22.06.2013

ПОЗИЦИЯНИ ҚАТЪИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЗАРУР

ЎзХДП Сайловолди дастурида жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатини ҳар томонлама ҳисобга олиш, ифодалаш ва ҳимоя қилиш асосий вазифа этиб белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишга жойлашишда қийин­чиликларга дуч келаётган кишилар манфаатига оид ташаббуслар билан чиқиб, уларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгашида ўтказилган «Аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда ЎзХДП позицияси» мавзуидаги сиёсий семинарда шу масалалар хусусида фикр юритилди.

Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар, вилоят партия кенгаши фаоллари, экспертлар, йирик бошланғич партия ташкилоти раислари иштирок этди.

Таъкидландики, аҳолининг бандлик даражасини ошириш ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналиши ҳисобланади. Ҳозирда ЎзХДП ташкилотлари ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишлари, жумладан, қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига ижтимоий ва коммунал хизматлар кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

— Ўтган йили жойларда депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли бандлиги билан боғ­лиқ қатор масала ўрганилди, — дейди партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Улар депутатлик гуруҳлари йиғилишлари, тегишли доимий комиссияларда атрофлича муҳокама этилди ҳамда тегишлилари халқ депутатлари ма­ҳаллий Кенгашлари сессияларига киритилди. Натижада ян­ги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ва бош­қа амалий чоралар кўрилди.

Қорақалпоғистон республика, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Наманган ва Навоий вилоятларида ўтка­зилган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар орқали минг нафардан ортиқ электорат вакили касаначилик ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида бошланғич сар­мояни шакллантириш учун имтиёзли кредит олишга эришди. Натижада 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Анжуманлар доирасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркалари доирасида кўплаб электорат вакиллари, жумладан, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иш билан таъминланди.

Шунингдек, маҳаллаларда ташкил этилган кўчма Жа­моатчилик қабулхоналари орқали электоратни ташвишлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига эришилди. Бу борада, айниқса, Қорақалпоғистон республи­ка ва Тошкент шаҳар партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўт­ган йили халқ депутатлари ма­ҳаллий Кенгашларига ЎзХДП­дан сайланган депутатлар, ҳам­кор ташкилотлар ёрда­мида мурожаатларнинг 72 фоизи ижобий ечим топди. Мурожаатларнинг ҳал этилиши кўрсаткичининг ўсиб бориши партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти янада жон­ланаётгани, шу билан бирга, фуқароларнинг ҳам сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатади.

— Электоратни қўллаб-қувватлашда мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланиш, банд­лик дастури ижросини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги айрим депутатлик гуруҳлари назорат таҳлил ишларини етарли даражада йўлга қўймагани кузатилаяпти, — деди депутат. — Маҳаллий даражада электорат манфаати турли ижтимоий масалаларни сессиялар кун тартибига киритиш, амалий жиҳатдан таъсир кучи, таъсир ме­ханизмига эга бўлган қарорлар қабул қилинишига эришиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш орқали ҳимоя қилинади. Аммо бу масалада ҳам айрим депутатлик гуруҳларнинг ташаббускорлиги сезилма­япти. Биргина мисол: партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига асосан ўтган йили халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз Яккасарой ва Сергели туманларида касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчилари учун янги иш жойлари ташкил этиш масаласини сессия муҳокамасига киритиши керак эди. Аммо бу вазифа бажарилмасдан қолди.

Фаолиятимизда самарадорликка эришиш учун электорат манфаатидан келиб чиқувчи масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссиялари муҳокамасига олиб чиқиш, бунда партиянинг барча бўғинлари орасида тизимлиликни таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси де­путати Зиёвуддин Мансуров, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири Сафар Остонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бў­лим мудири Боймурод Юсупов,  Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Учқун Шойимқулов ва бошқалар пар­тия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, электорат манфаатларига оид амалий ишларни кўпайтириш, бу борада тизимлиликни таъминлаш масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Аҳолининг ижти­моий қўллаб-қувватлашга муҳтож қат­лами манфаатларини ҳимоя қилишда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ўз позициясини қатъийлик билан илгари суриши зарурлиги таъкидланди.

Амалий семинар сўнгида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.