04.07.2013

ГАРОВ РЕЕСТРИ

хизматлар сифати ошишининг муҳим кафолати бўлади Улуғбек ЗОКИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

Ҳозир ўз ишини ташкил қилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, шу орқали янги иш ўринлари ташкил этиш, оиласи фаровонлигини таъминлаш истагида юрган юртдошларимиз, айниқса, ёшлар жуда кўп. Бу ниятга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бирор иш бошлаш учун аввало яхши бизнес-режа, кейин уни амалга ошириш учун бошланғич сармоя керак бўлади. Бунда тижорат банкларининг кредитларидан фойдаланиш мумкин. Аммо кредит беришнинг ҳам ўз тартиб-қоидаси, меъёрлари бор. Шулардан бири гаров масаласидир.

Бугунги кунда таъминот предметининг ҳуқуқий мақомини тезкорлик билан аниқлаш имконини берувчи ягона гаров реес­т­ри мавжуд эмас. Бу кредиторлар, қарз олувчилар, таъминот берувчилар учун гаровни расмийлаштириш бўйича қарор қабул қилишда айрим қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида, шунингдек, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида «Гaров рeестри тўғрисидa» қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.

Яқинда ана шу ғоя ва вазифалар асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида муҳокама қилинди ҳамда ҳозирда маромига етказилаяпти.

Аввало таъкидлаш керакки, қонун ло­йиҳаси молиявий хизматлар бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, рақобатни кенгайтириш имконини беради, энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ замонавий бозор инфратузилмаси шаклланишига шароит яратади. Шунинг билан бирга, таъминотдаги мол-мулкни ҳисобга олиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ягона базани ташкил этишнинг ҳуқуқий асосини белгилашга, таъминот предметини ноқонуний сотиш ва бегоналаштиришнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси орқали жорий қилинаётган меъёрлар, шунингдек, таъминот бўйича маълумотлар ҳисобини юритиш, сақлаш ва алмашинув муносабатларини тартибга солиш имконини беради. Унга мувофиқ гаров реест­ри – гаров таъминотларига нисбатан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, уларнинг ўзгартирилиши, бекор бўлиши юзасидан электрон шаклдаги ёзувлардан ташкил топган маълумотларнинг ягона базаси ҳисобланади.

Гаров реестрини ташкил этишдан мақсад таъминотга эгалик ҳуқуқи бўлган ёки мазкур ҳуқуқларга эга бўлишни хоҳловчи шахслар учун ишонч­ли маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва тақдим этиш, шунингдек, потенциал қарз олувчига таъминотлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш ва мазкур мол-мулкка учинчи шахсларнинг ҳуқуқи борлигини аниқлашдан иборатдир.

Мол-мулкдан таъминот сифатида фойдаланиш ва тижорат банклари томонидан таъминотга олинган мол-мулк асосида кредит рискларни камайтириш ҳисобига кичик бизнесни ривожлантириш учун кредитлар ажратишни янада кенгайтириш, кредитлаш жараёнини янада такомиллаштириш ҳам қонун лойиҳасининг муҳим мақсад-вазифаси ҳисобланади. Шунинг учун қонун лойиҳасида ягона маълумотлар базаси кўринишидаги таъминотлар реестрини ташкил этиш, реестрда рўйхатга олинадиган таъминот турларини аниқлаш, реестр сақловчисини, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, актив эгалари, шунингдек, улар кредиторларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини қонуний белгилаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан хорижий мамлакатларнинг гаров реестри тизимини тартибга солувчи қонунчилиги, халқ­аро тажриба ўрганиб чиқилган, таҳлил қилинган.

Жаҳон банки гуруҳининг гаров реестри ва таъминот бўйича битимлар масалалари бўйича экспертлари мазкур қонун ло­йиҳаси гаров реестрини тартибга солувчи халқаро амалиёт ва замонавий тамойилларга жавоб беришини қайд этишган.

ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, мамлакатимизда кредитлаш тизимини такомиллаштириш, кредитлар ажратишни кенгайтириш, мол-мулкдан таъминот сифатида фойдаланиш ва тижорат банклари томонидан таъминотга олинган мол-мулк асосида кредит риск­ларини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этди. Фракциямиз аъзолари таъминотлар предметининг ҳуқуқий мақомини тезкорлик билан аниқлаш имконини берувчи ягона гаров реестри ташкил қилиниши муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлашди.

ЎзХДП Дастурида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун кредитлаш тизимини ривожлантириш, шу ор­қали ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш, энг муҳими, аҳоли бандлиги, даромадларини ошириш муҳим вазифалар этиб белгиланган. Қонун лойиҳасида молия­вий хизматлар бозорида мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва рақобатни кенгайтириш, энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ замонавий бозор инфратузилмаси шаклланиши учун шароит яратиш масалалари ўз аксини топгани партиямиз Дастурининг устувор вазифаларига мос келади.

Фракциямиз қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уни такомиллаштиришга доир таклифларини масъул қўмитага тақдим этди.



DB query error.
Please try later.