18.06.2013

СПОРТЧИЛАР ОИЛАСИ – МУСТАҲКАМ ОИЛА

Спорт орқали ҳаётда ўз бахтини топган ва топаётган ёш оилалар кўп. Бу спорт ёшлар ҳаётига тобора чуқур кириб бораётгани, жисмоний ва маънавий камолот сингари муштарак тушунчалар кундалик ҳаётимиз асосига айланганининг амалдаги ифодаларидандир.

Халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган етакчи спортчилар доимо эл-юрт ардоғида. Шу боис уларнинг ҳаёти, оиласи, фарзандлари, турмуш тарзи кўпчиликнинг эътиборини тортади, мухлисларда катта қизиқиш уйғотади. Чунки улар ёш авлодга ҳар жиҳатдан ўрнакдир.

Эзгу ниятлар билан оила риштасини боғлаган боксчи Дилшод Маҳмудов ва стол тенниси устаси Саида Бур­хонхўжаева бугун олти ёшли Билол ва тўрт ёшли Робияни тарбиялашмоқда.

— Биз спорт орқали бахтимизни топдик, — дейди бокс бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Дилшод Маҳмудов. — Саида билан 2002 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида танишганмиз. Ўша мусобақа мен учун ҳар томонлама омадли бўлган: боксчи сифатида терма жа­моамиз ҳисобига олтин медаль қўшдим ва бўлажак умр йўлдошимнинг меҳрини, эътиборини қозондим.

...Саккиз ёшидан стол тенниси билан шуғулланиб келаётган Саида ҳам спортчи сифатида ўз иқтидорини эрта намоён этган. У халқаро майдондаги дастлабки совринини 1998 йилда Москва шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон ўсмирлар ўйинларида қўлга киритиб, бронза медаль билан тақдирланган эди.

Маҳоратини йил сайин ошириб борган Саида бугун энг кўп совринга эга теннисчиларимиздан. У Бухорода ва Самарқандда ўтган Универсиа­далар ғолибаси ва кетма-кет икки марта ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Сиена шаҳрининг «Либертас Сие­на» жамоаси таркибида Италия чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритди. Кўп маротаба Ўзбекистон чемпионлигига сазовор бўлди. Ўндан зиёд давлатда ўтган халқаро турнирларда шоҳсупага кўтарилди.

Президентимиз Ислом ­Каримов спорт инсон ҳаётида, оила мустаҳкамлигида муҳим ўрин тутиши, жисмоний ва маънавий баркамолликка эришишда, ёшларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришда, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида катта аҳамият касб этишини таъкидлайди. Чунки спорт орқали ёшларнинг дунёқараши шаклланади, уларда меҳр-оқибат, аҳиллик ва масъулият туйғуси кучаяди. Буларнинг барчаси оилани мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим фазилатлардандир.

Инсон феъл-атворидаги энг яхши хислатлар, дунёқарашини белгилайдиган мезонлар, аввало, оила бағрида куртак ёзади. Оиласида болаликдан спорт билан шуғулланишга ўрганган бола бир умр спортга ошно бўлиб қолади. Ҳар бир ўғил-қизнинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши, иқтидорининг шаклла­ниши, нималарга қизиқиши оиладаги тарбия билан чамбарчас боғлиқ.

Дилшод Маҳмудов оиласида ҳам жисмоний тарбия ва спорт фарзанд тарбиясининг муҳим мезони ҳисобланади. Оиланинг тўнғич фарзанди Билол бир ярим йилдан буён «Пахтакор» футбол мактабида машғулотларда қатнашмоқда.

Робиянинг стол теннисига меҳр қўйишига онасининг ишончи комил. Унга кичкина ракеткада теннис шарини сакратишни ўргатиш Саидага катта завқ бағишлайди.

— Давлатимиз раҳбари қизларимизни ёшликдан спорт­га жалб этиш масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди, — дейди Саида Маҳмудова. — Мен ҳам ҳаётда «Соғлом она — соғлом бола» тамойилига амал қиламан. Шунинг учун ҳам стол тенниси машғулотларига кўпроқ қизларни жалб этиш ҳаракатидаман. Спорт билан шуғулланаётган қизларнинг ҳаммаси ҳам келажакда чемпион бўлмаслиги мумкин. Лекин уларнинг қад­ди-қомати расо, жисмонан соғлом, руҳи тетик бўлиб вояга етиши менинг мураббий сифатида энг муҳим ютуғим бўлади.

С.Маҳмудова терма жамоамиз таркибида нуфузли мусобақаларга қатнашиш билан бирга, олти йилдан буён пойтахтимиздаги 19-умумтаълим мактабида ташкил этилган тў­гаракда қирқ нафардан зиёд ўғил-қизга стол тенниси сирларини ўргатмоқда.

Унинг шогирдларидан Фа­роғат Азизхўжаева, Моҳина Эъзозова, Ислом Султонов ва Амир Тоҳиржонов каби истеъдодли спортчилар мамлака­тимиз биринчиликларида, хорижда ўтказилган қатор халқаро турнирларда зафар қучди.

Дилшод Маҳмудов пойтахтимиздаги 8-ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари бокс мактабида мураббийлик қилмоқда, йиллар давомида тўплаган бой тажрибаси, билим ва маҳоратини ёш спортчиларга ўргатмоқда.

Спортда катта ютуқларга эриш­ган Саида ва Дилшод энди ўз фарзандлари, шо­гирдларини соғлом ва бар­камол этиб тарбиялаш йўли­да хизмат қилмоқда. Зеро, соғ­лом авлодни вояга етказиш ҳар бир ота-она, устоз ва мураббий, жамиятнинг ҳар бир аъзосининг нафақат ўз оиласи, балки Ватани олдидаги бурчидир.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.