Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.06.2013

Юксак рағбат ва эътибор – фаоллик омили

Фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни янада эркинлаштириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни оммага очиқ, холис ва тезкор етказиш – давр тақозоси.

Мустақиллик йилларида миллий оммавий ахборот воситалари фаолияти сифати ва таъсирчанлигини, журналистлар маҳоратини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибордан мақсад – халқимизнинг оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдир. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзини юртпарвар деб ҳис қиладиган ҳар бир журналистнинг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдонда муносиб обрў-эътибор қозониши, бугунги нотинч замонда она юртимизни асраб-авайлаш, дўстни душмандан, оқни қорадан ажратишга, аҳолимизни доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этишда ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида аҳамиятга эга.

Бу жиҳатлар 27 июнь куни мамлакатимизда кенг нишонланган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни тадбирларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Шу куни Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун байрам сайллари ташкил этилди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган байрам тадбирида вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, журналистлар, олий ўқув юртлари журналистика факультетларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Ш.Ғуломов, маданият ва спорт ишлари вазири М.Ҳожиматов, Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори О.Юнусов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ахборот эркинлигини таъминлашга, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикрини, содир бўлаётган воқеаларга муносабатини ифода этадиган минбарга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мустақиллик йилларида миллий матбуотимиз замонавий талаблар асосида тубдан янгиланиб, ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони 1991 йилга нисбатан 3,5 баробар ортиб, 1326 тага етди. Бугун босма нашрларнинг қарийб 53 фоизи, теле ва радиоканалларнинг 64 фоиздан зиёди, веб-сайтларнинг эса 98 фоиздан ортиғи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.

Мамлакатимизда яшайдиган миллат ва элатларнинг тўққиз тилида босма нашрлар фаолият юритмоқда, кўп тилли веб-сайтлар сони ҳам ошиб бормоқда. Телекоммуникациялар тизими сунъий йўлдош орқали дунёнинг 180 мамлакатига 28 йўналиш бўйича тўғридан-тўғри узатиладиган халқаро каналларга эга.

Президентимиз Ислом Каримов баён этган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги каби қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилишда матбуот вакиллари фаол иштирок этмоқда. Бу оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарорига биноан оммавий ахборот воситалари, нашриёт, полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Бу нашриёт-матбаа ишларини модернизациялашни давом эттириш, ходимларга иш ва қалам ҳақи тўлаш ишларини, кадрлар салоҳияти ва малакасини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган «Йилнинг энг фаол журналисти» анъанавий республика кўрик-танлови фаол ва изланувчан, жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида кечаётган ислоҳотларни халқимизга етказишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган фидойи журналистларни аниқлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилги танловга 142 ҳамкасбимиз томонидан 3 мингга яқин ижодий иш тақдим этилди.

Тадбирда “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танловининг бу йилги ғолиб ва совриндорларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ўз ижоди билан юртимизда спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларни спортга кенг жалб этишга фаол ҳисса қўшаётган бир гуруҳ журналистлар тақдирланди.

Мамлакатимиз медиа муҳити ривожида заҳматкаш ноширлар, матбаа соҳаси ишчи-хизматчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ноширлар ва матбаа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши нашриёт”, “Энг яхши матбаа корхонаси”, “Энг яхши муқоваловчи”, “Энг яхши босма устаси” ва “Энг яхши технолог” номинациялари бўйича ўз мукофотларини таъсис этди. Йиғилишда мазкур номинациялар бўйича ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мукофотланганлар номидан сўзга чиққан “Ёшлар” телерадиоканали катта муҳаррири Насриддин Асриддинов, Қорақалпоқ давлат университети Журналистика кафедраси катта ўқитувчиси, “Қорақалпоқ давлат университети ахборотномаси” масъул котиби Тамара Машарипова, “Uzbekistan Today” газетаси мухбири Екатерина Соболева юртимиз оммавий ахборот воситаларини жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш ва ижодкорлар меҳнатини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

– Давлатимиз раҳбарининг табригини тинглаб, мустақил Ватанда эркин ижод қилиш катта бахт эканини яна бир карра чуқур ҳис этдик, – дейди “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танлови ғолиби, НТТ телеканали мухбири Ҳабиб Пўлатов. – Бундай танловлар ва юксак ғамхўрлик ижодий рағбат, фаоллик ва изланишга ундайди. Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотлар бераётган юксак самараларнинг аҳамиятини оммага янада тезкорлик ва холислик билан етказиш борасидаги ишларимизга янги куч-қувват бағишлайди.

Байрам тадбири санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерти билан якунланди.

Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Икромов иштирок этди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.