22.06.2013

АВТОТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ ЯХШИЛАНМОҚДА

Юк ва йўловчи ташишда, одамлар оғирини енгил қилишда, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда автотраспорт воситалари муҳим ўрин тутади. Кенг ва равон янги йўллар, пўлат излар қурилмоқда. Аҳолига арзон, сифатли ва қулай автотраспорт хизмати кўрсатиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ҳам кўпгина ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган 2010-2012 йилларда «Файз» масъулияти чекланган жамияти, «Денов савдо таъминоти» савдо ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқа уюшмалар томонидан 70 та «ISUZU» автобуси келтирилган эди. Айни кунларда улар турли йўналишларда аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Дастлаб шаҳар ва туман марказларидаги йўналишларда траспорт хизмати яхшиланган бўлса, бугунги кунда янги йўналишлар ташкил қилинмоқда. Шу билан бир қаторда «Хўжаобод-Камрон-Транс» масъулияти чекланган жамияти томонидан 50 та «ISUZU» автобуси, «Сухроб Файз», «Чағониён» ва «Чағониён Шоҳбекат» масъулияти чекланган жамиятлари жамоалари ҳам 90 та «Нексия» автомашинаси олиб келиш учун амалий ишлар қилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарлар­аро қатновчи енгил таксилар қат­нови эса «Чағо­ниён» бош бекатидан амалга оши­рилмоқда.

— Бозорлар атрофи ва чорраҳаларда йўловчилар учун талай қийинчиликлар кўзга ташлана бошлаганди, — дейди «Номозгоҳ» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Хўжамберди Пардаев. — Қонунга зид савдо-сотиқ авж олганди. «Обод турмуш йили»да буларга чек қў­йилди. Бунинг учун туман ҳо­кимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими ва жамоат ташкилотларидан миннатдормиз. Ҳо­зир кенг ва равон йўлларда замонавий автобуслар ҳаракат қилмоқда.

— Илгари шаҳар атрофида қатновчи таксиларда йўл ҳақи қиммат эди, — дейди «Қизилжар» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдуғани Тангирқулов. — Бугун эса 400 сўм билан мушкулимиз осон бўлмоқда. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланмоқда, тиқилинчларга ҳам барҳам берилган.

Маълумки, ҳудудда боғдорчилик, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш кенг тараққий этган. Шулар инобатга олинган ҳолда 2516-сонли Давлат унитар корхонаси томонидан халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш ҳамда ўз манзилиги хавф­сиз ҳамда сифатли етказиб бериш мақсадида Самарқандда ишлаб чиқарилаётган 10 та «МАН» русумли юк ташувчи автотранспорт олиб келиш учун тумандаги «Савдогарбанк» филиали орқали кредит ҳужжатлари расмийлаштирилди.

— Бугунги улкан бунёдкорликлар кишининг ҳавасини келтиради, — дейди «Ободон» маҳалласида истиқомат қилувчи Соат Тоғаев. — Ўтган йили туман марказида «Бахтиёр она» хиёбони бунёд этилган эди. Сўнгра замонавий «Гранд синема» кинотеатри ишга туширилди.

— Шаҳар марказини ободонлаштириш ва ёритиш чироқларини ўрнатиш учун 46 миллион сўм маблағ ажратилди, — дейди Денов туман ҳокими, ЎзХДП фаоли Баҳром Маматқулов. — Жорий йилнинг ўтган даврида 9 та кўчадаги 2,5 километр йўл мукаммал, 6,1 километр йўл эса жорий таъмирланди. Булардан ташқари, «Анбарсой» кўпригини қуриш ва Ал-Бухорий чорраҳасининг қатнов қисмини яхшилаш учун 57 мил­лион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.

— Одам гавжум жойлар, бозорлар атрофи, марказий кўчалар, чорраҳаларда йўловчиларнинг ҳаракати учун кўпгина қи­йинчиликлар бор эди, — дейди туман ИИБ бошлиғи, милиция подполковниги Ўктам Тоғаев. — Тирбандлик, автоуловларнинг қонунсиз ҳаракати, таксиларнинг дуч келган жойда тўхтаб қолиши, айрим «тадбиркорлар»­нинг ўзбошимчалик билан ав­тоуловлар тўхташ жойи ташкил қилиш ҳолатларига нисбатан чоралар кўрилди.

Шаҳарлараро йўналишларда қатнайдиган енгил таксилар ҳаракати «Чағониён» шоҳбе­катидан амалга оширилаётгани кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Бу ердан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Урганч ва бошқа вилоятларга бориш имконияти яратилди.

Қисқа даврда тадбиркор Комил Сапиев элдошларимиз учун хайрли ишларга бош-қош бўл­ди. Янги иш бошлаган «Чағониён» шоҳбекатига кираверишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун дам олиш маскани, оналар ва болалар хонаси ташкил этилган. Қатор савдо дўконлари иш­лаб турибди. Матбуот нашрлари сотиладиган шохобча, пайнет хизмати йўлга қўйилган. Яқинда автомашиналарни ювиш шохобчаси ҳам фаолият бошлади. Атроф тоза-озода, турфа гуллар кишининг баҳри-дилини очади. Келажакда шоҳбекат ҳудудини кенгайтириш, янги меҳмонхона бунёд этиш, маиший хизмат мажмуалари қуриш кўзда тутилган.

«Чағониён» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида юк автомашиналари учун махсус жой ҳозирлангани эътиборга сазовор. Бу ерда ҳам дам олиш хонаси ишлаб турибди. Техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, тарозихона ташкил этилган. «Чағониён» шоҳбекати ва «Чағониён» масъулияти чекланган жамиятларида 30 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилгани қувонарлидир.

— Йўл-транспорт коммуникациясининг ривожи минтақанинг истиқболини белгиловчи муҳим омилдир, — дейди 166-йўл машина станцияси машинисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Юсуп Зияев. — Истиқлол йилларида Президентимиз ташаббуси билан «Буюк ипак йўли» бўйлаб ўтган йўналишларни тиклаш мақ­садида «Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон» янги темир йўлининг фойдаланишга топширилгани Қашқадарё ва Сурхон воҳаси халқи учун кенг имконият­лар эшигини очди. Эндиликда соҳалар ривожланиб, ишлаб чиқариш кенгаймоқда, минг­лаб янги иш ўринлари яратилаётир. Шу билан бир қаторда аҳолига транспорт хизмати кўр­сатишда ҳам муҳим ўзгаришлар бўлаяпти. Сўнгги уч-тўрт йил ораси­да «Тошкент — Термиз» йўналиши бўйича поездлар қатнови йўлга қўйилди. «Тош­кент — Денов» тезюрар поезди ҳаракатлана бошлади. Бу во­ҳанинг шимолий ҳудудлари Шўр­чи, Денов, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманларидаги бир мил­лион нафарга яқин аҳо­ли учун айни муддаодир.

Бундай эзгу ишлардан, бун­ёдкорликлардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мам­лакатимизнинг чекка туманларида ҳам катта ўзгариш ва янгиланишлар бўлаётганига Денов туманидаги бунёдкорликлар ҳам яққол мисол бўла олади.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.