22.06.2013

ДЕПУТАТЛАР ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ 2013 ЙИЛ БИРИНЧИ ЧОРАГИДАГИ ИЖРОСИНИ КЎРИБ ЧИҚДИЛАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи чорагидаги ижросига доир ҳисоботи кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан молия вазири ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назорати Қо­нунчилик палатасининг устувор вазифалари жумласига киради, шу сабабли у депутат­лар корпусининг диққат марказида туради. Яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда олдинроқ сиёсий партиялар фракция­лари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган де­путатлар гуруҳининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда Вазирлар Маҳкамасининг маз­кур масалага доир ҳисоботи дастлабки тартибда кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатаси мажлисида таъкидландики, жаҳон иқтисодиётида давом этаётган мураккаб жараёнлар ва салбий тенденцияларга қарамай, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг энг муҳим устуворликлари ҳамда мамлакатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган жорий йилдаги иқтисодий дастурнинг асосий вазифалари изчил рўёбга чиқарилиши натижасида ҳисобот даврида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланди.

2013 йилнинг 1 чорагида ял­пи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари — 7,5 фоизни, са­ноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳаж­ми — 6,0 фоизни ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотла­ри етиштириш ҳажми — 6,2 фоизни, қурилиш пудрат ишлари ҳажми — 13,2 фоизни ташкил этди.

Ички талабни рағбатлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўл­лаб-қувватлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳаж­­ми 9,4 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми — 13,1 фоизга ва хизматлар ҳажми — 9,0 ­фоизга ўсишига кўмаклашди.

Мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқарувчи корхоналарга технологик ускуналар сотиб олиш ҳамда айланма капитални тўлдириш учун банклар томонидан 652,6 млрд. сўм миқдордаги кредитлар ажратилди, бу эса 2012 йил­нинг биринчи чорагига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Кичик бизнесни ривожлантириш учун энг кўп даражада қулай ишбилармонлик муҳити яратиш бўйича қабул қилинган қарорларни амалда рўёбга чиқариш натижасида унинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушининг ўсиши 19,5 фоиздан 21,2 фоизгача, инвестиция­лардаги улуши — 34,4 фоиздан 41,1 фоизгача, бандликдаги улуши — 74,7 фоиздан 75,1 фоизгача ўсиши таъминланди.

Ҳисобот даврида республика бўйича 250,4 мингта янги иш ўрни яратилган бўл­са, улардан 150 мингтадан ортиғи (60,0 фоиз) қишлоқ жойларда ташкил этилди. Янги ташкил қилинган иш ўринлари умумий сонининг 156,8 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида яратилди. Янги корхоналарни ишга тушириш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш ҳисобидан 13,2 мингта янги иш ўрни ташкил этилди.

Жорий йил бошидан буён «Обод турмуш йили» Давлат дастурини амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 1,3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

2013 йилнинг 1 чорагида Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлари 5 369,6 миллиард сўмни, харажатлари эса — 5 282,9 миллиард сўмни ташкил этди. Давлат бюджети 86,7 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида Давлат бюджети ижросини таъминлашда асосий эътибор ижтимоий соҳани ривожлантиришга, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа биринчи навбатдаги тўловларни тўлаш бўйича харажатларни ўз вақтида молиялаштириш, Давлат бюджетининг ғазначилик ва самарали ижросини таъминлашга қа­ратилганлиги таъкидланди. Ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланган харажатлар умумий сарф-харажатларда 59,2 фоизни ташкил этди, ялпи ички маҳсулотда уларнинг улуши 14,8 фоизни ташкил этди, аҳолининг реал даромадлари эса 15,6 фоизга ошди.

Иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 4,6 триллион сўм­ни ташкил этди ва 7,2 фоизга ошди. Иқтисодиётга киритилган капитал маблағларнинг умумий ҳажмидан ишлаб чиқариш қурилишига инвестицияларнинг 68,2 фоизи йўналтирилди.

Иқтисодиётга сарфланган бюджет харажатлари 424,6 миллиард сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,6 фоизга кўпроқдир. Улардан 272,4 миллиард сўм мамлакатимизнинг қишлоқ ва сув хўжалигини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашга сарф­ланди. Саноат ва ёқилғи-энергетика комплексининг базавий тармоқларини молиялаштиришга 48,6 миллиард сўм ажратилди.

Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қи­лишга сарфланган харажатлар 2013 йилнинг биринчи чорагида 21,7 миллиард сўм­ни ташкил этди, улардан био­хилмахилликни ҳимоя қи­лиш ва ландшафтни муҳофаза қилишга 7,0 миллиард сўм, ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилишга, юқумли касалликларнинг олдини олишга — 12,5 миллиард сўм, чиқиндиларни тўплаш ва йўқ қилишга — 0,4 миллиард сўм, оқова сувларни йўқ қилишга ва тозалашга — 1,8 миллиард сўм ажратилди.

Шунингдек, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларини сақлаш ҳамда шаҳарлар, пос­ёлкалар ва туманларнинг бошқа инфратузилмаларини қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият берилиб, уларга 72,5 миллиард сўм, кўчаларни ёритишга — 6,7 миллиард сўм ажратилди. Шу билан бир қаторда қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларини сув билан таъминлаш тармоқларини қуриш объектлари бўйича 31,5 миллиард сўм молиялаштирилди.

Саволларга жавоблар берилганидан кейин ҳисобот батафсил муҳокама этилиб, муҳокамалар пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбе­кистон либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолият соҳасида иштирок этиши, уларнинг минтақа ва жаҳон бозорларига чиқишини кенгайтириш муаммосини ҳал этишга жиддий аҳа­мият қаратиш лозимлигини, шунингдек, улар томонидан молиявий, хомашё ва энергетика ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджети иж­роси юзасидан депутат­лик назоратини олиб бо­риш­да туман, шаҳар, вилоят кенгашларидаги депутатлик корпуслари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини билдирдилар. Шу билан бирга, бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан қў­шимча чоралар сифатида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва унинг ҳуқу­қий асосларини такомиллаштириш кераклигини таъкидладилар.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партия­си фракцияси мутасадди ва­зирлик ва идоралар эътиборини бюджет ташкилотларида маблағлардан мақсадли ва самарали фой­даланишни таъминлашга, айни пайтда, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари эътиборини ҳу­дудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, минтақаларда мавжуд имконият ва ре­зервларни тўла ишлатган ҳолда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар ба­засини янада мустаҳкамлашга қаратиш лозимлигини эътироф этди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини янада мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасалари учун сотиб олинадиган замонавий ускуналар ва жиҳозларнинг сифатига эътиборни кучайтириш ҳамда илм-фанни ривожлантиришга ажратиладиган маблағларнинг самарадорлигини ошириш зарур деб ҳи­соблайди.

Ўзбекистон Экоҳаракат депутатлари гуруҳи Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоботларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш тадбирларига ажратилаётган маблағларни тўлиқ акс эттириш лозим, деб ҳисоблай­ди. Шу билан бирга бюджет интизомига риоя қилмаслик айрим бюджетдан маблағ олувчилар томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортганлигини таъкидлаб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий чо­ра-тадбирларни ишлаб чиқиш зарурлигини эътироф этди.

Умуман олганда, депутатлар мажлис жараёнида бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш муҳимлигини ҳам айтиб ўтдилар. Мамлакат ҳукуматига бюджетнинг даромад қисми сифатли ижро этилишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга, хусусан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқимандаликка, дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди.

Давлат бюджетининг ижросига доир ҳисобот депутатларда талай саволлар пайдо бўлишига олиб келди ва бу саволлар Ҳукумат вакилларига берилди.

Ҳар томонлама ва пухта муҳокамалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати



DB query error.
Please try later.