20.06.2013

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАР

чоғида билдирилган фикрлар фракциянинг навбатдаги ташаббусига асос бўлди

Кўппартиявийлик тизимини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳия­тига кўра, сиёсий партиялар Сайловолди дастурларида илгари сурилган вази­фалардан келиб чиқиб, мамлакат тараққиётига ижобий таъсир этиши, бу йўлда аниқ натижаларга эриша олиши ­талаб этилади.

Албатта, мазкур жараёнда ҳар бир сиёсий партиянинг парламент­даги фракцияси фаолияти тизимли ташкил этилиши муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали жорий қилинган меъёрлар, мутахассисларнинг таъкидлашича, фракцияларнинг электорат, сайловчилар фикр-мулоҳаза ва таклифлари асосида ишлаш имконини янада кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларининг ўз сайлов округларида ўтказган учрашувлари натижалари таҳлилига бағишланган давра суҳбатида шу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбатида ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов ишти­рок этиб, электорат манфаат­ларини ҳимоя қилишда пар­тия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг қатъийлиги ва ташаббускорлигини оширишда фракция фаолияти муҳим ўрин тутишига эътибор қа­ратди, парламентдаги вакилларимиз ишининг самарадорлигини таъминлаш масалаларида фикр-мулоҳаза ва тавсияларини билдирди.

ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев сайловчилар билан олиб борилган бу галги учрашувлар, уларда кўтарилган муҳим ижтимоий масалалар, электорат вакиллари билдирган фикр-мулоҳазалар фракциянинг келгуси фаолияти йўналишларини янада аниқ белгилаб олишда долзарб аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, ЎзХДП фракцияси аъзолари жорий йил 27 май — 3 июнь кунлари ўз сайлов округларида 170 га яқин учрашув ўтказган. Уларда 18 минг нафарга яқин сайловчи иштирок этган.

Назира МАТЯКУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Учрашувларда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, таш­қи сиёсат, хавфсизликни таъ­­минлаш, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳам­­да нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаёт­ган кенг кўламли ишлар тўғ­рисида сайловчилар билан фикр алмашилди. Бундан таш­қари биз аҳоли вакилларига 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қо­нунларнинг мазмун-моҳия­ти, муҳокама қилинаётган қо­нунлар лойиҳаларининг аҳа­мияти, Қо­нунчилик палатасининг қў­миталари ва фракциямиз фаолияти ҳа­қида, аввалги учрашувларда билдирилган айрим таклифлар юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳам ахборот бердик.

Таъкидлаш керакки, фракциямиз аъзолари ўтказган бу галги учрашувларда фуқа­ролар иштироки анча кен­гайган, тадбирлар қизғин савол-жавобларга бой руҳда ўтган. Фракция аъзоларига сайловчилар томонидан 900 га яқин, жумладан, турли ижтимоий масалаларга оид 141, бандлик дастурига оид 123, қонунчиликка оид 93, банк-молия масалаларига оид 79, таълим соҳасига оид 72 та савол берилган.

Фракция аъзолари айрим ижтимоий масалалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга жо­йида ҳал қилинишига эриш­ган. Айниқса, аҳолини табиий газ, электр энергия ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш сифатини яхшилаш, пенсия, нафақа ва стипендиялар вақтида берилиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қа­ратилган. Сайловчиларнинг 281 та мурожаати жо­йида ҳал этилган. 170 та мурожаат тааллуқли идо­ра-ташкилотларга юборилиб, ҳал этилиши назоратга олинган.

Фракция аъзолари учрашувлар давомида 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг туман, шаҳарлар бўйича тў­лиқ бажарилиши, хусусан, қайд этилган объектларнинг вақтида ишга туширилишини таҳлилий ўрганди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Маълумки, вазирликлар, маҳаллий ҳокимият ор­ганлари, мутасадди идора-ташкилотлар раҳбарлари зиммасига янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури ижросини таъминлаш, жумладан, «корхона — коллеж» алоқаларини янада мус­таҳкамлаш, шу асосда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари эгаллаган мутахассислигига мувофиқ ишга жойлашиши учун барча имконият ва захираларни сафарбар этиш бўйича аниқ, қатъий вазифалар юкланган. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга ошири­лаётганини эътироф этиш мумкин. Бироқ бу борадаги қатор муаммо ва камчи­ликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, янги иш ўринларини ташкил этишда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилган имкониятлардан ҳамма жойда ҳам самара­ли фойдаланилмаяпти. Иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, меҳнат бозорида ўрта-махсус маълумотли кадрларга эҳтиёжни ҳи­собга олиш, битирувчиларни корхоналарга амалиёт ўташ учун бириктириш, умумий овқатланиш шохоб­чалари, хусу­сий тадбиркорлик субъектларида ишлаётган ёшларнинг ижтимоий ҳимояси, жум­ладан, меҳнатини расмийлаштириш масалаларида ҳа­лигача жиддий муаммолар учраб турибди. Бу камчиликларни бартараф этиш ай­ниқса ма­ҳаллий ижро ҳокимияти ор­ганлари раҳбарларидан жиддий масъулият талаб этади.

Фракция аъзолари ўз сайлов округларида бўлганида, шунингдек, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларига партия электорати манфаатларига мувофиқ тарзда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда давлат ҳо­кимиятининг вакиллик идораларига киритишда амалий ёрдам кўр­сатди.

Бу жараёнда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга оид таклифларини ишлаб чиқиш ва доимий комиссия ҳамда сессиялар муҳокамасига ки­ритиш масалалари асо­сий эътиборда бўлди. Фарғона, Қашқадарё, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятла­рининг қатор туман ва шаҳарларида бу борада дастлабки натижаларга эришилди ҳам. Яъни, фракция аъзо­лари иштирокида маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия депутатлик гуруҳлари, доимий комиссияларнинг аҳоли бандлигини оширишга қа­ратилган йиғилишлари ўтказилди.

Давра суҳбатида фракция аъзоларининг ўз сайлов округларида олиб борган ишлари натижалари атрофлича таҳлил қилинди. Электорат манфаати ҳимояси билан боғ­лиқ масалаларни ҳал қилиш, фракция фаолияти самарадорлиги ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлигини кучайтириш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан парламент назоратини кучайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, ке­йинги йиллар учун бу дас­турни ишлаб чиқиш механизми ва услубларини янада такомиллаштириш мақсадида парламент эшитувини ўтказиш жуда муҳим эканини таъ­кидланди.

Фракция йиғилишида «2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳо­ли банд­лигини таъминлаш дастурининг ижроси дои­расида касб-ҳунар кол­лежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мос иш билан таъминлашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўз­бекистон Республикаси Меҳ­нат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ахборотини эшитиш»га доир масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ташаббуси билан чиқишга қарор қилинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.