25.06.2013

ДОРИ-ДАРМОН ВОСИТАСИ ВА БАҲОСИ

ёки дори воситалари нарх-навосининг шаклланиш асослари ҳамда назорати хусусида

Бундан йигирма йилча олдин шифокор беморга тавсия этган камёброқ дорини топиш амримаҳол эди. Таниш-билишни ишга солиб, аллақайси шаҳарлардан ушбу дори воситаси ахтариларди. Бугунги кунда фармацевтика соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида, аҳолининг сифатли дори-дармон воситаларига бўлган талаби тўлақонли қондирилиб келинмоқда. Бугун шифокор тавсия этган дори воситаси бирида бўлмаса иккинчи дорихонадан албатта топилади. Агарда 069 рақамли дорихона маълумотлар тармоғига телефон қилсак, зарур дорини қайси дорихонадан топиш мумкинлигини айтишади.

Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимизда жами 6599 номдаги дори воситаси, шундан 1265 номдаги маҳаллий, 5334 номдаги хорижий дори воситалари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган. Шунингдек, истиқлолнинг дастлабки даврида республикамизда атиги иккита фармацевтика корхонаси томонидан 20 га яқин дори воситаси ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтда 133 та корхона дори воситалари ишлаб чиқармоқда. Булардан 26 та фармацевтика корхонаси халқаро сифат­ни бошқариш тизими ISO 9001 ва GMP сертификатларига эга бўлган корхоналардир. Шу билан бирга, маҳаллий корхоналардан 17 таси ўз маҳсулотла­рини чет элларга экспорт қилмоқда. Бу давлатимиз иқтисодининг тараққиёти учун ҳам му­ҳим аҳамият касб этмоқда.

Бироқ айрим ҳолларда одам­­лар ўртасида дори воситалари нархи ҳақида эътирозлар бўлиб туради. Фуқаролар таҳририятимизга қўнғироқ қи­либ, дори-дармон воситаларининг нархи нима сабабдан бир-биридан фарқ қилаётганини изоҳ­лаб беришни сўраган ҳол­лар ҳам бўляпти.

Шу боис ўзимиз ҳам кичкина мониторинг ўтказишга қа­рор қилдик. Шифокордан хотин-қизлар ўртасида камқонлик касаллигини даволаш учун зарур бўлган дори воси­талари рўйхатини олдик.

Биринчи дорихона: Феррум-лек ампуласи — 5 донаси 18000 сўм. Иккинчи дорихонада 16300 сўм. Учинчи дорихонада 21600 сўм.

Биринчи дорихона: Феркайл ампуласи — 10 донаси 42000 сўм. Иккинчи дорихонада 45000 сўм. Учинчи дорихонада 40200 сўм.

Биринчи дорихона: Мальтофер таблеткаси (30 дона) — 25800 сўм. Иккинчи дорихонада 26800 сўм. Учинчи дорихонада 25000 сўм.

Биринчи дорихона: Феррум-лек таблеткаси (30 дона) — 18000 сўм. Иккинчи дорихонада 19700 сўм. Учинчи дорихонада 21600 сўм.

Биринчи дорихона: Дуовит таблеткаси (30 дона) — 9000 сўм. Иккинчи дорихонада 9200 сўм. Учинчи дорихонада 10300 сўм.

Биринчи дорихона: Татима суюқлиги (20 дона) — 16000 сўм. Иккинчи дорихонада 16100 сўм. Учинчи дорихонада 20000 сўм.

Биринчи дорихонада рўй­хатдаги жами дориларнинг нар­хи 128 минг 800 сўмни ташкил этди. Иккинчи дорихонада 133 минг 100 сўм бўлди. Учин­чи дорихонада эса жами дориларнинг нархи 139 минг 300 сўмни ташкил этди.

Кўриниб турибдики, бемор биринчи дорихонадан керакли дориларни сотиб олганда иккинчисига нисбатан 4300 сўм, учинчига нисбатан эса 10500 сўмни иқтисод қилиши мумкин. Ҳақли савол туғилади: нега ёнма-ён дорихоналарда бир турдаги дорининг баҳоси кескин фарқ қилади? Улардаги нарх-наво назорат қилинадими? Шунингдек, уларнинг нархлари нимага асосланиб шаклланади? Беморларнинг қайси тоифаси дори воситалари билан текин таъминланиши кўзда тутилган?

Шу ва шу каби саволларга жа­воб олиш мақсадида тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик.

«Дори-дармон» акциядорлик компанияси берган маълумотга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги «Дори-дармон воситалари ва тиб­биёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғриси­да»ги ва 2000 йил 5 августдаги «Ички бозорни до­ри-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари билан до­ри воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишда чекланган савдо устамалари жо­рий қи­линган.

Жумладан, импорт бўйича кел­тириладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, товар етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўл­ланган ҳолда сотилиши лозим. Бошқа дори воситалари ва тиббиёт буюмларига, воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун 25 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги чекланган савдо устамалари қўлланиши керак. Шунингдек, барча дорихона муассасаларида нарх белгилаш тартиби ва савдо устамалари қўлланишини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган.

Масалани ўрганиш жараёнида мутахассислар яна бир нарсага эътиборимизни қаратишди. Дори воситаларининг нархи, унинг қаерда ишлаб чиқарилгани, воситачи орқали ёки корхонанинг ўзидан тўғ­ридан-тўғри олинаётганига ҳам боғлиқ.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумо­тига кўра, қўмита томонидан дори воситалари нархлари ўсиб кетишининг олдини олиш мақса­дида айрим турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тузилиб, юртимиздаги 127 та дорихонадан маълу­мот олиш йўли билан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилган. Унга кўра, 61 та дорихона томонидан 380 турдаги дори восита­ларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилгани аниқ­ланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилган ва тегишли чоралар кўрилган.

Мисол учун, Самарқанд шаҳ­ридаги «Регистон Нур Барака» МЧЖ дорихонасида «Парацетамол» таблеткаси 107 сўмдан сотилиши лозим бўл­са-да, у 450 сўмдан сотилган. Наманган шаҳридаги «Peo фарм сервис» хусусий дорихонасида эса нархи 3110 сўм­лик «Пиносол» дори воситаси 5200 сўмдан сотилаётгани маълум бўлган.

Ушбу мисоллардан ҳам билиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган савдо устамалари қўлланилиши борасидаги тартиб-қоидани бузиш ҳоллари учрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги маълумот беришича, Вазирлар Маҳ­камасининг 1997 йил 2 декабр­даги қарорига би­ноан амбулаторияда даво­ланадиган айрим тоифадаги беморларга дори воситалари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан берилади. Улар он­кологик, сил, руҳий, эндокринологик каби касалликлар, ОИВ касаллигини юқтирганлар, юрак клапанларини протезлаш ва органларни алмаштириш бў­йича операциялардан кейин ўзгалар ёрдамига муҳтож ёл­ғиз нафақахўрлар, 1941-1945 йиллардаги уруш дав­рида меҳ­нат фронти қатнашчилари, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнаш­чилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахс­лар, Чернобиль АЭСдаги ҳа­ло­кат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар, бай­налмилал жанг­чилар ҳам­да ядро полигонларида ва бош­қа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслардир. Уш­бу тоифадаги беморлар ўзи­нинг турар-жойи бў­йича таал­луқли бўл­ган амбулатория поликлиника муассасаси шифокорининг имтиёзли рецепти орқали шарт­нома тузилган до­рихонага бориб, касаллиги бў­йича рўйхатда белгиланган до­ри воситаларини бепул олиш имтиёзига эгадир. Бу мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яна бир намунаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги қарори билан дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари ҳамда чекланган чакана нархларда сотиладиган ва барча дорихона муассасаларида мавжудлиги мажбурий бўлган 20 турдаги дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги дори турлари бўйича чек­ланган чакана нарх белгиланган ва унга устама қў­йиш тақиқланади. Лекин ҳам­ма дорихоналарда ҳам ушбу дорилар мавжуд, деб бўл­майди ва нархларда ҳам фарқ борлигига гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жа­миятлари Федерациясидан олинган маълумотда айтилишича, Федерациянинг «Ишонч телефони»га Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг Ян­ги ҳаёт маҳалласи, Пахтакор кў­часи, 15-уйда яшовчи фуқа­ро К.Солиховадан мурожаат тушган. Унга асосан Федерация ходимлари Тошкент шаҳар Фар­ғона кўчасида жойлашган «SO­LIUS VITA MEDI­CAL» МЧЖ дори воситалари билан савдо қилувчи дорихонада ўрганиш олиб борган. Ўрганиш жа­раёнида шикоятда кўрсатилган ҳолат тасдиқланган. Яъни истеъмолчига қў­шимча сифатида яроқлилик муд­дати ўтиб бўлган «Қизилмия илдизининг қиёми» дори воситаси мажбуран сотилган. Қонун талаблари бузилиш ҳо­латини бартараф этиш мақсадида дорихонага нисбатан чора кўриш учун тегишли ташкилотларга маълумот юборилган.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам дорихона у хусусий бўладими, давлатники бўладими, белгиланган қонун-қоидага амал қи­лиши, нарх-навога инсоф билан ёндашиши керак, деб ҳи­соблаймиз. Дорихона фақат иқтисодий даромад кўриладиган дўкон эмас, у меҳр-мурув­ват ва мал­­ҳам маскани ҳам ҳисобланади.

Яна бир масала. Баъзан хусусий дорихоналардан олинган дориларнинг фойдаланиш муддати ўтиб кетгани тўғрисида ҳам гаплар қулоққа чалинади. Одамлар дорихонага нажот истаб, яъни бемор ётган фарзанди, ота-онаси дардига малҳам топиш учун келади.

Ҳар ким ҳар хил соҳа бўйича тадбиркорлик қилади. Аммо дори-дармон таъминоти билан шуғулланаётган киши зиммасига алоҳида масъулият юклатилган. Демак, дорихона хизмати — эзгу иш, савоб иш. Ўта ҳалолликни, инсофни, инсонийликни талаб қиладиган иш. Бунга амал қилган киши ўз меҳнатининг баракасини, савобини кўради.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.