28.06.2013

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, сиз, азизларни, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа соҳасида хизмат қилаётган инсонларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан муборакбод этишдан ва барчангизга ўз ҳурмат-эҳтиромимни билдиришдан хурсандман.

27 июнь куни – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни деб эълон қилинган бу санага бу йил роппа-роса йигирма йил тўлаётгани нафақат соҳа хизматчилари, балки уларнинг ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, барча зиёлиларимиз томонидан мамлакатимизда қутлуғ байрам сифатида нишонланаётгани ҳаммамизга катта мамнуният етказади.

Ҳеч шубҳасиз, ана шу тарихан қисқа даврда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари жамиятимизда амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, замон талабларига жавоб берадиган демократик янгиланишларнинг кўзгусига, одамларимизни, кенг оммани янгича фикрлашга, маънавий уйғоқликка, онгу тафаккуримизни ўзгартиришга даъват этадиган қудратли кучга, қисқача айтганда, кундалик ҳамроҳимизга айланиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Юртимизда янги ҳаёт қуриш, янги марраларни эгаллаш борасида босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлимизни сарҳисоб қилар эканмиз, Ватанимиз эришган барча-барча ютуқларда, ҳаётимизда амалга оширилаётган, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган улкан ўзгаришларда сиз, азизларнинг муносиб ҳиссангиз борлигини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири ортиб, халқимиз ўртасида “Тўртинчи ҳокимият” сифатида тобора катта ишонч ва ҳурмат қозониб бораётган экан, бунинг негизида авваламбор журналистлар, кўп ҳолатларда кўзга ташланмайдиган камтарин муҳаррирлар, ноширлар, матбаа соҳаси ва замонавий ахборот-коммуникация тармоқларининг минг-минглаб заҳматкаш ишчи-хизматчиларининг кундалик оғир ва сермашаққат меҳнати мужассам, десам, ўйлайманки, кўпчиликнинг фикрини ифода этган бўламан.

Шу борада жамиятимизнинг бугунги ва эртанги куни бўладими, узоқ келажаги ва порлоқ уфқлари бўладими, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонни дунёдаги тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтаришдек юксак марраларни кўзлаган қонунларимиз, дастурларимиз бўладими – буларнинг барчасини амалга ошириш учун халқимизга очиқ ва равшан қилиб етказиш, эл-юртимизни сафарбарликка чорлаш, руҳини кўтариш йўлида матбуот ва ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Ва бу оғир юкни, бундай масъулиятли вазифани сиз, азиз дўстларим шараф билан ўз зиммангизда, ўз елкангизда кўтариб келмоқдасиз.

Матбуот, телевидение, турли информация воситаларининг – бугунги глобаллашув замонида жаҳон миқёсида барча-барча ўлкалар ва халқлар ҳаётида ҳал қилувчи ўрин олаётган бу соҳанинг тобора ошиб бораётган аҳамияти ва таъсири ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Бугунги кунда жамият, фуқаролик институтлари, қолаверса, ҳар қайси инсоннинг ҳаёти айнан ахборот-коммуникация соҳалари билан узвий ва чамбарчас боғланиб бораётганини инобатга олмайдиган мамлакат ўз ривожида умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетиши ва интеллектуал бойлигидан жудо бўлиши табиийдир.

Ҳаётда ўз тасдиғини топган ана шу ҳақиқатни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини давр талаблари даражасига кўтариш учун уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш, машаққатли меҳнатини рағбатлантириш мақсадида марказий ва ҳудудий теле-радиоканаллар, вилоят ва туман газеталарида, мавжуд 150 дан зиёд нашриёт, 1630 дан ортиқ матбаа корхонасида кенг кўламли ислоҳотлар, техник ва технологик янгилаш жараёнлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. 
Шулар қаторида матбуот ва оммавий ахборот воситалари, нашриёт, матбаа корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотлар учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар берилгани, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар бугунги кунда ўзининг катта амалий самарасини бермоқда.

Айни вақтда аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини юксак даражада таъминлаш, телекўрсатувларнинг мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Фақатгина жорий йилнинг ўзида бу борадаги кўрсаткични 42 фоиздан 45 фоизга етказиш кўзда тутилаётгани айниқса эътиборлидир.

Жумладан, охирги вақтда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Маданият ва маърифат”, “Дунё бўйлаб”, “Болажон” телеканаллари ташкил этилгани, ҳеч шубҳасиз, бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг салоҳияти тобора ўсиб бораётганининг тасдиғини юртимизда оммавий ахборот воситалари сони 1991 йилга нисбатан қарийб 3,5 баробар ортиб, 1326 тага етгани, фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи шаклланиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, анъанавий ахборот тизимлари билан бирга интернет сайтлари, интернет-радио, интернет-телевидение ҳам ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ўзбекистон теле-радио каналлари томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар глобал тармоқ орқали реал вақт режимида дунёнинг кўплаб давлатларига узатилаётгани, юртимиз оммавий ахборот воситаларининг аксарияти интернетда ўз веб-сайтига эга экани мамлакатимизнинг халқаро медиамакондан муносиб ўрин эгаллаши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугунги байрам кунида нафақат ана шундай ижобий натижалар ҳақида сўз юритиш, балки матбуот ва оммавий ахборот воситаларимизнинг олдида турган долзарб вазифалар, йўлимизда ҳали-бери тўсиқ-ғов бўлиб, ўз ечимини кутаётган масалалар ҳақида холисона ва атрофлича фикр алмашиб олишимиз айни муддао бўларди.

Шу маънода, маънавий ҳаётимизни, бу йўналишда олиб бораётган сиёсатимизни, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан уйғун ва ҳамоҳанг ривожлантириш мақсадида бизнинг ўзлигимиз, ҳаёт ва тафаккур тарзимизнинг ифодаси бўлган миллий қадриятларни кўз қорачиғидек асраб, шу билан бирга, жаҳон миқёсида эришилган, эътироф этилган умумбашарий ютуқларга таяниб, уларни ўзлаштириб иш олиб боришимиз зарур. Ва айнан ана шундай мезонлар матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий тамойилларини ташкил қилиши керак.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ана шу талабларга жавоб бера оладиган, эски тузум асоратлари ва қолипларидан бутунлай холи бўлган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чет тилларни пухта эгаллаган журналистларнинг янги авлоди шаклланиб келаётгани барчамизни қувонтиради.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг жаҳон ахборот майдонида ўзини муносиб намоён эта олиши бугунги кунда жуда катта аҳамиятга эга. Мана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифани амалга оширишда давлатимиз, бутун жамиятимиз, шахсан ўзим зарур кўмак ва рағбатлантириш чораларини кўришга, сиз, журналистларнинг олдингизда пайдо бўлаётган турли муаммоларни биргалашиб ечишга тайёр эканимни билдиришни истардим.

Барчамизга яхши аёнки, эл-юртимиз, жамиятимиз журналистлар фаолиятига авваламбор уларнинг ўз Ватани, ўз халқи ҳаётига дахлдорлик туйғуси, гражданлик позицияси, ижтимоий масъулиятига қараб баҳо беради ва ўйлайманки, бу энг тўғри ва ҳаққоний баҳодир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги нотинч ва таҳликали замонда юртимиздаги тинч ва осуда, эркин ва фаровон ҳаётни асраш ва мустаҳкамлашда сиз, азиз журналистлардан халқимиз янада кўпроқ фаоллик ва жонбозлик кўрсатишни кутишга ҳақлидир. Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, бизнинг қандай буюк тарих ва меросга эга эканимизни англаб, ана шу бебаҳо бойликни қадрлаб яшайдиган, биз бошлаган улуғ ишларнинг муносиб давомчилари бўлган инсонлар этиб вояга етказишда матбуот аҳлининг ҳаққоний сўзи, унинг таъсири ғоят муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Муҳтарам дўстлар!

Бугун юртимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрамини кенг нишонлар эканмиз, миллий журналистикамиз ривожи йўлида ўзини аямасдан, фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча инсонларни, муҳтарам фахрийларимизни ушбу қутлуғ сана билан яна бир бор самимий табриклайман.

Доимо соғ-омон бўлинг, умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг, азизларим!

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.