13.06.2013

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ишлашни талаб этади

Жиззах вилоят партия кенгашида Президентимизнинг 2013 йилнинг 18 мартдаги «Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга, муносиб ҳисса қўшишга қаратилган семинар ўтказилди.

Ундан кўзланган мақсад вилоятда хомашё ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳининг аниқ таклифларига асосланган ҳаракат дастури ишлаб чиқишдан иборат. Мазкур дастурда иш ўринлари яратиш, демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолининг ўз ишини очиш ташаббусларини рағбатлантириш билан боғлиқ вазифалар кўзда тутилмоқда.

Семинарда шаҳар, туман партия кенгашлари раислари, депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари мазкур масалани ҳар томонлама муҳокама этишди.

Жиззах вилоятида имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ор­қали саноатни, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш натижасида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиши юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга эришиш муҳим аҳамиятга эга.

Бунда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, минтақаларни ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шу асосда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи орқали сессиялар кун тартибига масалалар киритиш зарурлиги таъкидланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Акром Иномов олдинда турган вазифаларни бажаришда депутатлик гуруҳла­рининг ўрни, масъулияти ҳақида сўз юритган бўлса, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқар­маси бўлим бошлиғи Бекпўлат Сувонқулов, «Микрокредитбанк» вилоят бошқармаси бош мутахассиси Сардорбек Мелибоев янги иш ўринлари ташкил этиш масалаларида олиб борилаётган ҳамкорликни ривожлантириш йў­налишлари ҳақида фикр­ларини билдиришди.

Семинарда, шунингдек, депутатлик гуруҳлари фаолияти таҳлил қилинди.

Ҳаракат дастурининг ижроси бўйича Жиззах шаҳар, Ғалла­орол, Мирзачўл, Янгиобод ва Зафаробод туман партия кенгашлари, депутатлик гуруҳлари амалга оширган ишлар алоҳида тилга олинди. Хусусан, Жиззах шаҳрида кўп қаватли уйларни иссиқ сув билан таъминлаш, аҳоли ўрта­сида йод танқислигининг олдини олиш, сервис хизмати кўрсатишни такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш ва бандликка кўмаклашишга доир масалалар халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари ҳамда сессиялари муҳокамасига киритилди.

Бу йил вилоятда 15 минг нафарга яқин йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини битираяпти. Улар билан тузилган уч томонлама шартномалар қай даражада бажарилаяпти? Шу савол маҳаллий партия кенгашла­ри, депутатлик гуруҳлари, бошланғич ташкилотлар, фаолларни ўйлантириши, ҳаракатга ундаши зарур, албатта.

Шундан келиб чиқиб, семинарда Ҳаракат дастури ижросини ўз вақтида таъминлашга ҳар бир партия аъзоси, бошлан­ғич ташкилотлар, депутатлар катта масъулият билан ёндашиши талаб этилиши тўғрисида фикрлар билдирилди. Бу йўналишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик, партия кенгашлари ҳам­да депутатлик гуруҳларининг бир бўлиб, ҳамжиҳатликда иш олиб бориши кутилган самарани бериши таъкидланди.

— Бу ишда жамоатчилик назорати, маҳаллий Кенгаш депутатининг ўрни, партия ташкилотларининг вазифалари ҳақида семинар чоғида кўплаб фикрлар билдирилди, — дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Розиқов. — Депутат сифатида янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси масалаларига кўпроқ эътибор қаратишимиз, депутатлик ваколати ва имкониятларидан партиямиз Сайловолди дастури ва Ҳаракат дастурини бевосита амалга оширишда самарали фойдаланишимиз зарур.

Семинарда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлигини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.