13.06.2013

ПАРЛАМЕНТ ИСЛОҲОТИ

янада чуқурлашиб, қонун ижодкорлиги жараёни такомиллашмоқда

Мамлакатда олиб борилаётган барча ислоҳотлар қонун ижодкорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу муносабат билан Ўзбекистонда парламент институти тобора такомиллаштириб борилмоқда. 2005 йилда икки палатали парламент шаклланиши билан жамиятни янада эркинлаштириш, ўз электоратига эга, жа­миятнинг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий партиялар ўрни бўйича пойдевор яра­тилди.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Эътироф этиш лозимки, 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қи­лишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг функцияларини амалга оширишда сиёсий партиялар фракциялари ролини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу Конс­титуциявий қонун билан жорий қилинган ҳуқуқий механизм туфайли сиёсий партия­лар фракциялари фаолияти янада ривожланди, фракциялараро соғлом рақобат кучайди, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштиришда уларнинг иштироки, таъсири сезиларли равишда ошди.

Ўзбекистонда парламент ислоҳотлари ҳақида сўз борар экан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган асосий ғоялар, унда белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш билан бу борада ўзига хос янги давр бошланганини таъкидлаш жоиз.

Мазкур Концепцияда илгари сурилган ғояларга мувофиқ, 2011 йилда Конституция­мизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, келгусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўз­гартиш ва қўшимчалар ки­ритиш ҳақида»ги Қонун ҳам Концепция ғояси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, парламент қо­нун ижодкорлиги фаолияти ва бу жараёнда сиё­сий партиялар фракциялари ролини оширишга хизмат қилади.

Парламент ислоҳотидан кўз­ланган асосий мақсад ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашда парламентнинг ўрнини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги сифатини жиддий равишда ошириш, бу жараёнда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини, сиёсий партиялар фракциялари иштирокини янада кучайтиришга қаратилган.

Қонунчилик палатасининг Регламентига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Қонунчилик палатасига кирити­лаётган қонунлар лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш, бунга масъул қўмитани белгилаш, уларни муҳокамага тайёрлаш ва муҳокаманинг барча босқичларида сиёсий партиялар фракциялари (депутатлик гуруҳлари) иштирокини бел­гилаб берувчи ҳуқу­қий меъёрлар

янада такомиллашди.

Шу орқали Қонунчилик палатаси томонидан қонунлар лойиҳаларини муҳокама этиш ва қабул қилишнинг амалдаги тартиби демократлашиб, қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлик гуруҳининг) иштирокини таъминловчи аниқ процессуал механизм яратилди.

Аввало, Қонунчилик палатасига киритиладиган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, қонунлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш, муҳокама қилишнинг барча босқичларида кузатиб боришни ташкил этувчи Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.

Бундай механизм жорий этилиши мазмун-моҳиятига кўра янги институт бўлиб, дунё парламентлари амалиётида деярли учрамайди. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари палата Девони ҳодимларидан ташкил топади ва ўз фаолиятини Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан қабул қилинадиган Низом асосида юритади. Энг асосийси, палатага киритилган қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этишда мустақил иш олиб боради. Сиёсий қарашларга эга бўлган гуруҳлардан ташкил топган, сиёсийлашган институтда сиёсий кучлар таъсиридан ҳоли бўлган алоҳида Мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолият кўрсатиши сиёсий партиялар манфаатлари мувозанатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Қонунчилик палатаси Кенгаши ўз мажлисида Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини кўриб чиқади ва мутлақ демократик принципларга таянган холда очиқ, ошкора тарз­да қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқадиган масъул қўмитани белгилайди. Эътиборлиси, қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чи­қиш учун бир вақтнинг ўзида масъул қўмитага ва фракцияларга (депутатлар гуруҳлари) юборилади. Бу шунчаки расмиятчилик учун эмас. Масъул қўмита қонун лойиҳаси юзасидан фракциялар (депутатлар гуруҳлари)нинг фикрлари ва таклифларини олмасдан туриб қонун лойиҳаси бўйича ўз хулосасини чиқара олмайди.

Сиёсий партиялар фракция­лари эса қонунлар лойиҳалари устида унинг дастлабки босқичидаёқ иш олиб бориш, сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқадиган позициясини қонунларда акс эттириш бўйича янада мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди.

Шунингдек, қўмита томонидан қонун лойиҳаси бўйича масъул этиб белгиланган маърузачи Қонунчилик палатаси мажлисида қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий пар­тиялар фракциялари (депутатлик гуруҳлари) билдирган фикр ва таклифларни депутатлар эътиборига мажбурий тартибда етказиб беради. Фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг қонунлар лойиҳалари юзасидан билдирган фикр ва таклифлари муҳокамалар чоғида албатта ҳисобга олинади.

Агар парламент очиқ ва ошкора ишлайдиган орган экани, бу ерда бўлаётган муҳокамалар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказилишини инобатга олсак, бундай қоида амал қилиши сиёсий партиялар фракциялари қонун ижодкорлиги жараёнига қанчалик даражада масъулият билан ёндашаётганини халқимиз бевосита кузатиши имконини беради.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида сиёсий партиялар ўрни ва таъсирини янада оширишга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.