11.06.2013

ФРАКЦИЯЛАРАРО РАҚОБАТ

мукаммал қонунлар яратилишига хизмат қилмоқда

Бугун мамлакатимиздаги ҳар бир сиёсий партиянинг парламентдаги фракцияси ўз фаолиятини кучайтиришга жиддий эътибор қаратмоқда.

Фракциялар қонун ижодкорлиги жараёнида амалий иштирок этишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамлангани сиё­сий партиялар ғояларини рўёбга чиқариш имкониятини жиддий равишда кенгайтирди.

Мазкур жараёнда фракция­лар фаоллигининг кескин оши­ши, улар ўртасида рақобат кучайишига шароит яратилиши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартишларнинг самарадорлиги тўғрисида Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоевнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Ҳар қандай қонуннинг мукаммаллигини белгилайдиган омиллардан энг муҳими, аввало, давлат ва жамият манфаат­лари ҳимоясини бирдек акс эттириши, шунингдек, турли ижтимоий қатламлар манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлашга хизмат қилишидир, — дейди у. — Қабул қилинаётган қонунлар мукаммал бўлиши учун сиёсий партиялар ўртаси­даги ғоялар кураши жиддий, про­фессионал ва амалий негиз­да олиб борилиши, фракциялар фаолияти тўғридан-тўғри пар­тияларнинг дастурий мақсадлари рўёбига қаратилиши, бир сўз билан айт­ганда, ҳар бир фракция ўзига хос ёндашув, позицияга эга бўлиши керак.

Шунинг учун мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган парламент ислоҳотларида бу ма­салалар ўзига хос ўрин тутмоқда.

Тажриба кўрсатмоқдаки, ўз электорати билан мустаҳкам ало­қа ўрнатган, эркин муносабат бил­диришга асосланган мулоқот муҳитини ярата олган сиёсий партиягина том маънода сиёсий кучга айланади. Чунки электорат манфаати ҳимоясига қаратилган ҳаётий фикр-мулоҳазаларга асосланган депутатлик корпуси муайян масала бўйича аниқ позицияга эга бўлади, уни қатъий ҳимоя қилади.

Демак, электорат билан эркин мулоқот муҳитини яратиш сиёсий партия фракцияси фаолияти кучайишига туртки беради, айни пайтда, фракция ташаббускорлигининг ошиши электорат манфаатлари қатъий ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу орқали кўппартиявийлик тизими кучайиши учун энг зарур бўлиб турган механизм фаол ишга тушади.

Шу маънода, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун билан амалга жорий қилинган меъёрлар фракциялар масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

— Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартишларнинг сиёсий партиялар фракцияларини фаол ишлашга ундовчи хусусиятлари нимада, деб ўйлайсиз?

— Аввало, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар парламент ислоҳотларининг узвий давоми эканини айтиб ўтишни истардим. Улар иккита энг муҳим масалани ҳал этишга қаратилган.

Аввало, Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичлари янада демократлашди. Иккинчидан, ҳар бир қонун лойиҳаси муҳокамасида фракциялар сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб фаол иштирок этишининг яна бир муҳим механизми яратилди. Бу эса фракциялараро рақобат кучайишини таъминлайди. Муҳими, шу орқали қабул қилинаётган қонунлар ҳар томонлама пишиқ-пухта бўлади.

Энди қонун лойиҳаси фракцияларнинг фикрлари ва таклифларисиз кўриб чиқилмайди, бу фикр ва таклифлар мажбурий тартибда ҳисобга олинади.

Кўриниб турибдики, қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичида фракцияларнинг роли янада кучайди, сиёсий партияларнинг ўз дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қонун ижодкорлиги жараёнига таъсир этиш имконияти янада кенгайди.

Бу сиёсий партия ва унинг фракциясига давлат ва жамиятни демократлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш масъулиятини янада кучайтирди. Фракциямиз мана шундай қизғин жараёнда партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга оширишга, электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлашга мунтазам ҳаракат қилади.

— Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Юқоридаги ўзгартишлардан келиб чиқиб, фракция фаолиятини кучайтириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Фракциямиз мажлисларида Қонунчилик палатасига киритилган ҳар бир қонун ҳужжати (қонунлар, Қонунчилик палатаси қарорлари, Давлат бюджети лойиҳалари ва бошқалар)ни муҳокама қилиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Қонунчилик палатасига киритилган қонун ҳужжатларини фракция мажлисида муҳокама қилишдан олдин партиямиз Марказий Кенгаши ёрдамида жойларда аҳоли ва электорат вакиллари орасида тегишли масалаларни кенг ўрганиш амалиёти жорий қилинди. Партиямиз маҳаллий кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар, билдирилаётган фикр-мулоҳазалар диққат марказимизда турибди. Ўзбекистон ХДП электоратини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни чуқур ўрганиш, уларни таҳлил қилиш, натижаларни умумлаштирган ҳолда қонун ижодкорлиги бўйича таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур таклифлардан қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси жараёнида кенг фойдаланилмоқда.

Шунингдек, фракциямизда кўриб чиқилаётган тегишли қонун ҳужжатлари жойларда маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз депутатлик гуруҳлари, фаоллар ва электорат вакиллари иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказилмоқда. Яъни, фракция қонунлар лойиҳалари бўйича таклифлар олиши бўйича тизим янада ривожланди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси мажлисларига партия экспертлари, олим ва мутахассисларни кенг жалб этиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу қонун лойиҳаларини партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш, бу борада хилма-хил фикр ва таклифлар олиш имконини бераяпти.

— Шундай муҳокамаларда билдирилаётган турли фикр ва таклифлар қонун лойиҳалари бўйича фракция позициясини шакллантиришда асқотаяптими? Бунга аниқ мисол келтира оласизми?

— Марҳамат. Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳаларини фракциямиз биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Мазкур қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда такомиллаштириш ҳамда шу жараёнда электорат манфаатларини тўлиқ акс эттириш мақсадида партиямиз Марказий Кенгаши ҳамкорлигида деярли барча вилоятларда давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил қилинди. Ушбу тадбирларда партиямиз электорати билдирган барча таклифлар фракциямиз ишчи гуруҳи томонидан умумлаштирилиб, таҳлил қилинди.

Шундан сўнг қонун лойиҳалари фракция мажлисларида тегишли экс­пертлар, олим ва мутахасислар иштирокида яна муҳокама этилди. Пар­тия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, фракция таклифлари шакллантирилди.

Бунинг самараси ўлароқ «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги муқобил таҳрири, шунингдек, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига фракциямиз таклифлари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмитасига тақдим этилди.

Ана шу таклифлар маъсул қўмита томонидан мажбурий тартибда ҳисобга олинади ва ялпи мажлисда эълон қилинади. Уларнинг қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги сабаблари таҳлил қилинади. Шу жараёнда фракциямиз аъзолари ўз таклифларини қатъий ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Табиийки, бу Қонунчилик палатасида фракциялар ўртасидаги тортишувлар кучайишига, қонунлар сифати ошишига ва энг муҳими, аҳоли барча қатламларининг манфаатлари ҳар томонлама инобатга олинишига хизмат қилади.

— Фракциянинг келгусидаги вазифалари нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

— Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, албатта, барча сиёсий партия­лар, жумладан, Халқ демократик партияси фракцияси фаолиятини тан­қидий кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Фракциямиз аъзоларининг партиявий мансублигини ва фаоллигини кучайтиришга қаратилган ички ҳужжатларни ишлаб чиқиб, қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Яқинда ўтказилган партиямиз Марказий Кенгаши ва фракциямизнинг кенгайтирилган қўшма мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонундан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ХДПнинг тадбирлар режаси қабул қилинди.

Унда фракциямизнинг иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Ўзбекистон ХДП фракцияси тўғрисида» низом ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш назарда тутилди. Бугунги кунда мазкур Низом лойиҳасини тайёрлаш устида иш бошлаган ишчи гуруҳи фракциянинг фаолиятини янада ривожлантириш йўналишларини ўрганиб чиқмоқда. Сиёсий партиялар фракциялари фаолиятига доир барча қонун ҳужжатлари атрофлича таҳлил қилинаяпти. Бу жараёнда миллий қонунчилигимиз, ривожланган хорижий давлатлар сиёсий партияларининг парламентдаги фракциялари фаолиятини тартибга солишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фракциямиз фикрича, ҳозиргача Қонунчилик палатасида қабул қилинган барча ички меъёрий ҳужжатлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда инвентаризация қилиниши, қайтадан кўриб чиқилиши зарур.

Шу орқали фракциялар фаолиятига тўсқинлик қилувчи, ваколатларини чегараловчи ҳамда асосий йўналишдан чалғитувчи ортиқча юкламаларни аниқлаш, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор бериш керак, деб ҳисоблаймиз. Бу борада ҳам фракциямизнинг таклиф ва талабларини Қонунчилик палатасига ки­ритамиз.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.