чиқиб, фракция қонун лойиҳаси қабул қилинишини муҳим деб ҳисоблади ва фермер хўжаликларига яратилаётган қулайлик ҳамда имтиёзларни аниқ акс эттириш, янги иш ўринлари яратишга рағбатни янада кучайтириш бўйича таклифлар берди.

«Хусусий банк ва молия инс­титутлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унга кўра, Солиқ кодексининг 90-моддасига ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига хусусий банк ва молия институтлари фаолиятининг режали текширувлари, шу жумладан молия-хўжалик фаолиятининг режали солиқ текширувлари (тафтишлари) кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзоси Саидвали Аҳмедовнинг таъкидлашича, бу хусусий банк ва молия инс­титутлари фаолиятига ортиқча аралашувларни чеклашга, хўжалик субъектлари фаолиятининг давлат назорати билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тизимлаштиришга, иқтисодиётда пул-кредит муносабатлари барқарорлашувига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Муҳокама пайтида қонун лойиҳаси орқали жорий қилинаётган меъёрлар бошқа қонун ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тақозо қилиши таъкидланди. Масъул қўмита ва ишчи гуруҳи қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида буни инобатга олишини маълум қилди.

«Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни (янги таҳрири) тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2012 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Муҳокамалар чоғида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилишда қонун устуворлигини, суднинг ролини оширишга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Юқоридаги низомнинг асосий мақсади мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтиришга, судьяларнинг хизмат ва мансаб поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини мустаҳкамлашга, ижтимоий муҳофазасини оширишга, суд ҳокимиятининг самарали амалга оширилишига қаратилган. Мамлакатда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишида бу муҳим аҳамият касб этади.

«Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция томонидан муҳокама қилинди.

Президентимиз илгари сурган Концепция асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси экологик назоратни, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси бўйича мониторингни амалга оширишни, бир сўз билан айтганда, экологик назорат механизмини яратишни кўзда тутади. Унда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорат хизматлари ваколатлари, уларнинг вазифалари белгилаб берилмоқда.

Фракция аъзолари мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, қонун билан мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани атроф-муҳит муҳофазасига оид муаммоларни ҳал этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, жамоатчиликнинг бу борадаги фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлашди.

Буларнинг барчаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ташаббусларни кўпайтиришга, айни пайтда, масъулиятни оширишга хизмат қилиши билан қимматлидир.

Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам кучли ижтимоий сиёсат тамойилини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Қонунлар лойиҳаларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга ҳамоҳанглиги инобатга олиниб қўллаб-қувватланди ҳамда уларни янада такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.