02.07.2013

ФАҚАТ МУСТАҚИЛЛИК ОРҚАЛИ

киши ўз ор-номуси ва ғурурини англайди, улуғ мақсадларга эришади

Шу кунларда халқимиз буюк тарихий сана — Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Шундай пайтларда мустақилликнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини, беқиёс ўзгариш ҳамда янгиланишлар моҳиятини янада теранроқ англаймиз, истиқлолнинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ эканини дилдан ҳис этамиз. Бу эса кишиларни катта мақсадлар йўлида янада бирлашиб, интилиб яшашга ундайди.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида биз учун энг улуғ, энг азиз бўлган айёмга муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда юртимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақилликни асраш ва мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади. Шундай экан, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирларида партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари фаол иштирок этиши зарур.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мус­тақил Ўзбекистон!» мавзусидаги давра суҳбатида бу ҳақда батафсил сўз юритилди. Президент Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари иштироки бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Қарорда «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дас­турини тайёрлаш, унда бир қатор ҳаётий долзарб масалаларга эътибор қаратиш кераклиги белгиланган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Партиямиз ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик гуруҳлари халқимиз учун энг улуғ, энг азиз байрамни кўтаринки руҳда ўтказишда ҳар жиҳатдан муносиб иштирок этиши зарур. Бунда Ўзбе­кис­­тоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли — ўзбек моделининг мамлакатимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда энг тўғри, энг оқилона йўл сифатида танланганини, ўтган йиллар давомида бу йўл юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятимиз ҳаётида синовдан ўтиб, амалда ҳар томонлама ўзини оқлагани аҳоли ўртасида ўтказиладиган тар­ғибот ишлари, жонли суҳбатларнинг асосий йўналиши бўлиши лозим.

Давра суҳбатида таъкидландики, бугун эришган барча ютуқларимиз асосини, аввало, халқимиз иродаси тиклангани, дунёқараши, ҳаётга ва меҳнатга муносабати ўзгаргани ташкил этмоқда. Шунинг учун тадбирларда одамларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, маданий савияси ва ижтимоий фаоллиги ошиб бораётганига алоҳида эътибор қаратиш керак.

– Истиқлолимизнинг даст­лабки йилларидан асосий эътибор юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва турмуш фаровонлигини таъминлаш масаласига қаратиб келинаяпти, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси Абдулла ОРИПОВ. — Йигирма икки йиллик тараққиёт йўли бизнинг халқимиз дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда кўрсатди. Шундай пайтда ҳар биримиз мустақиллик бу аввало ҳуқуқ эканини, фақат мус­тақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, ­халқимиз ўтган даврда турли синов ҳамда қийинчиликларга қарамасдан, мустаҳкам ирода, қатъият ва матонат кўрсатгани, юртимизнинг порлоқ келажагини таъминлашда бунинг аҳамияти ҳақида мушоҳада юритишимиз зарур.

Аҳоли орасида ташкил этиладиган тадбирларда бу ҳақда одамларнинг фикрларини тинглаш, кўпни кўрган нуронийлар, мустақилликни қўлга киритиш ҳамда уни асраш борасидаги курашларда бошидан оғир кунларни ўтказган юрт­дошлари­миз­нинг самимий фикр-мулоҳазалари орқали мустақиллик деган буюк тарихий ҳодисанинг қадр-қиммати ва аҳа­миятини ёш авлод қалбига чуқур сингдириш лозим.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида мамлакатимизда эришилган ютуқлар қаторида яна бир нарсани алоҳида эътироф этмасдан бўлмайди. Истиқлол йилларида юртимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузи ошиб, хотин-қизлар иқтидор ва имкониятларини намоён этиши учун кенг шароит яратиб берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2003 йилда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритилиб, сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Бу опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. 2012 йилда аёллар учун яратилган иш ўринлари 450 мингдан ошгани ҳам эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Давра суҳбатида Ўзбе­кис­тон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, ЎзХДП аъзоси Элмира ­Боситхонова шу ҳақда алоҳида тўхталди. Оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти, бу борадаги давлат сиёсати изчил давом эттирилаётганини тарғиб қилиш лозимлигини таъкидлади. Шу ўринда Хотин-қизлар қўмитаси ва партиянинг ҳамкорлигини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.

Давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон Халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Тоиров, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Бону Азизова сўзга чиқиб, истиқлол даври Ватанимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлгани, бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар қилаётган замон қаҳрамонларини ибрат қилиб кўрсатиш, камол топаётган фарзандларимиз ҳаётимизнинг асосий, ҳал қилувчи кучи сифатида майдонга чиқаётганини таъсирчан мисолларда ифода этиш лозимлигини таъкидлашди.

Давра суҳбати якунида энг улуғ, энг азиз байрамни муносиб кутиб олиш, кўтаринки руҳ, уюшқоқлик билан ўтказиш, мустақиллик моҳияти, ҳаётимиздаги ўрнини изчил тарғиб этишда барча даражадаги партия ташкилотларининг вазифалари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда «Мус­тақиллик арафасида ёхуд шўроларнинг сўнгги талвасаси» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири



DB query error.
Please try later.