28.06.2013

ХОЛИС ВА ТАЪСИРЧАН СЎЗ

жамиятга фақат фойда келтиради

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси

27 июнь санаси юртимизда анъанавий тарзда миллий матбуотимиз ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг байрам қилинади. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бу байрамни нафақат шу соҳа вакиллари, балки уларнинг ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, барча зиёлиларимиз орзиқиб кутади ва хурсандчилик билан қутлуғ айём сифатида нишонлайди. Юртбошимизнинг бундай эътирофи журналистларнинг фидойи меҳнатига юксак баҳодир.

Дарҳақиқат, эътибор, рағбат бўлган жойда ҳамиша ўсиш, ўзгариш, муваффақият бўлади. Дунё ахборот асрига кирган бир пайтда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг ривожи, сиёсий маданиятнинг юксалиши, демократик тамойилларнинг қарор топишида тобора муҳим аҳа­миятга эга бўлиб бормоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, мустақиллигини таъ­минлаш, жамиятимизнинг сиёсий ва маънавий ҳаётидаги ролини кучайтириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, бу соҳанинг мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базаси яратилди. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ошкоралигини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Бу эса жамиятда сўз ва фикр эркинлигини қарор топтириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2011 йил 30 декабрда имзоланган «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарорда мам­лакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва матбаа корхоналари учун бир қа­тор им­тиёз ва преференциялар белгиланди. Натижада улар беш йил муддатга муайян со­лиқ, мажбурий ажратма ва божхона тўловларини тўлашдан озод этилди ёки қатор со­лиқ тўловлари ҳамда мажбурий ажратмалар миқдори сезиларли равишда камайтирилди.

Буларнинг бари оммавий ахборот воситаларига эътибор кучайгани, журналистнинг нуфузи, қадри ошаётганидан далолат, албатта. Бугунги журналист фаолияти беш-ўн йил олдинги ҳолатдан тамомила фарқ қилади, десак, асло муболаға бўлмайди. Унинг дунёқараши, билими, савияси, қа­ламида катта фарқ бор. Бир хил қолипга кириб қолган зерикарли услуб, баёнсимон материаллар ўз ўрнини ҳаётий масалалар акс этган таҳлилий, таъсирчан материалларга бў­шатиб бермоқда. Натижада жа­миятда журналистга, оммавий ахборот воситалари фаолия­тига нисбатан ишонч тобора ортиб бормоқда.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўл­лаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ОАВнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда модернизация қилиш, журналист кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш йў­лида самарали фаолият олиб бораяпти. Бундай эътибору ўзгаришларни ҳар бир журналист мамнуният билан тилга олади.

Ҳар доим Юртбошимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табрикларида уларнинг меҳ­натига юксак баҳо берилади. Оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг ривожи, сиёсий маданиятнинг юксалиши, демократик тамойилларнинг қарор топишида тобора муҳим аҳамиятга эга бў­либ бораётган бир пайтда журналист ҳаётнинг энг олдинги қаторида бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланади.

Дарҳақиқат, бугун журналис­тика соҳасида меҳнат қилаётган ва ўз фаолиятида юксак натижаларга эришмоқчи, жамоатчиликнинг эътибори, эътирофини қозонмоқчи бўлган ҳар қайси журналист касб маҳоратини чуқур эгаллаш билан бирга, холислик ва ҳаққонийлик тамо­йилларига содиқ бўлиши шарт.

Ҳаётий, юксак савияли, мукаммал, ўқишли материалларнинг доимо ўқувчиси кўп бўлади. Шундай экан, журналистнинг ҳар бир сўзини соғиниб кутадиган ўқувчилари кўп бўл­син. Зеро, холис ва таъсирли сўз ҳамиша эътиборда бўлади, энг муҳими, жамиятга, одамларга фойда келтиради.



DB query error.
Please try later.