Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
22.06.2013

ЁШ МУТАХАССИСЛАР ТАҚДИМОТИ

Самарқандда касбунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш ҳамда тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш мақсадида «Энг яхши мутахассис» ва «Энг яхши бизнес лойиҳа» тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган «Обод турмуш йили» давлат Дастури доирасида Самарқанд вилояти ҳо­кимлиги, прокуратура, ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ўрта махсус, касбунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоятдаги касбунар коллежларининг 8460 нафар битирувчиси қатнашди.

— 2012-2013 ўқув йилида вилоятимиздаги 158 касбунар коллежини 102 мутахассислик бўйича 60 минг 794 нафар йигит-қиз битирмоқда, — дейди вилоят ўрта махсус, касбунар таълими бошқармаси бошлиғи Муродилла Холмуҳамедов. — Уларнинг мақсадли ва аниқ манзилли тартибда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга мувофиқ жорий йилнинг март, апрель ойларида ўтказилган учрашувларда 46452 нафар битирувчининг ота-онасига фарзандининг кафолатли иш жойи билан таъминланиши ҳақида сертификатлар топширилди. 57 минг 971 нафар битирувчи вилоятдаги корхона ва ташкилотларга амалиёт ўташ ва кейинчалик ишга жойлашиш бўйича тузилган уч томонлама шартнома асосида бириктирилди. Икки минг нафардан зиёд коллеж битирувчисига ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун тижорат банклари томонидан 7,1 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Кейинги йилларда анъанавийлик касб этаётган «Энг яхши мутахассис» ва «Энг яхши бизнес лойиҳа» тақдимотлари коллеж битирувчиларининг уч йил давомида олган билими, малакаси ва касб маҳоратини намойиш этиш, «Коллежбитирувчииш берувчи» ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги касбунар коллежлари, корхона ва ташкилотларда ташкил этилган тақдимотлар жараёнида битирувчилар корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар, экспертлар олдида ўзларининг касб маҳоратини намойиш этди.

Вилоятдаги миллий ҳунарманд­чилик ва қурилиш, коммунал хизмат йўналишларидаги коллежларда тайёрланаётган ғишт терувчи, сувоқ-бўёқчи, электр монтажчи, ёғочга ишлов берувчи усталар мебель ишлаб чиқариш технологияси, сув, газ таъминоти ва канализация тизимларини ўрнатиш бўйича тақдимотларда 1250 нафар битирувчи иштирок этди.

Иштихон маиший хизмат касбунар коллежини газ, сув таъминоти тизимларини монтаж қилиш ва таъмирлаш йўналиши бўйича битирдим, — дейди Эркин Тиркашев. — Бугунги тақдимотда коллежда ўрганган билим ва касб маҳоратимни кўрсатиб, Оқдарё туманидаги «Нуроний бинокор сервис» масъулияти чекланган жамиятига ишга киришга муваффақ бўлдим. Шу ернинг ўзида ҳужжатларим расмийлаштирилди.

210 нафар битирувчи иштирок этган сартарошлик ва косметика йўналишида Сартепа туризм ва маиший хизмат кол­лежи битирувчиси Малика Очилова алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Умуман, 46 нафар сартарош қизнинг барчаси шу куни аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига ишга қабул қилинди.

Самарқанд автомобилсозлик коллежининг 134 нафар битирувчиси «СамАвто» масъулияти чекланган жамиятида автомобилларни йиғиш ва синаш йўналиши бўйича ўз тақдимотларини ўтказиб, ўқиш ва амалиёт жараёнида «Исузу» автобус ва юк машиналарини ишлаб чиқариш юзасидан етарли касб кўникмасига эга бўлганликларини кўрсатди. Улар орасидан энг яхши тақдимот эгалари ушбу заводга ишга қабул қилинди.

«Энг яхши бизнес лойиҳа» тақдимотларида 15 йўналиш бўйича бизнес лойиҳалар тақдим этилди. Шу ернинг ўзида тижорат банклари томонидан 250 бизнес лойиҳага кредит ажратиш тўғрисида сертификатлар топширилди.

Самарқанд банк коллежи ўқувчиси Нурсалим Умаровнинг «Полиэтилен маҳсулотларини қайта ишлаб, хомашё олиш» бизнес лойиҳаси учун «Микрокредитбанк» томонидан 56 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.