28.06.2013

МУҚОБИЛ ЛОЙИҲАЛАР

ҳудудлар тараққиётига, қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади

Ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш, умуман, исталган соҳада бирон лойиҳанинг амалга ошиши, барқарор янги иш ўрни яратилиши ўз-ўзидан бўлмайди. Бу бир киши, фақат бир ташкилотга боғлиқ эмас. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурида кўзда тутилган иш жойларининг очилиши кўплаб лойиҳаларнинг амалга ошиши билан бевосита алоқадор. Агар лойиҳа охирига етмаса, режалаштирилган иш ўрни ҳам яратилмай қолади.

Шунинг учун ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турларида белгиланган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишини тизимли мониторинг қилишга, шу орқали ижросини таъминлашга, айни пайтда, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суришга эътиборни кучайтирмоқда. 

«ЎзХДП ташаббуслари: маҳаллий ресурс ва инфратузилма ҳисобидан Тошкент вилоятини ривожлантиришга қаратилган инвестиция дастурларига муқобил лойиҳалар» мавзусидаги амалий семинарда шу масалалар ҳақида фикр юритилди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Тошкент вилояти партия ташкилоти мутасаддилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, шунингдек, Марказий банк, вилоят солиқ, иқтисодиёт, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармалари, Савдо-саноат палатаси вилоят бўлими вакиллари иштирок этди.

Амалий семинарда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича ҳудудий инвестиция дастур­ларига муқобил лойиҳалар ишлаб чиқиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришнинг самарали шаклларини жорий этиш, буларнинг барчаси устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди. Пар­тия етакчиси электорат манфаатини ҳимоя қилишда мазкур вазифалар амалга оширилишининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

— Аҳоли бандлиги даражасини ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, умуман, бандлик масаласи партиямиз дастурий мақсадлари ҳаётга татбиқ этилишида муҳим ўрин тутади. — деди у. — Шунинг учун партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари бу борада учраётган камчиликларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиши, ижтимоий шерикчилик асосидаги ҳамкорлик муносабатларини кучайтириши талаб этилмоқда. Бандликни таъминлашнинг янги имкониятларини очиш бўйича амалий таклифларни илгари суриш ва улар ҳаётга татбиқ этилиши учун барча куч ва имкониятларни бирлаштириш, курашиш муҳимдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида депутатларнинг амалий иштирокини кучайтириш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди.

— Бугунги кунда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янгиларини барпо этишда инвестиция таклифларини кўпайтириш долзарб масаладир, — таъкидлади депутат. — Бунда партиямиз депутатлик гуруҳлари ҳу­дудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир келгуси режаларни вилоятларни ривожлантиришнинг истиқболли дастурлари билан ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқиши, бунинг учун зарур ахборот базасини шакллантириш жуда муҳим. Ҳозирда партиянинг парла­ментдаги фракцияси кўмагида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича амалий таклифлар тайёрлаш, бу борада мавжуд имкониятларни ўрганиш юзасидан бир қатор ишларни амал­га ошириб келмоқда. Бу ҳаракатни амалий ташаббуслар билан янада кучайтириш талаб этилмоқда.

— Тошкент вилоятида 2013-2015 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган, — дейди Тошкент вилоят иқтисодиёт бош бош­қармаси бошлиғи Файзулла Толибов. — Унинг доирасида жами 2240 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, шу орқали 24 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Хусусан, 2013 йилда вилоят миқёсида 1447 та лойиҳа ўзлаштирилиши ва 15618 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича мунтазам таклифлар киритиб борилмоқда. Жумладан, маҳаллийлаштириш дас­тури доирасида саноат соҳасини ривожлантириш лойиҳалари ўрганилди ва уларнинг бугунги кундаги ҳолати бўйича таклифлар киритилди. Январь-май ойларида вилоятда жами 260 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишида, 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилишида мазкур таклифлар ўзига хос ўрин тутди.

— Вилоят партия ташкилоти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига муқобил ва қўшимча таклифлар тайёрлаш бўйича тажрибаси ошиб бормоқда, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими Улуғбек Тошпўлатов. — Ўтган йили Тошкент вилоятида ЎзХДП вилоят кенгаши томонидан умумий қиймати 182 миллион сўмлик 29 та муқобил лойиҳани амалга оширишга кўмаклашилди. Натижада 80 та қўшимча янги иш ўрни ташкил этилган. Мисол учун, Бўстонлиқ туманида Дилфуза Душановага тикув цехи очиши учун, Муқаддас Рўзиметовага нон ва макарон маҳсулотлари цехи фаолиятини йўлга қўйиши учун, Бўка туманида Феруза Ризоқуловага ателье ташкил этиши учун амалий кўмак берилди.

— Туманимизда бу йил 1114 та коллеж битирувчиси диплом олади, — деди Пскент туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳо­фаза қилиш маркази раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Матлуба Мирсоатова. — Уларни иш билан таъминлаш мақсадида корхоналар билан уч томонлама шартномалар тузилди. Ҳо­зиргача коллеж битирувчиларининг 30 фоизи ишга жойлашди.

Бандлик дастурига асосан бу йил туманимизда оилавий тадбиркорлик йўналиши бўйича 1500 та янги иш ўрни очилиши керак. Бунга ўз вақтида эришиш учун корхоналарга бориб, касаначиларимизга яратилган шарт-шароитларни ўр­ганаяпмиз. Ҳар бир касаначи ходимга меҳнат дафтарчаси очилиши, ижтимоий ҳимояси таъминланиши мониторинг қи­линаяпти. Бундан кўзланган мақсад уларнинг қонуний ҳуқу­қини ҳимоялашдир.

Ҳозирда имтиёзли кредит олиш бўйича коллеж битирувчиларидан 14 та мурожаат тушди. Ёшлар тайёрлаган лойи­ҳалар пишиқ-пухта ва истиқболли бўлиши учун уларга ама­лий ёрдам кўрсатаяпмиз.

Семинарда лойиҳаларни муваффақиятли амалга оши­ришда партиянинг ижтимоий ҳамкорлари — Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-са­ноат палатаси ҳудудий бошқармалари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим масала экани таъкидланди.

Айтиб ўтиш керакки, айнан мазкур ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан бирга ишлаш натижасида Тошкент вилоятининг барча туманларида банд­ликни таъминлашга қаратилган қўшимча янги лойиҳалар кўриб чиқилди. Уларнинг энг истиқболли деб топилганлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилади. Бунинг самараси ўлароқ вилоятда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида назарда тутилганига қўшимча тарзда иш жойлари яратилади. Ушбу чора-тадбирлар пар­тия электорати вакиллари банд­лигини самарали таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоя­си ва турмуш даражасини оши­риш имконини беради.

Семинарда бу йўналишдаги фаолиятни янада кенгайтириш бўйича турли таклифлар билдирилди ва зарур тавсиялар ишлаб чикилди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА


DB query error.
Please try later.