20.06.2013

ИСЛОҲОТЛАР ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИ, ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 19 июнь куни Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюрди.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, улкан ютуқ ва муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Бунинг тасдиғини вилоят меҳнаткашлари эришаётган салмоқли натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 9,7 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 9,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,9, қурилиш ишлари 11,6, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳажми 10,7 фоизни ташкил қилди. Вилоятни 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга асосан 2061 лойиҳани, шу жумладан, 2013 йилда 1381 лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасида 2013 йилнинг биринчи чорагида Жиззах шаҳрида “Жиззах Тоштепа текс” тўқимачилик корхонаси, оҳак ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Жиззах тоғ-кон кимё" корхонаси, Ғаллаорол туманида қурилиш қуми ва шағал ишлаб чиқарадиган корхона, Зафаробод туманида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган "Фаворит линес" корхонаси, Жиззах туманидаги “Жиззах чорва барака” фермер хўжалигида сутни қайта ишлаш линияси ишга туширилди.

Жиззах шаҳрида ташкил этилган “Жиззах пластекс” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси вилоятда енгил саноатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга яққол мисолдир.

Давлатимиз раҳбари вилоятга сафарини мазкур корхона билан танишишдан бошлади.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу фабрика мамлакатимизда енгил саноатни изчил тараққий эттириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг яна бир амалий натижасидир, деди Ислом Каримов. Собиқ тузум даврида пахта хомашёси минг азоб ва қийинчиликлар билан етиштирилса-да, уни юртимизда қайта ишлаш масаласига эътибор берилмаган. Аксинча бошқа ўлкаларга ташиб кетилган. Мустақилликка эришганимиздан кейин пахтани ўзимизда қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратдик. Агар мустақиллигимизнинг илк йилларида пахта толасининг 10-12 фоизи мамлакатимизда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошди.

Давлатимиз раҳбари енгил саноатни ривожлантириш орқали пахта толасини қайта ишлаш кўрсаткичларини мунтазам равишда кенгайтириш масаласининг аҳамиятига атрофлича тўхталди. Бу қўшимча даромад топишнинг самарали манбаи, аҳолини иш билан таъминлашдек долзарб масалани ҳал қилишнинг муҳим воситаси эканини алоҳида қайд этди.

Мисол учун, бир долларлик пахта толаси қайта ишланиб, калава ипга айлантирилганда ярим тайёр маҳсулот бўлиб, ундан 4-5 доллар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилганда эса 10-12 доллар фойда олиш мумкин. Яна бир аҳамиятли томони – енгил саноат ишчи кучини энг кўп талаб қиладиган тармоқлардан биридир.

Ислом Каримов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, юксак сифатли пахта хомашёси етиштириладиган Жиззах вилоятида толани қайта ишлайдиган ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни кўпроқ ташкил қилиш, бундай корхоналарда ҳаётга катта умидлар билан кириб келаётган ёшларимиз бандлигини таъминлаш ғоят муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

“Жиззах пластекс” корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиши билан йилига 12 минг тонна пахта толаси қайта ишланади, 8,5 минг тонна калава ип, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Иккинчи босқичда – 2014 йилда корхонада ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр маҳсулотдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу билан тўрт минг тонна трикотаж матони бўяш ва унга ишлов бериш, 6 миллион дона тайёр кийим-кечак маҳсулотлари тайёрлаш имконияти яратилади.

Корхона ишга тушгач бу ерда 1750 нафар киши иш билан таъминланади. Бугунги кунгача вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 370 нафар ёш мутахассис билан меҳнат шартномалари тузилди.

Президентимиз корхонада мураккаб дастгоҳларни созлаш ишларини бажараётган Хушнуд Аширматов, Ҳасан Худойбердиев каби ёш мутахассислар билан суҳбат асносида бугунги кунда ўзбек ёшлари ақл-заковат, иқтидор ва қобилият, интилиш ва ташаббус бобида хорижда ҳам кўпчиликнинг ҳавасини тортаётганини қайд этди.

– Ўзбек ёшлари ўзининг зукколиги ва тиришқоқлиги билан мени ҳайратга солди, – деди давлатимиз раҳбари билан суҳбатда Германиянинг Шлафхорст компанияси менежери Оспар Илтнер. – Ёш монтажчи-созловчилар келтирилган замонавий технологияларни ўрнатишни қисқа вақт ичида ўзлаштириб олди.

– Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратиб берилган, – деди Хушнуд Аширматов. – Мана бу замонавий корхона ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий намунасидир. Фабрикада замонавий технологияларнинг ўзлаштирилиши ҳисобига ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг юқори энергия тежамкорлиги, экологик тозалиги ва рақобатбардошлиги таъминланади. Бундай эътиборга жавобан Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида ёниб яшаш бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Буни Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Термиз, Қарши, Урганч каби кўплаб шаҳарларимизнинг бугунги жамоли ва таровати мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Жиззах ҳам ана шу шаҳарларимиз қаторидан ўзига лойиқ ва муносиб ўринни эгаллаши керак. Иқтисодий соҳада эришаётган улкан ютуқларимиз билан бирга маънавиятни юксалтиришга ҳам эътиборни янада кучайтиришимиз лозим. Шаҳарларни ҳар томонлама ривожлантириш, саноатнинг турли тармоқларини тараққий эттириш орқали одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан юртдошларимизнинг кайфиятини, ғурурини янада юксалтирмоғимиз даркор.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлашда узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозимлигини таъкидлади. Шаҳарда айланма ҳалқа йўлини барпо этиш, кўп тасмали магистраль йўлларни қуриш, коммуникацияларни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, замонавий бино ва иншоотларни барпо этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

– Пойтахтимиз Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз тажрибасидан келиб чиқиб, Жиззах шаҳрининг маданий марказини яратишимиз лозим, – деди Ислом Каримов. – Бундай марказ авваламбор аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, ҳаётдан завқ олиб яшашига хизмат қилади. Шаҳарда каштан, эман, япон сафораси каби ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилган хиёбонлар ва яшил ҳудудларни барпо этиш ҳам муҳим вазифалардан. Бундай кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишлари одамларимизнинг дунёқарашини ўзгартиришда, уларнинг янги-янги марралар сари интилиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.

Юртбошимиз Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар ва вилоят фаоллари билан суҳбатлашди.

Шу кунларда Жиззах вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Вилоятда жорий йилда 110 минг гектар суғориладиган, 70 минг гектар лалми майдонда ғалла етиштирилди, 101 минг 800 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Жиззахлик фермерлар 312 минг 460 тонна дон етиштиришни режалаштиришган.

Эркин Кенжаев раҳбарлик қилаётган “Жавлонбек” фермер хўжалиги аъзолари 95,5 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштираётир.

Юртбошимиз фермер ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан мулоқот чоғида ғалла ҳосилини қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш, июль ойининг одатдагидан иссиқ келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ғўзани иссиқ уришдан асраш чораларини кўриш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ислом Каримов фермернинг мулкдор сифатида ўз оиласи, маҳалласи, қишлоғидаги ҳаёт тарзи янада фаровонлашиши, юртнинг бундан ҳам обод бўлишидаги иштироки муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Ҳозирги давр фермерлари нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, селекционер, бизнесмен ҳам бўлиши даркор. Бошқача айтганда, бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, хусусан, ёшларимизга ҳар томонлама ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишда фаол бўлиши зарур, – деди Президентимиз. – Бунинг учун етиштирилган маҳсулотни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш, жойларда кичик корхоналар ташкил этиш керак.

Мамлакатимиз раҳбари “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш юзасидан қабул қилинган фармон ва мазкур ҳужжат ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар халқимиз фаровонлигини янада оширишга қаратилганини, хорижий сармоядорлар билан амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар иқтисодиётимизни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда янги имкониятлар яратишини қайд этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалиги раҳбари Парда Зиётов, вилоят фермерлар кенгаши раиси Анорбой Эшматов, “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Акрам Иномов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Азамат Дархонов ва бошқалар фермерлик ҳаракати ташкилий, техник ва молиявий жиҳатдан изчил такомиллашиб бораётгани, фермерларнинг даромади йилдан-йилга ортиб, бундай юксалишларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг самараси эканини таъкидладилар. Мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, Ватанимиз обрў-эътиборини ҳар томонлама юксалтиришдек ишларга раҳнамолик қилаётган Юртбошимизга миннатдорлик изҳор этдилар.

Президентимиз Ислом Каримов шу куни Сирдарё вилоятига келди.

Халқимиз эришаётган бетимсол ютуқларда Сирдарё вилояти меҳнат аҳлининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, барпо этилаётган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар вилоят қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 9,5 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пуллик хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда ҳам барқарор ўсиш таъминланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланиши натижасида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес субъектларининг улуши 53,5 фоизни ташкил этди. Қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётгани самарасида жорий йилнинг биринчи чорагида 181 кичик бизнес субъекти, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 57 янги корхона ташкил этилди.

Бу йил вилоятда қарийб 90 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилди.

Ислом Каримов Оқолтин туманидаги “Авазбек Умаров” фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашди.

Ғаллачилик ва пахтачиликда муҳим бўлган кунларда деҳқонларимизга ҳорманг, дейиш, уларга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди давлатимиз раҳбари. Сиз каби инсонларнинг фидойилиги билан мамлакатимиз улкан ютуқларга эришмоқда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир шароитда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил этмоқда. Бундай барқарор ривожланишнинг асосий омили мустақилликнинг биринчи кунларидан “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган қоидани асос қилиб олганимиз, юртимизнинг юксак иқтисодий-ижтимоий салоҳиятидан оқилона фойдаланаётганимиз, ўзимиз белгилаб олган тараққиёт йўли – ўзбек моделини тадрижий амалга ошираётганимиздир.

Халқимиз ўтган даврда турли синов ва қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтди. Мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида Президентимиз ташаббуси билан аҳолига томорқа учун ерлар ажратилгани, Ўзбекистон бўйича 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида берилгани қишлоқларимиздаги кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Бугун халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тамомила ўзгарган. Одамларнинг, айниқса, ёшларимизнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти катта эканини алоҳида таъкидлади. Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ фермерлар кенгашлари ташкил этилгани соҳа самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун фермерлар – мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир, деди Юртбошимиз. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини ва Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини яққол кўрсатди.

О.ТЎРАҚУЛОВ,

А.САМАДОВ,

Т.БЕКНАЗАРОВ,

А.МУСТАФОҚУЛОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.