02.07.2013

Жамоат транспорти тозалигига риоя этиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир

1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини оширишга доир иккита ойлик бўлиб ўтади. Шу кунлар давомида «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси томонидан пойтахтимиз жамоат транспортида тозаликни сақлаш, йўловчиларнинг ўзини тутиш маданияти ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилади.

Пойтахтимизда ҳар куни шаҳар жамоат транспорти хизматидан қарийб 1,3 миллион киши фойдаланади. Ҳар бир йўловчи жамоат транспортида ўзини тутиш маданияти ва тозаликка риоя этиш ҳақида ўйлаши керак. Қулай ва озода жамоат транспорти иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисмигина бўлиб қолмай, балки шаҳар ҳақидаги илк тасаввурни ҳам шакллантиради.

«Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси ходимлари жамоат транспортларининг самарали фаолият кўрсатишини ҳам назорат қилмоқда. Ҳар куни йўналишлар бўйлаб умумий узунлиги 3550 километрдан иборат 25 мингга яқин транспорт қатнови амалга оширилади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 11 январда қабул қилинган «Тошкент шаҳрида йўловчи транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони шаҳарда йўловчи ташиш соҳасини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим меъёрий ҳужжатлардан биридир.

Пойтахтимизда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифати яхшиланиб, йўналишлар тармоғи оптималлаштирилди ва маъмурий-бошқарув сарф-харажатларини камайтиришга эришилди. Йўналишлар масофасининг узоқлиги ва йўл ҳақи учун тўловнинг арзонлиги бўйича автобус ва трамвайлар ҳамон энг кўп фойдаланиладиган жамоат транспорти бўлиб қолмоқда. Зеро, бугун биз ушбу транспорт воситаларида шаҳарнинг исталган манзилига етиб олишимиз мумкин.

Замонавий техника воситаларидан фойдаланиш йўналишларда бир маромда ҳаракатланишни йўлга қўйиш имконини бермоқда. Натижада йўловчилар зарур автобус ёки трамвайни кутиш учун кўп вақт сарф­лашининг олди олинди.

Бугун шаҳримиз бўйлаб ўнлаб йўналишларда Mersedes-Benz ва Isuzu русумидаги қулай, шинам автобуслар қатнамоқда. Яқинда улар сафига мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган янги Samauto LE 60 автобуси ҳам қўшилди.

Жамоат транспортлари мунтазам равишда тегишли санитария-гигиена жараёнларидан ўтказилиши уларни тоза ва озода ҳолатда сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Афсуски, кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Масалан, айрим йўловчилар автобус салонига писта пўчоғи, қоғоз, пластмасса идишлар ташлаб ёки ўриндиқларга сақич ёпиштириб кетишади. Чунончи, яқинда 1-йўналишда қатнайдиган автобусга чиққан бир гуруҳ ўқувчи ёшлар қулай ўтириб олгач, бири ўртоқларига конфет улашди. Улардан икки нафари конфет қоғозини ғижимлаб, ўриндиқ остига ташлади, конфетдан бўшаган қутини эса ойнадан ташқарига отиб юборди. Сўнгра сув ичиб, идишни ҳам ўриндиқ тагига қўйди.

Ўриндиқлар, ҳатто салон шифтидаги кўплаб ёзувлар, бураб чиқарилган болтлар ҳам айрим йўловчиларнинг жамоат транспортида ўзини тутиш маданиятини билмаслигидан далолат беради.

— Ҳар куни иш бошланишидан олдин ва кун охирида ҳар бир жамоат транспорти кўздан кечирилади, барча қурилмалар, узелларнинг ишлаш ҳолати ўрганилади, санитария аҳволи, двигатель ва агрегат қисми текширилади, — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси раисининг ўринбосари Исмоил Баҳодиров. — Пойтахтимиздаги барча, ўнта, автобус парки  малакали ходимларга эга. Жамоат транспортининг тозалиги ва унда йўловчиларнинг ўзини тутиш маданияти фаолиятимизнинг муҳим таркибий қисмидир. Шу сабабли 1 июлдан 31 август­га қадар йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш бўйича иккита ойлик ўтказилади. Бу борада турли тадбирлар ўтказиш режаси белгиланган. Пойтахтимизда ҳаракат қиладиган автобус ва трамвай ҳайдовчилари, кондукторлар билан улар киядиган кийимнинг озодалиги, шунингдек, йўловчиларга нисбатан хушмуомала бўлиш маданияти мавзусида суҳбатлар ўтказилади.

Ҳафтанинг ҳар жума куни ҳайдовчилар кабинасининг тозалиги назорат текширувидан ўтказилади. Уларда безаклар, тумор ёки катта плакатлар каби ортиқча буюмлар бўлмаслиги керак. Аксарият ҳайдовчилар кабинага ўзбошимчалик билан магнитола ва катта колонкали аудиотизимларни ўрнатиб олмоқда. Бу билан улар кўп ҳолларда нафақат йўловчиларнинг ғашига тегади, балки уларнинг ҳаётини ҳам хавф остига қўймоқда. Энди бундай ускуналар олиб ташланади.

Шу билан бирга, автопарк ишчилари баъзан беъмани ва хунук ишларга ҳам гувоҳ бўлмоқда. Бу ўринда гап транспорт воситасидаги «рассомлар» ҳақида бормоқда. Бундай воқеаларни кўпроқ трамвай вагонларида учратиш мумкин. Яқинда 26-йўналишда қатнайдиган трамвай салонида ўзим ҳам худди шундай ҳолат гувоҳи бўлдим. Бир гуруҳ болалар икки қатор ўриндиқни эгаллаб, нималарнидир қизғин муҳокама қила бошлади. Улардан бири эса рангли қаламда олдинги ўриндиқнинг орқа томонига ғаро­йиб шакл бера бошлади. Бироқ, у ўзининг ажойиб «санъат асари»ни ниҳоясига етказа олмади. Бунга 70 ёшлардаги нуроний отахон халал берди. У болаларга трамвай кўпчилик томонидан фойдаланиладиган умумий мулкимиз экани, бинобарин, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақида мулойимгина қилиб тушунтирди. Унинг сўзларини диққат билан тинглаган болалар бундан буён жамоат транспортида ўзини яхши тутиш ва бошқаларнинг меҳнатини ҳурмат қилишга ваъда берди.

Дарҳақиқат, жамоат транспортини тоза ва озода сақлаш, ундан унумли фойдаланиш нафақат транспорт хизмати ходимларининг, айни пайтда барча йўловчиларнинг ҳам вазифасидир.         

Р.БОНДАРЧУК,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.