13.06.2013

ЎЗБЕКИСТОН — ҚОЗОҒИСТОН:

яхши қўшничилик муносабатларининг кўлами кенгаймоқда

13 июнь куни Қозоғистон Республикаси ­Президентининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи бошланади.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари 1992 йил 23 ноябрда ўрнатилган эди. Ўтган йили мамлакатларимиз бу муҳим сананинг 20 йиллигини нишонлади.

Мустақил ривожланиш йиллари давомида икки давлат раҳбарлари 14 маротаба ўзаро ташрифларни амалга оширдилар. Бундан ташқари, ҳар икки мамлакат етакчилари турли минтақавий ва халқаро анжуманлар, олий даражадаги кўп томонлама учрашувлар чоғида тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил сентябрида ­Остонага буюрган расмий ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларининг ривожланиши, Марказий Осиё ва унинг атрофидаги вазият, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб халқаро муаммолар билан боғлиқ муҳим масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Остонада бўлиб ўтган учрашув вақт синовидан шериклар сифатида икки томонлама ва кўп томонлама аҳамиятга молик барча масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг нуқтаи назарлари ўхшаш ёки яқин эканлигини яна бир бор намойиш қилди. Остона учрашуви якунлари бўйича имзоланган Қўшма баёнотда ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш юзасидан томонларнинг бирдек интилишлари таъкидланади.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериклари қа­торидан жой олган бўлиб, ўз­аро савдо-сотиқ алоқалари жўшқин ва барқарор ўсувчанлик билан изоҳланади. 2012 йил якунлари бўйича икки томонлама савдо кўрсаткичлари қарийб 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ҳо­зирги пайтда мамлакатимиз ҳудудида қозоғистонлик сармоядорлар иштирокида ташкил топган 180 тага яқин корхона фаолият кўрсатаётир. Улар машинасозлик, металл­га ишлов бериш, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш ва бош­қа соҳаларни қамраб олган. Ўз навбатида, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги 120 тадан зиёд корхона рўйхатдан ўтган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон — умумий кўҳна тарихга, ягона эътиқод, муштарак анъана, урф-одат ва менталитетга эга бўл­ган қардош халқлар истиқомат қиладиган давлатлардир. Шу боис маданий-гуманитар ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги дўс­тона муносабатларнинг мустаҳ­камланишида муҳим аҳамият касб этади.

Статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 810 мингдан ортиқ қозоқ, Қозоғистонда эса салкам 460 мингдан зиёд ўзбек миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилмоқда. Мамлакатимизда қозоқ тилида таълим бериладиган 417 та мактаб, қардош қўшни давлатда эса таҳсил ўзбек тилида олиб бориладиган 175 та мактаб фаолият кўрсатаётир.

Ўзбекистонда қозоқ театрлари ва миллий-фольклор ансамбллари ижодий фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида Қозоқ адабиёти кенгаши фаолият юритаётир, қардош халқ тилида «Нурлы жол» газетаси чоп этилаётгани баробарида Миллий телерадиокомпаниянинг каналларида махсус кўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Қорақалпоғистон Давлат университети ва Тошкент Давлат педагогика университетида қозоқ тили ва адабиёти кафедралари ташкил этилган бўлиб, Ангрен, Гулистон, Жиззах, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги педагогика олий ўқув юртларида эса бир нечта фанлардан қозоқ тилида дарс берилиши йўлга қўйилган.

Ўз навбатида, Остона, Алмати ва Қозоғистоннинг бошқа тўққизта минтақасида ўзбек маданияти марказлари очилган. Улар томонидан ҳар йили «Ўзбек халқининг тили, маданияти ва урф-одатлари куни» тадбири ўтказилади. Она тилидаги даврий нашрлар ҳамда махсус радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар Қозоғистон ўзбекларининг миллий анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Икки мамлакат халқлари ўртасида бир-бирини тушуниш ҳам­да ўзаро ишончга асосланган тарихий дўстлик ва қардошлик ришталари минтақамиздаги бар­қарорлик ва тинчликнинг сақланишига кўмаклашмоқда.

Қозоғистон Республикаси Пре­зиденти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистон Республикасига буюражак расмий ташрифи икки дўст мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун янги имкониятларни яратади.

«Жаҳон» АА


DB query error.
Please try later.