02.07.2013

Мустақиллигимиз ва қадр-қимматимиз тимсоли

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун.

Президентимиз Ислом Каримов 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Бу билан мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди. Халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўл – эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида яна бир муқаддас тимсолга эга бўлди. Ўзбекистон халқи ўз қадр-қимматини, таянчи ва суянчини чуқурроқ англай бошлади.

Аждодларимиз давлат тамғасини азалдан муқаддас тимсол, деб билган. Маҳмуд Қошғарий “Девону луғатит турк” асарида тамғани “подшоҳнинг ҳукмдорлик тамғаси ва муҳри”, деб изоҳлайди. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзилишича, XIII-XV асрларда Ўзбекистон ҳудудида савдо карвонларидан олинадиган солиқ “тамға солиғи”, деб аталган.

Соҳибқирон Амир Темур тамғасида “Куч – адолатда” маъносини англатувчи ёзув-муҳр бўлган. Улуғ бобомиз салтанат асосини ана шу улуғ ҳикмат асосига қурган. Буларнинг барчаси давлат тамғаси халқимиз ҳаёти ва миллий давлатчилик тарихимизда озодлик, ғурур-ифтихор ва ор-номус тимсоли бўлганидан, боболаримиз уни муқаддас ва азиз санаганидан далолатдир.

Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида янги давлат асосини мустаҳкамлаш, халқимизга хос ва мос янги жамият барпо этиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат рамзларини, шу жумладан герб лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёни кенг муҳокамадан ўтказилди. 1992 йил 2 июль – тарихимиз ва миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган давлатимиз герби қабул қилинган кун, халқимиз озодлигининг яна бир тимсоли сифатида тарихдан жой олди.

Шу санадан эътиборан давлатимиз герби тасвири мамлакатимиздаги барча давлат ташкилоти бинолари пештоқига ўрнатилди. Олий рамзимиз тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ҳужжатлардан жой олмоқда.

Ўзбекистон герби давлатимиз чегараларида ўрнатилди. Бу мустақил Ватанимиз тенглар ичра тенг бўлганининг ёрқин далили эди.

Бугун Ўзбекистон ёшлари спорт, санъат, илм-фан ёки бошқа йўналишда халқаро майдонда ғалабага эришар экан, байроғимиз баланд кўтарилиши ва мадҳиямиз баралла янграши билан бирга гербимиз ҳам ўзга давлатлар тамғасидан юқорироқ ўрин эгаллайди. Шундай лаҳзаларда мустақиллигимиз қадр-қимматини, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикнинг аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.

Гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги теран рамзий маънога эга. Ўнг томондаги қийғос очилган пахта ва ғарқ пишган буғдой бошоқлари – халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканидан далолатдир.

Гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Мусамман ичидаги ярим ой – қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради.

Давлатимиз гербида яшил водий (обод турмуш) узра қуёш (мангу ёруғлик манбаи) нур сочаётган тасвир туширилган. Пурвиқор тоғлар оралаб оқаётган дарёлар – авлодлар оша яшаб келаётган мангу қувват тимсоли, халқимиз кўзлаган юксак марралардан далолатдир.

Гербимиз марказида саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Халқимиз Ҳумони азал-азалдан бахт ва давлат қуши сифатида тасаввур этган. Байроғимизни ифодаловчи чамбар бандида “Ўзбекистон” сўзи битилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек, мамлакатимиз фуқаролари, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган барча шахс давлатимиз гербини ҳурмат қилишлари шарт. 2010 йил 25 декабрдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун давлатимиз гербидан фойдаланиш қоидаларини ҳам янада мустаҳкамлади.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга киритилган 5-1-моддага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон гербининг тасвири туширилган белгилардан тижорат мақсадларида фойдаланиш ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган 203-1-моддага кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур янги қонун халқимиз, аввало, ёшларимиз қалбида давлатимиз рамзларидан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Муқаддас тимсолларга ҳурмат туйғусини тарбиялайди, миллий ғурурни юксалтиради.

...Ҳар куни гербимиз тасвири туширилган миллий валютадан фойдаланамиз, унинг юксакдаги тасвиридан ғурур туямиз. Чунки Ўзбекистон герби – давлатимиз суверенитетини ифодалайдиган муқаддас тимсол, халқимиз ор-номуси ва шаънини мустаҳкамлайдиган катта бир дарсликдир. Зотан, ўз қадр-қимматини, таянчи ва суянчини англаган халқ ўз миллий тимсолларини ҳамиша эъзозлайди, маънавияти бутун халқни ҳеч қандай куч ўзи танлаган йўлдан чалғита олмайди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.