15.06.2013

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Халқимиз шу йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик тўйини катта тантана, шоду хуррамлик билан кенг нишонлайди.

Биз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини марказда ва жойларда ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолган.

Ҳақиқатан ҳам, умуммиллий байрамимиз бўлган бу қутлуғ сана ҳақида сўз борар экан, ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни холисона сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларга аввало қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришганимизни яна ва яна бир бор кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиийдир.

Мустақиллик байрамининг йигирма икки йиллигини юксак савияда, муносиб тарзда нишонлаш мақсадида:

1. Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ва ҳудудий комиссиялар Мустақиллик байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган, “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

2. Дастурни тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ эканини, фақат мустақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, истиқлол юртимизда яшаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омили эканини кенг очиб бериш;

халқимиз ўтган даврда турли синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ўзининг мустаҳкам иродаси, қатъият ва матонати, истиқлол ғояларига садоқатини намоён этиб, жаҳон майдонида муносиб ҳурмат-эътибор қозонганини чуқур таҳлиллар орқали кўрсатиш;

Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – ўзбек моделининг мамлакатимиз учун ҳал қилувчи бир пайтда энг тўғри, энг оқилона йўл сифатида танланганини, ўтган йиллар давомида бу йўл юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятимиз ҳаётида синовдан ўтиб, амалда ҳар томонлама ўзини оқлагани ва бугунги кунда амалий натижасини бераётганини аҳоли ўртасида ўтказиладиган ташвиқот-тарғибот ишлари, жонли суҳбат ва мулоқотларнинг асосий йўналиши деб қабул қилиш;

мамлакатимизда мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб белгилаб олинган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган, одамларимиз қалбидаги эзгу орзу-интилишларни яққол ифода этган олижаноб даъват халқимизни ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида сафарбар этгани, юртдошларимизнинг юрагига чуқур кириб боргани истиқлол йилларида эришган барча ютуқларимизнинг ҳаётбахш манбаи бўлиб келаётганига алоҳида эътибор қаратиш;

мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида, мамлакатимиз кескин ижтимоий муаммолар гирдобида қолиб кетган таҳликали бир пайтда мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар моҳиятини теран акс эттириш. Жумладан, ғоят оғир айни ўша шароитда аҳолига қўшимча томорқа ерлари ажратиш ҳақидаги фармон ва қарорлар қабул қилингани, шу асосда Ўзбекистон бўйича 2,5 миллион оилага ҳаммаси бўлиб 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида хусусий мулк қилиб берилгани қишлоқларимизда ижтимоий муаммоларни ечиш, айтиш мумкинки, жар ёқасида турган юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишда улкан тарихий қадам бўлганини чуқур очиб бериш. Ана шундай ўзгаришлар туфайли одамлар дунёда адолат ва ҳақиқат борлигига, мустақиллик ҳар қайси оила, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо неъмат эканига чин дилдан ишонч ҳосил қилгани ва шу каби бошқа мисолларда мустақиллик деган буюк тарихий ҳодисанинг қадр-қиммати ва аҳамияти ҳақида фикр юритиш;

мустақиллигимизнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларини модернизация қилиш, илғор техника ва технологиялар билан қуроллантириш, энг замонавий корхоналарни барпо этиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини бугунги талаблар асосида ривожлантириш мақсадида амалга оширилган том маънодаги улкан ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг таҳлил қилиш;

истиқлол йилларида бой тарихимиз, бебаҳо меросимиз, дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тиклангани, истиқлол даври Ватанимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлганини ифода этиш;

юртимизда мустақил давлат барпо этиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт даражасига эришиш, Ўзбекистонимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни ўз олдимизга қўйиб, бу марраларнинг нақадар буюк ва масъулиятли эканини ўзимизга чуқур тасаввур қилган ҳолда, ана шундай юксак уфқлар сари дадил бораётганимизнинг энг асосий омил ва мезонларини кенг ёритиш. Бунда, аввало, ўз қадр-қимматини чуқур англаган, мустақил ва эркин фикрлайдиган, бетакрор миллий қадриятларимиз, бебаҳо маданий меросимизнинг муносиб ворислари бўлиш билан бирга, дунё илму фани ютуқларини пухта ўзлаштириб, замон билан ҳамоҳанг бўлиб яшашга, манаман деган давлатлардаги тенгдошлари билан бемалол беллашувга тайёр бўлган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласи истиқлол йилларида Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини акс эттириш. Қандай оғир бўлмасин, ана шу буюк мақсадни амалга ошириш учун барча куч-қудратимиз ва имкониятларимизни сафарбар этганимиз, шу йўлда аҳамиятини баҳолашнинг ўзи қийин бўлган ишларимизнинг амалий натижаларини кўрсатиш. Бугунги кунда бу ютуқлар ҳаётимизда, мамлакатимиз тараққиётида, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган барқарор ўсиш суръатларида яққол намоён бўлаётгани, камол топаётган фарзандларимиз ҳаётимизнинг асосий, ҳал қилувчи кучи сифатида майдонга чиқаётганини таъсирчан мисолларда ифода этиш.

Юқорида зикр этилган фикрларни бундан ўн олти йил аввал қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ва бошқа муҳим ижтимоий дастурлар таҳлили орқали мамлакатимиз ва дунё жамоатчилигига етказиш;

давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳоли, биринчи навбатда ёшларимизнинг жисмонан бақувват, маънавий жиҳатдан етук авлод бўлиб улғайишига берилаётган юксак эътиборнинг яққол тасдиғи сифатида мамлакатимизда давлат бюджети харажатлар қисмининг 60 фоизга яқини таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳалари ривожига йўналтирилаётгани дунё тажрибасида камдан-кам учрашини, Ўзбекистон айни шу соҳаларда жаҳонда етакчи ўринларни эгаллаб бораётгани нуфузли халқаро эксперт ва таҳлил марказлари томонидан эътироф этилаётганига алоҳида аҳамият қаратиш;

истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоиздан зиёдини ташкил этадиган хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, аёл зотини эъзозлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилган қарор ва дастурларнинг амалий натижаларини кўрсатиб бериш. Шулар қаторида оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун амалга оширилган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамияти, бу борадаги сиёсатнинг бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини тарғибот-ташвиқот ишларининг бош мавзуси сифатида белгилаш;

мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича махсус давлат дастурлари жорий этилаётгани, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида шаҳар шароитидан кам бўлмаган замонавий уй-жой массивлари комплекс барпо этилаётганини халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилган ишларнинг амалий намоёни сифатида қабул қилиш;

эришган барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, ишга, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгариб, дахлдорлик туйғуси, ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётгани, мухтасар айтганда, мустақил тараққиёт йўлида қандай юксак марраларга эришган бўлсак, уларнинг барчасининг негизида авваламбор одамларимизнинг ўсиб бораётган сиёсий, ҳуқуқий, маданий савияси ва ижтимоий фаоллиги мужассам эканини акс эттириш;

ҳозирги кунда бизнинг қандай шиддатли ва нотинч замонда яшаётганимизни инобатга олган ҳолда, тинч ва осойишта ҳаёт учун курашиш, керак бўлса, фидойилик кўрсатиб, доимо огоҳ, сезгир ва маънавий уйғоқ бўлиб яшаш, энг катта бойлигимиз бўлмиш юртимиздаги миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг маъно-мазмунини очиб бериш;

айни мана шундай ўта мураккаб ва таҳликали бир шароитда дунёнинг турли минтақалари, яқин ва узоқ ҳудудларида, ён-атрофимизда қарама-қаршилик ўчоқлари кучайиб, бир сўз билан айтганда, хавф-хатар тобора ўсиб бораётган бир вазиятда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган ташқи сиёсатини, унинг мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган стратегик устувор йўналишларини аниқ белгилаб олиш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиши табиийдир. Шу мақсадда 2012 йил сентябрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган асосий принциплар, яъни:

Ўзбекистоннинг турли ҳарбий сиёсий блоклардан узоқ бўлиши ҳақида;

ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлиши ва ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги ҳақида;

очиқ, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориши ҳақида аниқ-равшан баён этганини кенг оммага етказиш;

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётганини, ҳарбий хизматнинг ёшларимиз учун ҳақиқий мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига айлангани, халқ ва армия – бир тану бир жон эканини ҳаётий мисолларда кенг тарғиб этиш.

3. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида жонли мулоқот ва суҳбатлар, учрашувлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда:

Мустақиллик байрамининг йигирма икки йиллигини муносиб нишонлаш учун жойларда ҳудудий комиссиялар тузиш, республика дастурида белгилаб берилган асосий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш;

байрам муносабати билан халқимизга хос бўлган урф-одат ва анъаналарга муносиб равишда шаҳар ва қишлоқлар, маҳалла ва гузарлар, кўп қаватли уйлар атрофида ободонлаштириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилсин.

Мазкур режа ва дастурлардан ўрин олган тадбирларни расмиятчилик ва баландпарвозлик ҳолатларига йўл қўймасдан, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган халқчил ва таъсирчан руҳда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

5. Республика комиссияси ўз йиғилишларида дастурда белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

7. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқлар, мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ўтказсин. Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин.

8. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан биргаликда август ойининг охирида мамлакатимиз мустақиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловининг якуний босқичини ўтказсин.

9. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва Бастакорлар уюшмаси билан биргаликда ёш ижрочилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини август ойининг биринчи ярмида юқори даражада ташкил этсин.

10. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, хўжаликлар, жамғармалар ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

11. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов

Тошкент шаҳри, 2013 йил 12 июнь.



DB query error.
Please try later.