Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.06.2013

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМАЛАРИДА

партия дастурий мақсадлари рўёби алоҳида эътиборда бўлди

7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда иккита қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Муҳокамалар чоғида бар­ча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбе­кистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари «Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғ­рисида»ги Ўз­бекистон Республикаси Қо­нунига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш ҳақи­да»ги Қонун та­лабла­ридан ке­либ чиққан ҳолда ўз муносаба­тини билдиришди.

«Одамнинг иммунитет тан­қислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасини муҳокама этиш чоғида одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқа­радиган ОИТС касаллиги ҳозирги вақтда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айлангани қайд этилди.

Таъкидландики, Ўзбекистонда ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. 1999 йил августда қабул қилинган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида»ги Қонун ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бир вақтда, халқаро тажрибани ҳар томонлама таҳлил қилиш ўтган давр мобайнида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш масаласига ёндашувлар кескин ўзгарганини кўрсатмоқда. Бу ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунни янада такомиллаштириш масаласини кун тартибига қўйди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш босқичма-бос­қич такомиллаштириш йўли билан амалга оширилаётга­нини алоҳида таъкидлашди.

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида шу соҳанинг ҳу­қуқий муносабатларини тартибга солишга доир муҳим нор­малар ўз аксини топган ва ОИВ инфекцияси тарқалишига қар­ши курашиш борасидаги давлат сиёсати белгиланган. ЎзХДП фракцияси аъзолари бу муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Масалан, тиббий текширувдан ўтиш тартиби алоҳида нормалар билан белгиланмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши бу йўналишда иш олиб бориш ва тадбирлар ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтиради, бунда Қонунда масъул шахс­ларнинг ваколатлари, ҳу­қуқлари ва мажбуриятлари янада аниқроқ белгилаб қў­йилади.

Қонун лойиҳасида ушбу соҳадаги давлат сиёсати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Тегишли ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида қонунчилик даражасида жавобгарлик соҳасининг бундай аниқ фарқлаб қўйилиши ушбу соҳада давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда самарадорликни ошириш имконини беради.

Шунингдек, мажлисда нефть қувурларига, газ қу­вурларига рухсатсиз уланиш йўли билан ўғирлик содир этганлик, уларга шикаст етказганлик ва уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жавобгарлик, шу жумладан жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Нефть ва газ маҳсулотлари мамлакатимизнинг стратегик муҳим ресурслари ҳисобланади. Қувурларга рухсатсиз уланиш йўли билан уларни талон-торож қилиш эса давлатнинг иқтисодий салоҳияти, аҳоли саломатлиги ва табиий муҳитга таҳдид солади.

ЎзХДП фракцияси аъзолари таъкидлашича, қувурлардан нефть ва газ маҳсулотларини ўғирлашнинг яна бир жиҳати шундан иборатки, бундай жиноятлар кўп ҳолларда бир гу­руҳ шахслар томонидан содир этилади, чунки улар ўғирланган маҳсулотни сотиш бўйича яхши йўлга қўйилган чакана савдо тармоғига эга. Шу билан бир вақтда, қайта ишланмаган газ конденсатини ёки нефтни талон-торож қилиш уш­бу маҳсулотлар таркибида мав­жуд бўлган зарарли моддаларни аҳоли орасида автомобиль ёқилғисининг ўрнини босувчи маҳсулот сифатида тарқатиш манбаига айла­нади. Боз устига, талабга жа­воб бермайдиган, сифати паст ёқилғи истеъ­молчиларнинг манфаатларига ҳам катта зарар келтиради.

Шу муносабат билан, қувурлардан маҳсулотларни талон-торож қилишга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи жиноий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Жиноятларнинг ижтимоий жиҳатдан юқори даражада хавфли эканлигини ҳи­собга олган ҳолда қонун лойи­ҳаси нормаларида жиноий ва маъмурий жавобгарлик санкцияларини кучайтириш назарда тутилган. Бунда мазкур жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирибгина қолмай, балки қу­вурлар устидан назорат қи­лишнинг энг самарали чора-тадбирларини ташкил этиш борасида чоралар кўриш мақсадга мувофиқдир.

Шуни таъкидлаш керакки, қонун лойиҳасида электр ва иссиқлик энергиясидан, табиий газдан ноқонуний (ҳисобсиз) фойдаланиш мақсадида электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларини қасддан бузиш ёки ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан шикаст етказганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Кун тартибидаги қонунлар лойиҳалари юзасидан ўз фикр ва таклифлари, нуқтаи назарини Ўзбекистон ХДП фракцияси қатъият билан ҳимоя қилди.

Умуман, депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қў­йилган вазифаларни амалда бажариш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Олий Мажлис  Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати маълумоти асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.