Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.07.2013

ТОШКЕНТ ШАҲРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА

партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳи иштирокини кучайтириш масаласи кўриб чиқилди

«Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аниқ инвестиция дастурларини шакллантиришда ЎзХДП депутатлик гуруҳи иштирокини кучайтириш». Мавзунинг долзарблиги нимада?

Партия электорати вакилларини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёти фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини мус­таҳкамлаш учун партия депутатлик гуруҳлари ҳудуд ривожланишига ҳисса қў­шиши, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи дастурлар ижросида фаол иштирок этиши керак. Шу жиҳатдан олиб қаралса, мавзунинг аҳамияти, ЎзХДП дас­турий мақсадларига мослиги янада ойдинлашади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши томонидан юқоридаги мавзуда ташкил этилган семинарнинг аҳамиятли жиҳатлари кўп бўлди. Биринчидан, унда долзарб масалалар ўртага ташланди. Иккинчидан, анжуман шунчаки маърузалардан иборат бўлмади, балки қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозара асосида ўтди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов «Обод турмуш йили» Давлат дастури, 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, республикамизнинг барча минтақаларида ҳудудий ривожланиш дастурлари қабул қилингани, уларнинг ижроси бўйича барча бирдек масъул эканини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари муносиб ҳисса қўшиши зарурлигини таъкидлади.

– Мавзу жуда долзарб, – деди партия етакчиси. – Шунинг учун сўзга чиқадиган маърузачилар асосий эътиборни шунчаки ҳисобот беришга эмас, балки жойлардаги муаммоларга қаратиши, уларнинг ечимида депутатлар иштироки қандай бўлиши кераклиги ҳақида таклифларини билдириши керак. Бу фаолиятимиз самарасини кучайтиришга, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларида яратилаётган иш ўринлари барқарорлигига хизмат қилади.

Ўтган йили партиямиз ташаббуси билан республикамизнинг деярли барча минтақаларида ҳудудий ривожланиш дас­турларининг ижросига бағишланган амалий семинарлар ташкил этилди ва қатор ижобий натижаларга эришилди. Масалан, Учтепа туманида инвестиция дастурларини шакллантириш ва ижро этишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳи иштирокини кучайтириш масаласида ташкил этилган амалий семинарда 7 та аниқ лойиҳа кўриб чиқилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича таклифлар билдирилган эди. Энг муҳими, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 74 та янги иш ўрни яратишга эришилди. Демак, бу борадаги ишларни такомиллаштириб бориш зарур.

Сўзга чиққанлар шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши жамоатчилик назорати кучайиши билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлашди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудда аниқ инвестиция дастурларини шакллантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва янгиларини ташкил этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилишида шаҳар партия ташкилоти, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳининг амалий иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш турмуш фаровонлиги ортишига хизмат қилади. Демак, депутатлар ва фаоллар истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларга маҳаллий ҳамда хорижий сармоядорларни кенг жалб этиш бўйича ташаббус кўрсатиши, бундай ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаши керак.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 2011 йилдан ҳозирга қадар 6 та масала ўрганилиб, сессия кун тартибига олиб чиқилган. 2012 йилнинг ўзида депутатлик гуруҳи томонидан 56 та, 2013 йилнинг ўтган даврида эса 6 та масала доимий комиссия йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Шундан 2 таси сессия кун тартибига олиб чиқилиб, муҳокама этилган. Жумладан, жорий йилда Тошкент шаҳар Кенгашининг 25-сессиясида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида»ги масала сессия кун тартибига киритилди.

Менимча, депутатлик гуруҳи яна бир муҳим масалага эътиборни кучайтириши керак. Яъни, манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ қарорлар ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатиш талаб этилади. Депутатлик назорати нафақат маҳаллалар билан, балки маҳалладаги ҳар бир хонадон, керак бўлса, ҳар бир сайловчи билан доимий боғлиқликда олиб борилиши лозим. Назорат-таҳлил тартибида ўрганиладиган ҳар бир масала учун, албатта, ишчи гуруҳи тузилиши ҳамда унинг иш режаси бўлиши зарур. Шунингдек, мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш мунтазам равишда олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, доимий комиссиялар ва сессиялар қарорлари ижроси устидан доимий назорат олиб бориш зарур. Мана, масалан, битта долзарб масала сессия маҳокамасига олиб чиқилди. Энди шу масала юзасидан қабул қилинган қарор пойтахтимизда қандай ижро этилмоқда, аҳоли томонидан бу борада эътирозлар бўлмаяптими? Мана шу каби саволларга жавоб излаш ҳам, албатта, депутатлик назоратига киради.

Ғайрат ЗУПАРОВ, Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси раҳбари:

— Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурига мувофиқ жорий йилнинг биринчи чорагида шаҳарда 26 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Иш ўринлари очилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳар ой тегишли ишчи гуруҳларига ва халқ депутатлари шаҳар Кенгаши доимий комиссияларига тақдим этиб борилмоқда.

Биздаги маълумотларга қараганда, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан уч томонлама шартномалар имзолаш ишлари айни пайтда 87 фоизга бажарилган. Шундай бўлсада, белгиланган вазифалар айрим туманларда тўлиқ бажарилмаяпти. Масалан, Олмазор, Сергели, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида шу билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди.

Шу ўринда маҳаллий вакиллик ҳокимиятининг назорати, белгиланган дас­турлар ўз вақтида, масъулият билан ижро этилишига таъсир ўтказиши муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Фарида АБДУРАҲИМОВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳларимиз муайян ташаббусларни илгари сураяпти. Жорий йилда шаҳардаги касб-ҳунар коллежларини 36 мингдан ортиқ ёшлар битиради. Уларнинг 26 мингдан ортиғи бевосита шаҳарда доимий яшайдиган ўғил-қизлардир. Битирувчиларни мутахассислиги асосида ишга жойлаштириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаяпти. Аммо шунга қарамай, тиббиёт, педагогика ва ҳуқуқшунослик йўналишлари бўйича таҳсил олган ёшларни ишга жойлаштириш муаммо бўлмоқда. Бу масалани ҳал қилиш бўйича депутатлик гуруҳимиз тегишли вазирлик ва ташкилотларга таклиф-тавсиялари билан чиқиши керак...

Семинарда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳининг оилавий тадбиркорлик, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ресурс ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда, аниқ инвестицион дастурлар тузиш борасида ҳамкорликни янада жонлантиришга келишиб олинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.