25.06.2013

ДЕПУТАТ ФАОЛЛИГИ

электорат манфаати самарали ҳимоя қилинишининг муҳим омили

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати доимий асосда ишлайди ва ўз сайлов округи сайловчилари, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан доимий алоқада бўлиши талаб этилади.

Cайловчилардан тушган мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш чораларини кўради. Қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган бу тизим парламент­да сайловчилар ва сиёсий партиялар электоратининг манфаатини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Турсунбоевнинг шу масалалар хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.

— Депутат фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг номзодини кўрсатган, қўллаб-қувватлаган, ортида турган партия билан қай даражада ҳамкорлик қилаёт­ганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Чунки депутат ўз ишини ташкил этиш, муҳокама этилаёт­ган қонунлар лойиҳалари юза­сидан таклиф билдириши учун партиядан куч олади. Турли масалаларга ўз муносабатини билдиришда пар­тиявий ён­дашувдан, партия дастури, Сайловолди дастуридан келиб чиқади.

Шу боис партия ташкилотлари билан ҳар доим мустаҳкам алоқада бўлишга, ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши томонидан ташкил этиладиган тадбирлар, ўқув-семинар ва тренингларда мунтазам иштирок этишга ҳаракат қиламан. Партия ташкилотлари етакчилари, фаоллари, экспертлари, аъзолар, электорат вакиллари билан мулоқотлар қонун ижодкорлиги жараёнида кўплаб фикрлар, таклифлар, партиявий муносабат, позиция шаклланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Депутат нафақат ўз партия­си, балки сайловчиларининг манфаатлари учун ҳам курашишга масъул. Жорий йил 27 майдан 3 июнгача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари ташкил этилди. Уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, ижтимоий муҳофазани мустаҳкамлаш масалалари ҳақида фикр алмашдик.

Номданак қишлоғида қа­бул кунларини ўтказдик. Қа­булда фуқаролар кўтарган айрим масалалар бўйича депутат сифатида мутасадди ташкилотларга мурожаат этдим. Натижада аҳолини ўйлантираётган баъзи муаммолар жойида ҳал қилинди. Улар бўйича маҳаллий ҳо­кимлик идораларига тегишли тав­сиялар берилди.

Шуни айтиш керакки, аввалги учрашувлардан бироз фарқли улароқ, бу сафар фракциямиз томонидан ижтимоий аҳамиятга эга қо­нунлар ижросини ўрганиш муҳим вазифа қилиб белгиланди.

Сайловчилар билан учрашувлар даврида мен депутат этиб сайланган 83-Паркент сайлов округи ҳудудига кирувчи Паркент, Юқори Чир­чиқ туман партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз, партиямиз фаоллари иштирокида учта иш­чи гуруҳи тузиб, соҳалар бў­йича йўналишларни белгилаб олдик. Айниқса касб-ҳунар таълими муассаса­ла­ри битирувчилари бандли­гини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида ўрганилди, олинган маълумотлар жойларнинг ўзида таҳлил қилинди. Битирувчилар билан учрашиб, Меҳнат кодексига улар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида суҳбатлашдик.

Яна шуни алоҳида айтиш жоизки, ўтган йилги учрашув­да Новдак қишлоғида қишлоқ врачлик пункти йўқлиги масаласи кўтарилган, бу ҳақда тегишли идораларга маълумот тақдим этилганди. Мута­садди ташкилотлар томонидан масала чуқур ўрганиб чиқилди ва тегишли хулосалар билдирилди. Айни пайтда ҚВП қурилиши бошланган.

— Маълумки, Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси Регламентига киритилган қўшимчаларга мувофиқ қонун ижодкорлигида элек­торат манфаатларини акс эттириш бўйича сиёсий партиялар фракцияси имконияти кенгайди. Бунинг депутатлар фаоллигини оширишдаги бевосита аҳа­мияти қандай, деб ўй­лайсиз?

— Аввало, электорат манфаати билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал этишда сиёсий партиялар фракцияларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2012-2013 йиллар мобайнида ЎзХДП фракцияси қабул қилинаётган қонунларга 500 дан ортиқ таклиф киритди. Улар партиямизнинг Сайловолди дас­тури, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида кўтарилган масала ва таклифлар асосида тайёрланаяпти. Фракциямиз аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликка ўз таклифларини киритиб бормоқда.

Шуни айтиш керакки, фрак­ция фаолияти ўз-ўзидан кучайиб қолмайди. Бунинг учун фракциянинг ҳар бир аъзо­cида қонунлар орқали электорат манфаатини қатъий ва самарали ҳимоя қилиш бўйича аниқ ҳаётий таклифлар бўлиши керак. Шу маънода «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақи­да»ги Қонун билан жорий қи­линган меъёрлар нафақат фрак­циялар, балки уларнинг ҳар бир аъзоси масъулиятини кучайтиришга хизмат қи­лади.

— Қонунлар ижросини назорат-таҳлил қилиш, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш масалаларига сиз аъзо бўлган қў­мита қай даражада эътибор қаратмоқда?

— Албатта, парламент фаолиятининг муҳим йўналиши қонунлар ижроси усти­дан изчил назорат-таҳлил олиб бориш­дир. 2010 йилдан буён Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 20 га яқин назорат-таҳлил ўтказилди. 7 марта давлат бош­қаруви органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот-ахборотлари тингланди. Ўтган йили қў­мита масъуллиги­да Ўрта мах­сус, касб-ҳунар таълими мар­кази директорининг касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ишлари ва истиқболдаги режалар хусусида ахбороти тинг­ланди. Бунда ЎзХДП Ҳаракат дастуридан келиб чиқиб, партиямиз фракциясининг қўмитадаги аъзолари коллежларнинг корхона-ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларни иш билан таъминлашда амалиёт ўтаган муассасалари имкониятларини ўрганиб чиқиш масалаларида ўз таклифларини билдиришди.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг бевосита ташаббуси билан қўмитада икки марта таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

Умуман, назорат-таҳлил фао­лияти зарур ҳолларда қонунларга тегишли ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш бўйича ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишда муҳим аҳа­миятга эга. Бу эса депутатларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллигини янада оширади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.