04.07.2013

АХБОРОТ ОЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙДИ

Президентимизнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқ­аруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги Фармойишига асосан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари негизида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.

Самарқанд вилоятида ҳам қонун лойиҳаси синови бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Ҳуқуқий эксперимент ўтказишга доир белгиланган чора-тадбирларга асосан, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий эксперимент субъектларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот билан эркин танишишлари учун барчага қулай бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биносидан махсус хона ажратилган. Бу ерда қонун лойиҳасида кўрсатилган талаблар бўйича шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, ташриф буюрувчилар бу ерда вилоят ҳокимлигининг иш тартиби, фуқароларни қабул қилиш тартиби, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда бошқа ахборотлар билан танишишлари мумкин.

Таъкидлаш керакки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, улар ҳақида ахборотларни ҳеч қандай тўсиқларсиз олишда ахборот хизматларининг ўрни беқиёс. Шу сабабли ҳуқуқий эксперимент субеъктлари бўлган барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот хизмати раҳбари ва масъул ходими вазифасига ходимлар қабул қилинди. Ахборот хизматларининг моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда улар нафақат оммавий ахборот воситалари вакиллари, балки барча фуқаролар учун ахборот олишнинг ишончли манбаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Вилоят ҳокимлигининг интернетдаги www.­samar­kand.uz расмий веб-сайтида ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш доирасида аҳолини, жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институтларини экспериментнинг вазифалари, мақсадлари, тартиби ва бориши, вилоят ҳокимлиги томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳақида махсус бўлим ташкил этилган. Бундан ташқари, веб-сайт орқали вилоятда ҳуқуқий эксперимент доирасида ўтказилаётган тадбирлар мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.

Шунингдек, интернетдан фойдаланувчилар веб-сайт орқали эксперимент ўтказилаётган субъектлар раҳбарларига бевосита савол ва мурожаатлар йўллаш, уларга ўз вақтида жавоблар олиши ҳамда тегишли муносабат билдиришлари учун махсус хизмат йўлга қўйилган.

Ҳар ойда вилоят ҳокимлиги веб-сайтига аҳолининг кенг қатламлари вакилларидан, шунингдек, юридик шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан ўртача 70 та атрофида мурожааат қабул қилиниб, уларга тегишли жавоблар қайтарилаяпти.

Шунингдек, барча туман, шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари қо­нун лойиҳаси талаблари асосида ташкил этилаяпти. Эксперимент субъ­ект­ларига киритилган идораларнинг 25 тасида веб-сайтлар янгидан ташкил этилди.

Вилоятдаги ва республика оммавий ахборот воситаларининг Самарқанддаги вакиллари учун ҳуқуқий экспериментнинг боришига оид матбуот конференцияси мунтазам уюштирилмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида вилоят телевидениесида «Очиқ мулоқот» кўрсатуви ҳам ташкил этилди. Унда вилоят, туман ҳамда шаҳарлар раҳбарлари, бошқарув органлари, йирик корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирокида очиқ мулоқотлар уюштирилмоқда.

Умуман, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси талаблари асосида қилинаётган ишлар фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конс­титуциявий ҳуқуқлари амалда кенг таъминланишига хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошаётгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар олдидаги масъулияти, ўз навбатида, фуқароларнинг ислоҳотлар тақдирига дахл­дорлик ҳисси кучайиши кузатилмоқда.

Бекзод Шукуров



DB query error.
Please try later.