22.06.2013

ПИРОВАРД МАҚСАД — АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташрифи чоғида билдирган фикрлари, таклифлари аҳоли томонидан қизғин қўл­лаб-қувватланмоқда.

Халқимизнинг ҳаёт тарзи ва даражасини юксалтиришда бандликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Аҳолининг иш билан таъминланганлик даражаси юқори бўлган юртда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукмрон бўлади, энг муҳими, мамлакатнинг барқарор ривожланиши табиий жараёнга айланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, муҳтарам Юртбошимиз Жиззах воҳасига ташрифи чоғида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳар биримиздан қатъият, ташаббускорлик, ақл-идрок ва салоҳият талаб этишини таъкидлагани юртимизда бу масала аллақачон давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради.

Ҳозирда Президентимизнинг 2013 йилнинг 18 мартдаги «Жиз­зах махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга жиддий киришилди. Шу йилнинг сентябрь ойидаёқ мазкур индустриал зонада уяли телефонлар ва уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқарадиган янги қўшма корхоналар фаолият бошлайди. Яқин йиллар ичида индустриал зонада 51 та қўшма корхона ташкил этиш ва бунинг учун 3,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб этиш кўзда тутилаяпти.

Юртбошимиз ташриф чоғида вилоят маркази — Жиззах шаҳрида кўплаб маданий-маиший биноларни қуриш, айланма йўл барпо этиш, янги магистраль йўлларни очиш, аҳоли дам олиши учун маданият ва истироҳат боғлари ташкил этиш, фаввораларни кўпайтириш зарурлигини уқтириб ўтди. Президентимизнинг бу эътибори қадим тарихга эга Жиззах замини ҳаё­тида унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш ҳисобига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш энг устувор вазифага айланганлигини яхши англаймиз. Юртбошимиз Истиқлолнинг 22 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган «Жиззах­пласттекс» қўшма корхонасида бўлди. Бу ерда 300 дан зиёд коллеж битирувчиси уч томонлама шартномага асосан ишга қабул қилинган. Мамлакатимиз раҳбари ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналарни бемалол бошқа­раётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Кези келганда шуни айтиш жоизки, бу йил вилоят­даги 79 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларни 18000 нафардан зиёд ўғил-қиз тугаллаб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Эътибор берайлик, вилоятдаги коллеж ва лицейларда фаолият кўрсатаётган ходимларга ҳар ойда давлат бюджети ҳисобидан 3,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилаёт­ган бўлса, 3 йил мобайнида бир мутахассис кадрни тайёрлаш учун 18 миллион сўм сарфланади.

Қувончли томони шундаки, бугунги одамлар кечаги одамлардан онги, дунёқараши, фикрлаш қоби­лияти билан тубдан фарқ қилади. Бугунги ота-она ҳам ўз фар­зандининг тақдирига бефарқ эмас.

Албатта, бу каби ютуқ­лар­га осонликча эришилмаганига Юртбошимиз алоҳида эъти­бор қаратар экан, воҳани янада тараққий эттириш ҳақида сўз юритиб, келажакда пахтани қайта ишлайдиган кўп­лаб саноат корхоналари барпо этишни алоҳида таъ­кидлади.

Ҳозирда вилоятда 6000 дан зиёд фермер 180 минг гектар ерда ғалла, 102 минг гектар майдонда пахта етиш­тираяпти. Юртбошимиз Пах­такор туманидаги «Жавлонбек» уруғчилик фермер хў­жалиги даласида бўлганида кўп тармоқли фермер хў­жаликларини ташкил этиш, энг муҳими, бу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, олий ўқув юртларида махсус факультетлар очиш лозимлиги тўғрисида фикр юритди.

Мақсадимиз — битта, бу ҳам бўлса, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳисобига уларнинг бахтли ҳаёт кечириши учун барча шароитларни муҳайё этишдан иборат, деди Юртбошимиз ўз сўзида.

Умуман, мамлакатимиз раҳбарининг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюргани, вилоят фаоллари билан учра­шиб, воҳани янада тараққий эттириш, кишилар учун муносиб турмуш шароити яратиб беришга қаратилган қимматли фикрлари келажакда воҳани барқарор ривожлантиришда улкан аҳа­миятга эга бўлади.

Ҳозирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ви­лоят, туман, шаҳар кенгашлари ҳамда барча даражадаги депутатлик гуруҳлари Юртбошимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғидаги кўтарилган ғоялар, билдирилган таклифларни аҳо­ли ўртасида кенг тарғиб қилиш ишларини бошлади. Энг муҳими Юртбошимиз ташрифи вилоят аҳли қалбини қувончга тўлдирди ва уларни янги марралар сари илҳомлантирди. Халқимизнинг кўтаринки кайфияти, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиши келажакда юртимиз янада обод бўлишига хизмат қилади.

Акром ИНОМОВ,

«Жиззах овози» газетаси бош муҳаррири, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.