Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
02.07.2013

ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАРГА ЭРИШИШ УЧУН

тизимли фаолиятни кучайтириш зарур

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия ҳаёти, партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.

Партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов бугунги кун партия ташкилотларидан ўз фаолиятини доимий равишда кучайтириб боришни, тизимли асосда фаолият кўрсатишни талаб этаётгани, қилинаётган ҳар бир иш аниқ мақсадга қаратилиши ҳамда самарали натижа бериши шартлигини таъкидлади.

Ижроия қўмита Фарғона вилоятида партия «Фаол аёллар» қанотининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган аёл депутатларимиз билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларининг аҳволи ҳақидаги масалани муҳокама этди.

Таъкидландики, Фарғона вилоятида «Фаол аёллар» қаноти депутат аёллар билан биргаликда қатор ишларни амалга оширмоқда. Бир нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, бир нафар Сенат аъзоси, 39 нафар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари бўлган хотин-қиз партиядошларимиз билан ҳамкорлик «Фаол аёллар» қаноти фаолиятини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Мисол учун «Мустаҳкам оила — жамият таянчи» лойиҳасини амалга ошириш натижасида депутатларимиз турли масалаларни халқ депутатлари Қўштепа, Ўзбе­кис­тон, Бувайда туман Кенгашларининг доимий комиссиялари муҳокамасига олиб чиқишгани фикримизнинг тасдиғидир.

Бироқ вилоятда қанот фао­лиятида қатор камчиликлар ҳам мавжуд. Ҳужжатларда барча ишлар кўнгилдагидек ташкил этилган бўлсада, амалда улар талабга жавоб бермайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига пар­тия­миздан бирор нафар ҳам аёл депутат сайланмагани боис қанотнинг вилоят Кенгаши депутатлари билан ҳамкорлиги қониқарли даражада эмас.

Йиғилишда Сурхондарё вилоятидаги ЎзХДП Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини ўрганиш якунлари кўриб чиқилди. Таъкидландики, Жамоатчилик қабулхоналари партия электорати билан доимий алоқа боғлаб туриш, унинг муаммоларини ўрганишнинг муҳим воситасидир. Сурхондарё вилоятида ҳам бугунги кунда партиямизнинг 15 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият кўр­сатмоқда. Улар орқали 2012 йилда жами 621 та мурожаат қабул қилинган, уларнинг 67,5 фоизи ижобий ҳал этилган.

Шу билан бирга жойларда ижтимоий масалалар мониторингини тизимли амалга ошириш, партия электорати манфаати билан боғлиқ масалаларни таҳлил этиб, маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб кириш борасида ташаббус кўрсатилмаяти. Фуқароларни қабул қилиш, кўтарилаётган муаммоларни ҳал этиш борасида депутатлар ваколатларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Жамоатчилик қабулхоналари ишига кўпгина туман партия кенгашлари раҳбарлари масъулият билан қарамаган. Бунинг оқибатида ҳал этилмай қолаётган мурожаатлар сони ошгани кузатилган.

Айни пайтда Ўзбекистон ХДП бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари якунига етказилмоқда. Ижроия қўмита бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишларининг ўтказилиши билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама этди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 1 майидан 21 июнига қадар 7755 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилди. Уларда партиянинг 260 мингга яқин аъзоси, 60 мингга яқин партияга аъзо бўлмаган хайрихоҳлар иштирок этди. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида бош­лан­ғич ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил этилиб, олдинда турган долзарб вазифалар муҳокама қилинмоқда. Шу вақтга қадар 1274 та бошланғич ташкилотга янги раислар сайланди.

Айрим жойларда эса ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказишда қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ушбу муҳим жараёнга партия кенгашлари масъул ходимлари, сайланма органлари аъзолари етарли даражада жалб этилмаган. Баъзи ҳолларда расмиятчилик, йиғилишдан сўнг БПТда аъзолар сони камайиши каби ҳолатлар учрамоқда.

Шунингдек, Марказий Кенгаш Ижроия қўмитаси партия ташкилотларининг дастурий мақсадларни амалга ошириш борасидаги ишлари оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ҳамда ОАВ билан ишлашни янада такомиллаштириш, партия тизими учун кадрлар танлаш ва захирадаги кадрлар билан ишлаш масалаларини ҳам батафсил муҳокама этди. Йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш учун партия кенгашлари етакчилари, партиянинг тегишли тузилмалари раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоев, партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлари Рустам Комилов, Шарбат Абдуллаева ҳамда бошқалар партия дастурий мақсадларини амалга оширишда барча имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлашди.

Бугун замон шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар чуқурлашаётган, сиёсий партияларнинг ваколатлари кенгаяётган бир шароитда партия ташкилотлари фаолиятини тобора такомиллаштириб бориш олдимиздаги муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Ижроия қўмита йиғилишида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бекзод ШУКУРОВ 


DB query error.
Please try later.