Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
22.06.2013

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этади

Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси жорий йилнинг 21 июнь — 13 июль кунлари ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Туркияга жўнаб кетди. Истанбул, Бурса, Анталия, Ризе, Газиантеп, Кайсери, Трабзон шаҳарлари мезбонлик қиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли 24 терма жамоаси ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси «F» гуруҳида Океания чемпиони Янги Зеландия, Жанубий Америка чем­пионати совриндори Уругвай ва Европа вакили — Хорватия футболчилари би­лан рақобатлашади. Қоидага биноан, олти гуруҳнинг ҳар биридан дастлабки икки ўринни эгаллаган ҳамда учинчи ўриндаги энг яхши кўрсаткичга эга бўлган яна тўрт терма жамоа мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланма олади.

Футболчиларимизнинг ёш­лар ўртасидаги жаҳон чемпионатида сўнгги ўн йил ичида учинчи маротаба қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани Президентимиз Ислом Каримов раҳнамо­лигида спортни, жумладан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эъти­бор самарасидир.

— Терма жамоамиз аъзолари жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрди, — дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев. — Ёш футболчиларимиз бундай нуфузли мусобақада ўз Ватани шарафини ҳимоя қи­лиш ҳуқуқига истиқлолимиз туфайли эришганини яхши билади. Шу боис улар Вата­нимиз мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида кўтаринки руҳ ва катта иштиёқ билан фақат ғалаба учун майдонга тушади.

Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки Ўзбекистонимизни дунёга янада кенгроқ танитиши, серқуёш мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўл­маган ва кам бўлмайдиган авлод вояга етаётганини на­мойиш этишига шубҳа йўқ.

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётир. Буни 2012 йилги футбол мавсумида қўлга киритилган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ўтган йили 16 ёшгача бўлган футболчиларимиз илк бор ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпио­натида бош совринни қўл­га киритди. 20 ёшгача бўл­ган футболчиларимиз ҳам қитъа биринчилигида кучли тўртликдан жой олиб, жаҳон чемпионатига чиқди. Терма жамоамиз моҳир ҳужумчиси Игорь Сергеев мусобақа тўпурарлари баҳсида ғолиб чиқиб, махсус соврин билан тақдирлан­ди. Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпиони унвонига эришди. 16 ёшгача бўлган қизларимиз илк маротаба Осиё чемпионатининг финал босқичига йўлланма олди. Ўзбекис­тон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашни давом эттирмоқда.

...Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига 1977 йил­да ФИФА томонидан асос солинган. Ҳар икки йилда бир ўтказиладиган ушбу тур­нир 1981 йилдан расмий мусобақа мақомини олган. Жаҳон футболида ёрқин из қолдирган Марадона, Месси, Дунга, Бебето, Ромарио, Рональдиньо, Фигу, Икер Касильяс, Ван Бастен, Арьен Роббен, Тьерри Анри, Давид Тразеге, Хосе Луис Чилаверт каби чарм тўп усталари илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида кашф қилинган.

ФИФАга аъзо икки юздан зиёд мамлакат футбол федерацияларининг ҳар би­ри жаҳон чемпионатида ўз футболчиларини кўришни истайди. Лекин ёшлар ўр­тасидаги мундиалда қатнашиш ҳуқуқига фақат жаҳоннинг энг кучли йигирма тўрт терма жамоаси эга бўлди. Мустақил Давлатлар Ҳам­дўстлиги ва Болтиқбўйи мам­лакатлари орасида фақат Ўзбекистон футболчилари мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, ёшлар ўртасидаги жа­ҳон чемпионатига йўлланма олгани ҳам Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида футболни ривожлантиришга қаратилаётган дои­мий эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Жамоага ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён қила олган энг кучли ёш футболчилар саралаб олинди. 2011 йили Мексикада ўтган ўс­мирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ажойиб ўйин кўрсатган Аббосбек Махсит­алиев, Сардор Раҳмонов, Муҳсин Убайдуллаев, Сардор Собирхўжаев, Забиҳилло Ўринбоев ва Жасур Ҳакимов сингари футбол­чилар киритилгани мухлисларни хушнуд этади. Терма жамоа аъзолари жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида Россия, Туркия, Португалия ва Испания син­гари мамлакатларда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда халқаро турнирларда қатнашди. Фут­болчиларимиз Испания, Чили, Португалия, Туркия, Россия, Ироқ каби қатор терма жамоалар билан учрашувларда маҳорат ва тажрибасини оширди.

— Жаҳон чемпионатида тўп суриш ҳар бир футболчининг энг олий орзусидир, — дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ярим ҳи­моячиси Аббосбек Махсит­алиев. — 2011 йили Мексикада ўсмирлар ўртаси­даги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашган эдик. Энди жамоадош дўст­ларим билан Туркия яшил майдонларида бўладиган беллашувларда ҳам муносиб тўп суриб, Президенти­миз ва халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Футболчиларимиз Туркия­даги жаҳон чемпионатининг гуруҳ беллашувларини Бурса ва Анталия шаҳарларида ўтказади. Ҳамюртларимиз 23 июнга белгиланган дастлабки учрашувда Океания чемпиони — Янги Зеландия вакилларига қарши майдонга тушади. 26 июнда ўтказиладиган иккинчи турда Хорватия футболчилари билан куч синашади. 29 июнь куни Анталия шаҳрида уругвайлик тенгқурларига қарши тўп суради.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.