15.06.2013

МУШТАРАК ОЛИЖАНОБ МАҚСАДЛАР – МУСТАҲКАМ ДЎСТЛИК АСОСИ

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 13 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни Кўксаройда бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Қозоғистон Республикаси Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Икки давлат раҳбарлари тор доирадаги музокараларда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим масалаларини, минтақадаги ва халқаро майдондаги бугунги ҳолатни атрофлича муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг кўриб чиқилган икки ва кўп томонлама хусусиятга эга деярли барча масалалар бўйича позиция ва ёндашувлари ўхшаш ва яқин экани таъкидланди.

Томонлар мамлакатларимиз ўртасида олий даражадаги давлатлараро мулоқотлар қарор топганини ҳамда давлатларимизнинг миллий манфаатларини ва бугунги давр талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни ҳар томонлама янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш борасидаги интилишлари муштарак эканини таъкидладилар.

Қатъий сиёсий ирода, яқин ҳамжиҳатлик, мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ҳамда конструктив ҳамкорлик борасида тўпланган катта тажриба натижасида бугун узоқ муддатга мўлжалланган кенг кўламли самарали ҳамкорлик учун барча зарур шароитлар ва асослар яратилган.

Ўзбекистонда Қозоғистонга вақт синовидан ўтган ишончли қўшни сифатида қаралади. Қозоғистон ҳам мамлакатимизга ана шундай нуқтаи назар билан қарайди.

Ўзбек ва қозоқ халқларини кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарих ва тақдир, маънавий ва маданий қадриятлар, ўхшаш тил ва менталитет бирлаштириб туради. Таъкидланганидек, халқларимизнинг умумий тарихий меросини, шунингдек, уларнинг бугуни ва келажагини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Биз ҳар доим ўзаро яқин бўлганмиз ва ҳамиша бир-биримизга суянамиз.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш нафақат ўзаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболлари, айни вақтда бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва равнақини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилар эканлар, Ўзбекистон ва Қозоғистон Афғонистондаги вазият тезроқ изга тушишидан манфаатдор эканини таъкидладилар ҳамда давлатларимизнинг ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашга қўшаётган ҳиссасини ижобий баҳоладилар.

Томонлар минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида алоқаларни янада фаоллаштириш ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда минтақавий ва халқаро даражада тараққиётнинг янги йўналишлари учун замин яратади. Шу маънода Ўзбекистон ва Қозоғистон бундан буён ҳам БМТ, МДҲ, ШҲТ каби кўп томонлама тузилмалар доирасида бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёр.

Учрашув чоғида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасидаги муносабатларга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга халқларимизнинг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда биргаликда ҳар икки томон учун мақбул ечим топиш мақсадида олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон мулоқотини давом эттиришга келишиб олинди.

Президентлар терроризм, наркотрафик, диний экстремизм, сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим эканлигини таъкидладилар.

Томонлар Ўрта Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизими масалаларида ягона позицияни тасдиқладилар. Мазкур позиция минтақадаги барча сув-энергетика муаммоларини фақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини албатта ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш зарурлигига асосланади. Дарёларнинг юқори қисмида қурилиши режалаштирилаётган ҳар қандай гидротехник иншоотлар БМТ шафелигида халқаро мустақил экспертизадан ўтказилиши шарт ҳамда Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар билан ўзаро келишиб олиниши лозим.

Президентлар музокарани икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирдилар.

Кенгайтирилган таркибдаги музокараларда асосий эътибор савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларга қаратилди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан бири бўлиб, ўзаро савдо изчил ва барқарор ўсиб бормоқда. 2012 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 9,6 фоиз ошди ва 2 миллиард 752 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. 2013 йилнинг январь-апрель ойларида эса ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоиз ўсди ва 920,4 миллион долларга етди.

Транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларидир. Бу борада юкларни транзит қилиш ва етказиб беришни ташкил этишда тариф ва нотариф преференциялар бериш ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари ҳисобланади. 2012 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилинган юклари ҳажми 1474,6 минг тоннани, Қозоғистоннинг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилинган юклари ҳажми 3142,9 минг тоннани ташкил қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида Қозоғистон капитали иштирокида тузилган 177 корхона, шу жумладан 149 қўшма корхона ва 28 тўлиқ чет эл капитали иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида ташкил этилган 125 корхона рўйхатга олинган. Вазирлик томонидан Қозоғистоннинг қатор йирик фирма ва компанияларининг ваколатхоналари аккредитация қилинган.

Давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг бугунги динамикасини сақлаб қолиш ва уни янада кўпайтириш мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилади. Музокараларда таъкидланганидек, мувозанатлашган тизим асосида ҳамда икки мамлакат миллий ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг ўзаро эҳтиёж мавжуд бўлган товар гуруҳларини синчковлик билан аниқлаш орқали ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш мумкин. Мисол учун, Ўзбекистондан Қозоғистонга енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалик техникаси, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, электротехника ва енгил саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ойна, полиэтилен ва Қозоғистон бозорида талаб бўлган бошқа товарларни экспорт қилиш бўйича ишга солинмаган катта захиралар мавжуд. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қозоғистондан мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, миллий иқтисодиётимиз эҳтиёжлари учун зарур бўлган, жумладан, металлпрокат, темир қотишмаси, ёғоч ва тахта каби маҳсулотларни импорт қилиши мумкин.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятини янада такомиллаштиришдан манфаатдор. Бу узоқ муддатли кооперация тамойиллари асосида ўзаро манфаатли сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, транспорт, транспорт коммуникациялари ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, “Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” газ қувури орқали табиий газни транспортировка қилиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш имконини беради.

Президентлар маънавий яқинлик ва кўп асрлик анъанавий муносабатларга асосланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама этдилар.

Икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасида ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, ўқув-методик материаллар алмашиш борасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, 2006 йилда Хоразм Маъмун академияси билан Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Р.Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган.

Мамлакатларимиз маданият ва санъат соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мисол учун, ўзбекистонлик халқ усталари Олмаота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё ҳунармандлари кўргазма-ярмаркасида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Остона, Олмаота ва бошқа шаҳарлардаги бадиий галереялар ва музейларда машҳур ўзбек рассомларининг кўргазмалари намойиш қилинмоқда. Ўзбекистон мусиқа ва театр жамоаларининг Қозоғистонга гастроллари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон кинематографчилари ўз фильмлари билан Қозоғистонда ўтказилаётган кинофестивалларда иштирок этмоқда.

Қозоғистонлик санъаткорлар Самарқандда ўтадиган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалининг ҳамда мамлакатимизда ташкил қилинадиган бошқа кўплаб йирик маданий тадбирларнинг доимий ва фаол қатнашчиларидир.

Ўзбекистонда юздан ортиқ қозоқ миллий-фольклор ва эстрада ансамбллари фаолият кўрсатаётир. Жумладан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида “Дўмбира” қозоқ ансамбли, Бўстонлиқ туманида “Дорин” ансамбли мавжуд. Тошкент вилоятида фольклор-ашула, Хоразм вилоятида ашула ва рақс ансамбллари ташкил этилган.

Музокараларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Томонлар мусиқали ва драма театрлари, бадиий ва ижодий жамоалар ҳамда яккахон ижрочиларнинг ўзаро гастролларини, спорт ва жисмоний тарбия соҳасида тажриба ва мутахассислар алмашишни, миллий спорт турларини ривожлантириш, икки давлат ташкил қиладиган халқаро турнирларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаш ишларини, маданият, фан ва санъат соҳасидаги таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари алмашинувини фаол давом эттиришга келишиб олдилар.

Музокаралар якунлари бўйича Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Шунингдек, икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ва божхона хизматлари ҳамкорлигига доир ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги ўртасида маданият соҳасида 2013-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-сиёсий ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий принциплари ва устувор йўналишлари мустаҳкамланган. Шунингдек, Марказий Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизимини ривожлантириш борасидаги ўзаро келишилган ягона позиция тасдиқланган.

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мазкур ташриф ўзбек ва қозоқ халқларининг кўп асрлик тарихий, маданий ва маънавий яқинлигини, мамлакатларимизнинг юксак даражадаги ўзаро ишончи ва ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор тасдиқлаганини ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиққанини таъкидладилар.

Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасининг янги биноси ва қозоқ адабиётининг буюк намояндаси Абай Қўнонбоев ҳайкалининг очилиши Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифининг ёрқин воқеаси бўлди.

Маросимда икки давлат раҳбарлари бир неча йил аввал Тошкент шаҳрининг тарихий марказида, қозоқ адабиёти асосчиси номи билан аталувчи кўчада Қозоғистон элчихонасининг янги биносини барпо этиш бўйича келишувга эришилганини таъкидладилар. Президентларнинг ушбу ғояси ҳаётда ўз амалий ифодасини топгани мазкур масканга янги қиёфа бахш этиб, пойтахтимиз ҳуснига-ҳусн қўшди. Тошкент шаҳри яна бир ноёб меъморий иншоот билан бойиди.

Абай Қўнонбоев ҳайкали ўзбек ва қозоқ халқлари муштарак қадриятларининг яна бир ёрқин тимсолига айланди. Ўзбекистонда ўз даврида ҳаётда инсоннинг муқаддас бурчларидан бири – бу чин дўст орттиришдир, деб ёзган мутафаккирнинг буюк мероси кириб бормаган хонадонни топиш мушкул.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳамкорлигининг ривожланиш суръатларини кузатар эканмиз, мамлакатларимиз ўртасида қарор топган самимий дўстлик муносабатлари мисолида буюк Абайнинг мазкур даъвати ижобатининг ифодасини яққол кўришимиз мумкин.

Ҳамиша эзгу ва олижаноб мақсадлар сари интилиб яшайдиган халқларни Яратганнинг ўзи қўллаб, орзу ва умидлари ижобат бўлишида мададкор бўлади. Бунга азим пойтахтимизда ўзбек ва қозоқ халқлари азалий дўстлигининг гўзал тимсоли сифатида қад ростлаган Қозоғистон элчихонасининг янги биноси ва Абай ҳайкали очилишига бағишланган маросим чоғида қут-барака ва фаровонлик рамзи – ёмғир ёққани ҳам бир ишорадир.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Маърифат маркази”га ташриф буюрдилар. Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жой олган ушбу замонавий муҳташам бино йирик халқаро анжуманлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш борасида жаҳон андозаларига тўла мос келади. Бу муаззам бино атрофидаги ландшафт дизайни унга алоҳида кўрк бахш этиб турибди. Қозоғистон Президенти мажмуанинг миллий меъморлик анъаналари ва замонавий архитектура усулларини ўзида мужассам этган меъморий ечими ва дизайнига юксак баҳо берди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга расмий ташрифи ана шундай кўтаринки руҳда ниҳоясига етди. Ушбу ташриф самимий дўстлик ва узоқ муддатга мўлжалланган ўзаро манфаатли муносабатлар ривожидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги давлатлараро мулоқот ҳар доим фаол бўлган ва мунтазамлик касб этган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.